Ўн йил кутилган ҳақиқат

10:50, 17 октябрь

Таҳририятга қўнғироқ қилган мухлисамиз ўз тақдирини гапириб бермоқчилигини айтди. Унинг бошидан ўтганларини эшитиб, тўғриси, нима деб таскин беришни билмай қолдик. Бировнинг фитнаси одамнинг ҳаётини қанчалик ўзгартириб юборишига, адолат қарор топгунча эса қанча умрлар барбод бўлиши мумкинлигига яна бир бор амин бўлдик. Атрофдагиларга тап тортмай ёмонлик қиладиган ва бунинг оқибатларидан чўчимайдиганлар борлигига эса афсусландик…

— Ўн етти ёшимда қўшни қишлоққа узатишди. Эндигина мактабни тугатган, яхши-ёмонни фарқига бормайдиган содда бир қиз эдим. Турмуш ўртоғим билан бир ярим йил бирга яшадик, лекин фарзандли бўлмадик. «Ҳамманинг келини фарзандли бўлди, сен нега туғмайсан?» деб турткилай бошлаган қайнонам, бир кун келиб: «менга туғмайдиган келиннинг кераги йўқ», деди ва ота-онамнинг уйига қўйиб келди. Унда жуда ёш бўлганман, «текширтирайлик, даволанай, балки фарзандли бўлармиз», дейишни ҳам билмабман…

Хуллас, биринчи турмушим бузилди. Кўп ўтмай иккинчи эрга узатишди. Бу гал шаҳарга тушдим. Турмуш ўртоғимнинг оиласи катта бўлиб, тўрт хонали уйда тўрт овсин, қайнона-қайнотам билан яшардик. Тўйдан кўп ўтмай хўжайиним бошқа шаҳарга ишлагани кетди. Қайнонам билан дарров тил топишиб олдим. Ёш, чаққон бўлганим учун ким иш буюрса, бажариб кетаверардим. Шу сабабми, қайнонам мен бошқа келинларидан кўра кўпроқ яхши кўриб қолди. Катта овсинларим ёш болали, боласидан ортиб бир иш қилиши қийин бўлгани боис улар учун ҳам уй юмушларини бажарардим. Бу менга малол келмасди, лекин ҳаракатларимни овсинларим нотўғри тушунишди. Уларни ёмон кўрсатиш учун атайлаб югурдаклик қилаётган эмишман. Бу гап менга оғир ботди. Афсуски, яхшилик қиламан деб овсинларим билан муносабатим бузилиб бўлган эди. Улар мени ёқтирмай қолишди, ўтирсам — ўпоқ, турсам — сўпоқ. Ҳар гапнинг бирида бўйимда бўлмаётганини, биринчи турмушим ҳам шу сабаб бузилганини эслатиб туришлар бошланди.

Бир куни катта овсиним мени ўзи ишлайдиган туғруқхона шифокори қабулига олиб борди. Эрим қайтсин, кейин бирга бораман, десам ҳам ҳол-жонимга қўймади. Қайнонамга ҳам «қачонгача юришади, тезроқ даволатсак, тезроқ фарзандли бўлишади», деб туриб олди. Қайнонам ҳам бу гапдан кейин рози бўлди. Ўша куни овсиним фаррош бўлиб ишлайдиган касалхонага бориб, анализ топширдим, барча текширувлардан ўтдим. Уч кундан кейин эса овсиним таҳлил натижаларини олиб келди.

— Келин, сиздан жуда ёмон инфекция чиқибди! — деди ваҳима билан. — Мана, дўхтир таҳлил натижаларини бериб юборди, — деди  худди қайнонам тушунадигандек қоғозларни қўлига тутқазиб. — Бу дардни даволаб бўлмас экан!

Қўрққанимдан тилим айланмай қолди.

— Шу сабаб ҳам биринчи эрингиздан туғмаган экансиз-да, — деди ачиниб.

— М-менда бу… касал қаердан бўлсин? — дедим йиғламсираб.

—  Билмайман! —  деди овсиним ижирғангандек назар ташлаб.

