Сиёсий партиялар фаолиятини молиялаштиришнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилди

11:40, 15 октябрь

Мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча жабҳасини демократлаштириш жараёнида фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Бугун улар аҳолининг ишончини қозониб, кенг қўллаб-қувватланмоқда. Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, республикамизда сиёсий партияларнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 56-моддасида сиёсий партиялар жамоат бирлашмаси сифатида эътироф этилган бўлса, 58-моддасида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятига аралашишига, шунингдек, жамоат бирлашмаларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

1996 йил 26 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, унда сиёсий партия тушунчаси, фаолиятининг ҳуқуқий асослари, фаолият кўрсатиш принциплари, ҳуқуқлари ҳамда улар фаолиятига тегишли бўлган бошқа нормалар белгиланди. 2007 йил апрелида “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонун имзоланди.

Сиёсий партиялар жамиятдаги ва сиёсий муносабатлардаги функцияларини тўла бажаришида 2004 йил 30 апрелда қабул қилинган “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонун алоҳида ўрин тутади.

Қонунда сиёсий партияларни молиялаштириш манбалари партияга кириш ва аъзолик бадаллари (агар сиёсий партия уставида бундай бадалларни тўлаш назарда тутилган бўлса), қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар, давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқаролари томонидан бериладиган хайрия ёрдамидан иборат бўлиши белгиланди.

Ушбу молиялаштириш манбалари орасида давлат томонидан молиялаштириш муҳим аҳамият касб этади. Сиёсий партияларни давлат томонидан молиялаштиришни уч қисмга бўлиш мумкин.

Биринчиси, сиёсий партияларнинг уставида назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш билан боғлиқ. Бу қуйидагича амалга оширилади. Партия сайлов якунлари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партия фракциясини тузиш учун зарур миқдорда депутатлик ўринларини олган бўлса, ўзининг уставида назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, партиянинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг йиллик ҳажми шу маблағларни ажратиш мўлжалланаётган йилдан олдинги йилнинг 1 январидаги ҳолатга кўра белгиланган энг кам иш ҳақининг икки фоизини Қонунчилик палатасига ўтказилган охирги сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар сонига кўпайтмаси миқдорида шакллантирилади.

Иккинчиси, партиянинг Қонунчилик палатасига ва давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик органларига сайловда иштирок этишини давлат томонидан молиялаштириш билан боғлиқдир. Партиянинг Қонунчилик палатасига сайловда қатнашишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олингандан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига белгиланган тартибда ўтказилади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, партияларнинг Қонунчилик палатасига ва давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик органларига сайловда иштирок этишини молиялаштириш белгиланган тартибда фақат ана шу мақсадлар учун ажратиладиган давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда партияларни сайловда бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштириш ва моддий жиҳатдан ўзгача тарзда қўллаб-қувватлаш қонун билан тақиқланади.

Қонунчилик палатасига сайловда сиёсий партияларнинг иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари сиёсий партия томонидан сайлов-олди кўргазмали ташвиқот воситаларини нашр қилишга, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг телевидение, радио орқали ва бошқа оммавий ахборот воситаларида чиқишлари, сайловчилар билан учрашувлари, уларнинг ишончли вакиллари ва бевосита сайлов округида сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этиш ҳамда сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланади.

Учинчиси, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партия фракцияларининг фаолиятини давлат томонидан молиялаштиришни қамраб олади. Бунда фракцияларнинг фаолиятини ташкилий, техникавий жиҳатдан ва бошқа тарзда таъминлаш учун ажратиладиган давлат маблағлари Қонунчилик палатасининг харажатлар сметасида назарда тутилади.

Сиёсий партияларни молиялаштириш манбаларидан яна бири бу партияларга бериладиган хайрия ёрдамидир. Қонунга кўра, партия хайрия ёрдамини фақат Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар бундан мустасно) ва фуқароларидан пул шаклида ҳамда мол-мулк бериш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш тарзида ва фақат уставда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш учун олиш ҳуқуқига эга.

Қонунда партияларга хайрия ёрдами беришда маълум бир чеклашлар мавжуд. Хусусан, партияларга чет давлатлар, чет давлатларнинг юридик шахслари, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари, халқаро ташкилотлар, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслардан пул маблағлари шаклидаги, мол-мулк бериш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш тариқасидаги хайрия ёрдами берилишига йўл қўйилмайди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, диний ташкилотлар ва номи яширилган ёки фақат тахаллуси кўрсатилган шахслар томонидан сиёсий партияларга пул маблағлари шаклида, мол-мулк бериш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш тарзида хайрия ёрдами берилишига ҳам йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларини олиш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилаш мақсадида 2005 йил 16 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинган. Мазкур қарор билан қонунда белгиланган нормаларнинг механизми кенгроқ очиб берилган.

Юртимизда ушбу соҳада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар партиялар фаолиятини молиялаштиришнинг давлат кафолатларини яратиб, уларнинг барқарор иқтисодий манбалари белгиланишига олиб келди. Халқаро андозаларга жавоб берадиган бундай амалиёт партияларнинг дастурий фаолияти самарадорлиги ошишида, улар ўртасидаги соғлом рақобат муҳити ривожланишида янги имкониятлар очиб берди.

Давронбек ОЛИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!