ЎзХДП Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Хотамжон Абдураҳмонович Кетмонов номзодини тасдиқлади

16:07, 14 октябрь

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ деморатик партиясининг Х қурултойи бўлиб ўтди. Унда қурултой делегатлари, партия Марказий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Қурултойда ЎзХДПдан Ўзбекистон Республикси Президентлигига номзод ҳамда унинг сайловолди дастурини тасдиқлаш, мазкур сайловда партия ташкилотлари олдида турган вазифалар, ЎзХДП Уставига қўшимчалар киритиш сингари масалалар ўрин олди. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддаси мувофиқ сиёсий партиялар томонидан кўрсатилади. Шунга кўра, қурултойда ЎзХДПнинг VI пленумида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Хотамжон Абдураҳмонович Кетмонов номзоди тасдиқланди. 

Таъкидланганидек, номзоднинг сайловолди дастури партиянинг дастурий мақсадларига асосланган, хусусан, жамиятнинг барча аъзолари учун ҳар томонлама ривожланиш ва ишончли ижтимоий кафолатларни таъминлашга, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган. 

Шунингдек, Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясида ЎзХДП ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди. Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!