“Жума куни туғилган қизлар нуқсонли бўладими?”

12:01, 17 октябрь

Саволга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман бош имом хатиби, «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли жавоб беради.

 

 

— Шу кунларда қизимнинг мазаси бўлмай кўп йиғлайдиган одат чиқарди. Ҳар хил дардларга чалинмоқда. Уйдагилар домлага олиб бориб, дам солдириб келишди. Домла хўроз сўйиб, қонини қизимнинг баданига суртишни айтибди. Қонни баданга суртиш тўғрисида маълумот беришингизни илтимос қиламан. Бундан ташқари, қизим жума тонгида дунёга келган. Эшитишимча, жума куни дунёга келган қизлар бокира бўлмас эмиш. Шу тўғрида ҳам маълумот берсангиз.

— «Домла» сўзи омма халқ орасида жуда урф бўлган ва аралаш-қуралаш ҳолда ишлатиладиган бўлиб қолган. Масжид имоми ҳам домла, фолбину азайимхон ҳам домла...
Қизингизнинг тоби қочган бўлса, шифокорга кўрсатинг. Агар руҳий тарафдан касал бўлса, суннатга мувофиқ дам солиш керак. Қўлингиздан келса, ўзингиз дам солинг. Бўлмаса, ишончли, эътиқоди мустаҳкам ва тақволи кишиларга (имом бўлиши шарт эмас) олиб бориб дам солдиринг. Домла экан, деб дуч келган одамнинг олдига югуриб бораверманг!
Жонлиқ сўйиб, уни боланинг танасига суртиш шариатда йўқ. Ношаръий ишни буюрибди ўша одам. Жума куни туғилиш ва вафот этишнинг фазилати бўлиши мумкин. Аммо айнан жума кунида туғилганлиги сабабли бола бирон нуқсонли бўлиши мумкин эмас. Бу бўлмаган гап. Жума куни туғилса, ундай бўлади, жума куни туғилса, мана бу исмни қўйиш керак... Ҳаммаси одамлар ўйлаб топган нарсалар.
Шариатда банданинг ўзига боғлиқ бўлмаган нарсада унга зулм қилинмайди. Яъни, кимнинг қайси жойда, қайси йилда ва кунда туғилиши ўзига боғлиқ эмас. Шундай экан, бунда фалон кунда туғилса, бахтсиз бўларкан, касалманд бўларкан, дейилмайди. Банданинг бахтли ёки бахтсиз бўлиши, аввало Аллоҳ тақдирига, қолаверса, банданинг амалига: имон ё куфр йўлидан юришига боғлиқ. Маслаҳатим, бу борада ким нима деса, қулоқ солиб кетаверманг. Энг ишончли ва холис кишилардан маслаҳат сўранг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!