«Миллий тикланиш» демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Сарвар Отамуратов номзодини тасдиқлади

15:35, 15 октябрь

15 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон «Миллий Тикланиш» демократик партиясининг V Съезди бўлиб ўтди. Унда жойлардан сайланган делегатлар, партия Марказий Кенгаши, Марказий назорат-тафтиш комиссияси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари иштирок этдилар.

Съездда 2016 йил 4 декабрь кун бўлиб ўтадиган Президент сайловида партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни тасдиқлаш масаласи муҳокама этилди. 

Амалдаги сайлов қонунчилигига асосан, Ўзбекистон Республикаси  Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадирлар. Шу билан бирга қонунчилик ва партиянинг Уставига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига партия томонидан номзод кўрсатиш партиянинг олий органи – Съезди томонидан амалга оширилади. 

Делегатлар партиянинг VII Пленумида Съездда кўриб чиқиш учун тавсия этилган “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракция раҳбари Сарвар Садуллаевич Отамуратовни  партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлиги номзод сифатида тасдиқладилар.

Съездда номзод делегатларни сайловолди Дастури билан таништирди. Делегатлар мазкур сайловолди Дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Съездда таъкидланганидек, юртимизда амалга оширилган демократик ислоҳотлар натижасида сиёсий партиялар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиб берилган. Улардан тўла фойдаланган ҳолда партия электорати ҳамда дастурий мақсад ва ғоялардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш энг муҳим вазифадир.

Шунингдек, Съезд кун тартибидаги бошқа масалалар бўйича ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари олдига тегишли вазифалар қўйилди. Партиянинг сайлов кампаниясини уюшқоқлик билан ўтказишни таъминлаш борасида бир қатор вазифалар белгиланди.

Съезд сўнгида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!