Жасур Яхшибоев: Гол уриш доимо ёқимли, аммо муҳими жамоа ғалабаси

08:38, 17 октябрь

Тожикистон ёшларига қарши (2:1) Осиё чемпионати гуруҳ босқичи илк турида Ўзбекистонга ғалаба келтирган гол муаллифи Жасур Яхшибоев учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди ва ОФК расмий сайтига интервью берди, деб хабар бермоқда ЎФФ матбуот хизмати. 

“Менинг голим жамоамга ғалаба келтирганидан хурсандман, аммо муҳими биз қўлга киритган уч очко”, - дейди Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ўртасидаги ўйиннинг энг яхши футболчиси.

“Бундай юқори савиядаги турнирда иштирок этиш мен учун катта бахт. Ўйлашимча, бу ёшдаги ҳар қандай футболчи бу каби турнирларда иштирок этишни ва ўзини энг яхши жиҳатларини намоён этишни истайди.  Бугунги ўйинда кўрсатган ўйинимдан хурсандман. Умид қиламанки, турнирнинг қолган қисмида ҳам шундай савиядаги ўйин намойиш этамиз”.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳамда Пахтакор ҳужумкор ярим ҳимоячиси Тожикистонга қарши учрашувнинг иккинчи бўлимида ҳозирча турнирдаги энг чиройли голлардан бирини киритди. Рақибнинг уч ҳимоячисидан чиройли тарзда қочиб кетган футболчи, Беҳруз Ҳайриевга имконият қолдирмади.

“Бу гол учун жамоадошимга раҳмат айтишим керак. Мен жамоадошимдан пас қабул қилиб олиб жарима майдонига ёриб кирганимда, жамоадошим рақибнинг икки ҳимоячисини чалғита олди ва менга зарба бериш учун бўш зона яратиб берди. Бу гол жамоавий ўйин маҳсули дейишим мумкин. Умуман олганда, Тожикистон ёшлар терма жамоаси бизда илиқ таассурот қолдира олди. Икки Марказий Осиё жамоаси ўзаро ўйнаганида, ўйинлар доимо шиддатли кечади. Бугунги ўйин ҳам шундай жанговар ва шиддатли ўйинлардан бири бўлди. Тожикистонга қарши учрашувда уч очко қўлга киритганимиздан хурсандман”, - деди Жасур Яхшибоев.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!