«Хоним, ёшингиз нечада?..» Доимо яшариб юриш сирлари

14:42, 14 октябрь

Аслида, неча ёшдалигимиз эмас, яшариб-яшнаб юришимиз ҳаммасидан муҳим! Бу, табиийки, юздаги ажинлару сочдаги оқ толаларгагина эмас, балки хатти-ҳаракатларимиз, ўзимизни тутишимиз, муомала маданиятимизга ҳам боғлиқ. Зеро, биргина имо-ишора билан ўн ёшга яшариш мумкин ёки... қартайиш...

 

Муомала ҳам санъат!

Ёш қизалоқлар бир гапириб, ўн куладилар. Уларга гап “отиш” ҳам, улар билан ҳазиллашиш ҳам осон. Буни қарама-қарши жинс вакиллари дарров англашади. Каттароқ аёллар эса (қанчалик ёш кўринишмасин) биргина кўз қарашлари билан асл ёшларини «сотиб» қўйишади. Ёш катталашгани сайин аёл киши камроқ уялади, қизаради ва кўзларини олиб қочади. Гап “отган”ларни эса бир сўз билан жойига “ўтқазиб” қўя билади. Бу ҳаммаси эркакча жинсий гормонлар таъсири. Чунки йиллар ўтгани сайин организмда уларнинг миқдори бирмунча ортади. Ташқаридан қараганда, бунинг ёмон томони йўқ, аммо муомалада бу ўзини кўрсатиб қўяди: аёлда қатъият, шафқатсизлик, тўғрисўзлик хислатлари тобора кўпроқ намоён бўла бошлайди. Бу хусусиятни ўзгартиришнинг кераги йўқ, чунки у аёлга янги имкониятлар дарвозасини очади (масалан, карьера борасида). Аммо зарур ўринларда буни бироз жиловлаб, мулойимлик, хуш муомала ва ширинсўзлик хислатларини ҳам намоён этиб туриш лозим.

 

Қадам ташлаш қоидалари

Йиллар ўтгани сайин зиммамиздаги вазифалар юки тобора орта боради ва бу хатти-ҳаракатларимиз, хусусан, юриш-туришимизга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Яъни аёл аввалгига нисбатан оғирроқ, секинроқ қадам ташлайдиган бўлиб қолади. Кўпчилик эркаклар бизнинг қандай одимлаётганимизга қараб, ёшимизни аниқлар экан. Демак, елкаларимизни тўғри тутиб, даҳанни бироз кўтариб, оҳиста ва енгил қадам ташлашимиз керак. Чиройли юришни ўрганиш учун қуйидаги машқларни бажариш лозим: 1. Деворга орқамизни қапиштириб турамиз (3 дақиқагача) ва у ёқдан бу ёққа шу ҳолатни сақлаб қолган ҳолда юришга ҳаракат қиламиз. 2. Бошга китоб қўйиб олиб, юришни ўрганамиз (1 дақиқадан 10 дақиқагача). 3. Оёқ учида юрамиз (10-15 дақиқа).

 

Нутқдаги ўзгаришлар

Ёш улғайгани сайин, аввало, овоз, қолаверса, нутқ ўзгаради. Инсон ёши қанчалик катта бўлса, шунчалик секин, сўз ва гаплар орасида кўпроқ тин олиб гапирадиган бўлади. Атрофдагилар буни ҳис этадилар. Ҳатто қандай кулишимиз ҳам ёшимизни ошкор қилар, ёши катталарнинг кулгуси чуқурроқ, яъни кўкракдан чиқаётган овоз жўрлигида бўлар экан. Бироқ мутахассислар огоҳлантирадилар: овозни ёшартираман, деб атайлаб ёшга хос бўлмаган диапазонда сўзлаш ва кулишга уриниш хавфли. Чунки бунда овоз пайчаларига ҳаддан зиёд кўп оғирлик тушади, натижада, товуш хириллаб қолиши мумкин. Овозни авайлаш, у ҳақда ёшликданоқ қайғуриш керак (масалан, тамаки чекмаслик, тутун ҳидламаслик, қаттиқ бақирмаслик, стресс ва совуқдан ҳимояланиш лозим). Шунда овозингиз ёқимлилигича қолади.

 

Ташқи кўринишга эътибор

Аёллар ҳамма ёшда ҳам ташқи кўринишларига эътиборли бўладилар. Аммо ёш қизчалар кўпроқ кийим-кечак, аксессуарларга ўч бўлиб, вақти-вақти билан ўзларини ойнага солишади, кийимларини ёки сочтўғнағичларини тез-тез тўғрилаб туришади. Каттароқ ёшдаги аёл эса кўпроқ юзига эътибор беради: янги ажин пайдо бўлмадими, кўз ости салқимаганми, соч турмаги ярашиб турибдими – шу саволлар уни кўпроқ қизиқтиради. Қанчалик ёш кўринмасин, кўзгуга боққанида бармоқлари билан терисини силайди, даҳанини кўтариб бўйнига разм солади, пешанасига тушиб турган сочларини тўғрилайди. Бу хатти-ҳаракатлар аёлнинг ёшини ошкор қилиши, шубҳасиз. Шу сабабли ўзингизга ишонинг ва сизни «қаритувчи»  шундай одатларга берилиб кетманг.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!