“Қўшмачи”нинг қўшимча “қилиғи”

12:30, 17 октябрь

Ҳарбир инсон ўзи истиқомат қиладиган уйини муқаддас гўша деб билади. Чунки бу жойда фарзанд тарбиялайди, бахтли кунларини ўтказади. Шунинг учун инсонга ўз уйи қадрдон. Азалдан уйни ёмон кўзлардан, нобоп ишлардан, нопок кимсаларнинг қадамидан асраш халқимизга хос эзгу одатлар сирасига кирадли. 

Лекин афсуски шундай шахслар борки, инсон ўзи учун азиз бўлган қўрғонида жирканч ишлар билан шуғулланиб, уни булғайдилар. Улардан бири Хумора Ҳамидова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) дир. 

У анча йиллардан  ўз хондонида фоҳишахона ташкил қилиб, узоқ муддат бундан моддий манфаат кўриб келади. Бу ишлари фош бўлиб, қилмишига яраша жазоланишга ҳам улгурган. Лекин бундан керакли хулоса чиқармаган Хумора яна эски касби — қўшмачилик билан шуғуллана бошлайди. Дастлаб унинг олдига бир таниши Салима исмли жувонни олиб келади. “Опа, бу қиз иш тополмай қийналиб юрган экан, қандай иш бўлса ҳам бажаришга рози. Агар сизга керак бўлса олиб қолинг” дейди. Хумора бу таклифга розилик билдиради.  Шундан сўнг у танишига хизмат ҳақи сифатида 150 000 сўм пул бериб юборади. Сўнгра ўз уйида бир ой давомида Салимага мижоз топиб, қўшмачилик фаолияти билан шуғулланиб келади.      

2014 йил  3 февраль куни эса унинг хондонига Шоҳида исмли қиз иш сўраб келади. Бу таклиф Хуморага жуда маъқул тушади.  У қиз билан нима иш қилишларини ўзаро келишиб оладилар.  Келишувга кўра Шоҳида ҳар бир мижоздан олган  пулнинг ярмини Хуморага бериши керак эди. Шу куннинг эртасига бу хонадонга  бир йигит ташриф буюради. Унга  уй бекаси пешвоз чиқади.  Меҳмон унга “дам олмоқчи”лигини ва бунга  шароит яратиб  беришини сўрайди.  

Мезбон унинг илтимосини рад этмайди. Бир қиз борлигини ва унинг  “хизмат ҳақи” 15 000 сўм бўлишини таъкидлашни ҳам унутмайди. Йигит унинг қўлига пулни тутқазиши билан уни ичкарига киритиб юборади.  Шундан сўнг бироз вақт ўтиб эшик қўнғироғи чалинади. Қўшмачи аёл яна бирорта мижоз келгандир деган хаёлда мамнунлик билан эшикни очади. Лекин уйга қонун ҳимоячилари кириб келишади. 

Шу билан қўшмачи аёлнинг фаолиятига чек қўйилади.  Бироқ, афсуски бу билан қўшмачи   аёлнинг қинғир ишлари тўхтаб қолмади. 

Ёмоннинг  бир қилиғи ортиқ деб бекорга айтишмас экан. У набираси билан бирга 2014 йил 15 август куни тунда   оғайнисининг уйидан қайтаётган қўшнисининг йўлини тўсади. Совуққина сўрашувдан бошланган суҳбат ўз-ўзидан жанжалга айланиб кетади. Кутилмаганда жанжал кўтарилади. Шу тариқа қўшма аёл набираси билан қўшнисини  сабабсиз калтаклаб унга тан жароҳати етказишади. Бу ҳолат юзасидан ҳам энди безорилик қилган буви ва набира бемаъни қилмишлари учун  қонун олдида жазо олишади.   

Зуҳриддин РАҲМОНОВ

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!