Қарасам, қайнонамнинг ҳам ранги оқариб кетди.

— Ишонмайман! Менда бунақа касал бўлиши мумкинмас! — дедим энди ростманасига йиғлаб.

— У тумандаги энг яхши дўхтир, сира адашмаган, — деди. — Аслида бу ташхисни беморга айтишмас экан, яширишаркан. Мен бирга ишлаганим учун ҳам айтди…

Ўша кундан кейин буткул ҳаловатим йўқолди. Уйдагилар мендан ўзини олиб қочишга ҳаракат қилаётгандек туюлаверди. Илгари овсинларим болаларини менга жон деб бериб қўйишарди, ташхисни эшитгач эса боласини қўлимдан тортиб оладиган бўлишди. Охири қайнонамга йиғладим, «яна бир текширтириб кўрай, сира ишонгим келмаяпти», дедим ва вилоятга бориб текширтиришга рухсат олдим.

Вилоят марказий касалхонасига бориб, барча анализларни топширдим. У ердан жавоб келгунча игна устида юрдим гўё. Ниҳоят жавоблар чиқди. Шифокор «бироз шамоллашинг бор экан, бошқа  жиддий касаллигинг йўқ», деди. Хурсандлигимдан қулоқларимга ишонмай, қоғозларни кўтариб уйга югурдим.

Таҳлил натижаларини кўриб, овсиним қувончимга шерик бўлиш ўрнига қошларини чимирди.

— Ишонч ҳосил қилиш учун буни дўхтиримга кўрсатаман, — деди қоғозларни қўлимдан олиб

Қайнонам ҳам унинг гапига қўшилди:

— Тўғри, жиддий текшириш керак, — деди. Эртаси куни овсиним ишдан келгунча эшикка термулиб ўтирдим.

— Иккаласи бир хил экан! — деди овсиним қоғозларни қайнонамга узатаркан. — Фақат вилоятдаги дўхтир сизга тўғрисини айтишга қўрққан. Бу касалликни эшитиб кўп беморлар жонига қасд қилиши мумкин эмиш, шу сабаб ҳам ростини айтишмас экан…

Бу гап менга худди ҳукмдек эшитилди. Кўз ўнгим қоронғилашиб қайнонамга тикилдим, лекин бу уйдаги битта ишонганим қайнонам ҳам ҳам мендан юз ўгирган эди.

— Агар ростдан ҳам шунақа дардинг бўлса, сени ўғлим билан яшата олмайман. Бу балони унга юқтиришингдан қўрқаман, —деди.

Шундан кейин кўз ёшларимга қарамай ота-онамникига ташлаб кетишди. Ҳатто эрим қайтишини ҳам кутиб ўтиришмади. Қишлоқ жой эмасми, бу гап бирдан бутун қишлоққа тарқаб кетди. Ҳатто ота-онам ҳам шубҳаланиб қолишди:

— Сени деб қишлоқда бош кўтариб юролмай қолдик. Бу палакатни қаердан юқтирдинг, тўғрисини айт! — деб жанжал қилишди.

 Ўзимни оқлаш учун яна текширтиришга қарор қилдим ва опам билан бошқа бир касалхонага бордик. Бу ерда ҳам шифокор сизда ҳеч қанақа инфекцияли касаллик йўқ, деган жавобни берди. Афсуски бу натижа энди ҳеч кимни қизиқтирмасди, чунки овсиним гап тарқатиб, юзимни қора қилиб бўлганди...

Бутун қишлоқ мендан юз ўгирди, ҳатто яқин дугоналарим ҳам ўзини олиб қочадиган бўлишди. Қўни-қўшнилар, қариндошлар ҳам ҳовлимизга қадам босмай қўйишди. Энг ачинарлиси, ўз ота-онам ҳам бир гапинг бўлмаса, икки марта ҳам турмушинг бузилармиди, дейишди. Ҳаммасидан ҳам шу гап оғир ботди. Туҳматни кўтара олмаганим, ўзимни оқлаш қўлимдан келмагани сабаб олти ой бетобланиб ётдим. Ҳеч кимни кўргим ҳам, гаплашгим ҳам, келмасди.

Шу муддат ичида бирор киши ҳол сўраб келмади. Одамлар ёмон гапга ишонишни яхши кўришаркан… Олти ойдан кейин бироз ўзимга кела бошладим. Лекин энди бу қишлоқда яшай олмасдим. Худдики мен билан саломлашса касалим юқиб қоладигандек ҳамма ўзини олиб қочарди.

Кўп ўтмай қайнонам ўғлини яна уйлантирди. Шундан сўнг қишлоқдан кетишга мажбур бўлдим, шаҳардаги қариндошимиздан ишга жойлаб қўйишни илтимос қилдим. Фабрикада ишлаб, ётоқхонада яшаб, ўз аравамни ўзим торта бошладим. Лекин одамлардан юрак олдириб қўйганим учун бу ерда ҳам ҳеч кимга аралашмасдим. Ўзимни айблаб, ич-этимни еб, ўн йилни ўтказибман…

Яқинда қон босимим ошиб шифохонага тушдим. Бу ерда  қайтадан текширувдан ўтдим ва… ҳеч қандай касаллик йўқлиги аниқланди.

— Дўхтир, яхшилаб текширдингизми? Ростдан ҳам ҳеч қанақа касалим йўқми? Бўлиши керак-ку! — дедим йиғламсираб.

Шифокор ҳайратланиб яна касаллик варақамга қаради.

— Шамоллашдан бошқа қонингизда ҳеч бир жиддий касаллик йўқ, — деди у тушунмай.

Шифокорни баттар ҳайратга қўйиб, йиғлаб юбордим. Ўн йил ич-этимни еб, одамларнинг юз ўгиришига чидаб, узлатда яшабман! Бир иғвогарнинг гапи деб шунча азоб тортибман-а?!

Таҳлил натижаларини ота-онамга кўрсатдим. Уларни шифокор билан гаплаштирдим, менда ҳеч қанақа юқумли касаллик йўқлигини, овсиним ва унинг таниш шифокори тил бириктириб, тухмат қилишганини тасдиқлади.

Ёлғон ташхис қўйгани учун ўша шифокорни ҳам, овсинимни ҳам судга беришиш кераклигини айтишди, шундай қилмоқчи ҳам бўлдим. Лекин ўйлаб, фикримдан қайтдим. Менга ёмонлик қилганларни  Худога солдим…

Ҳозир ҳаёт йўлимга назар солиб, кўп нарсага ақлим етяпти. Менга туҳмат қилган овсинимнинг қизи йиқилиб, бир умр оёғи чўлоқ бўлиб қолгани, эрим эса турмуш қурган бўлса-да, ҳали ҳам бефарзанд эканлигини ўйладим. Мендан ҳамма юз ўгиргандан кейин бирор марта хам хабар олмаган эрим уйланганидан беш йил ўтгач,  ярашайлик деб ёнимга келганини эсладим. Лекин мен ҳамон ўзимни айбдор санаганим учун у билан ярашишга рози бўлмагандим. Балки у ўтган  йиллар давомида келинойисининг асл башарасини кўриб менга туҳмат уюштирилганини тушуниб етгандир, келинойисидан шубҳалангандир?..

Саволларим кўпу, билганим — туҳматга қолиб ўн йил юзи қора бўлиб кун кўрдим, турмуш қурмадим, фарзанд кўрмадим. Ёшим ҳам қирққа яқинлашиб қолди...

Адолат барибир юзага чиқди, юзим ёруғ бўлди. Лекин бу йўлда асабларим, умрим, ҳаётим барбод бўлди. Энди нима қилишга ҳам ҳайронман, менга ёмонлик қилганларни қонун олдида жавоб беришга мажбур этайми ёки энг оғир жазо виждон азоби эканини билиб яшашларига қўйиб берайми? Ахир, мен улар истагандек туҳматдан куйиб адо бўлмадим, аксинча, ўз йўлимни топа олдим.

Дилфуза СОБИРОВА ёзиб олди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!