Гриппга қарши вакцина: Қаерда қилинади, касалликдан қанча муддат сақлайди ва нархи қанча?

12:51, 17 октябрь

Яқинда турмуш ўртоғимнинг иш жойидан гриппга қарши эмлашди. Энди болаларимни ҳам эмлатмоқчи эдим. Бироқ гриппга қарши эмлаш ҳақида деярли тушунчага эга эмасман. Неча ёшдан мумкин, қанча вақт  касалликдан ҳимоя қилади. Шу ҳақида батафсил маълумот берсангиз...

Комила А. Тошкент шаҳри

ЭМЛАНГАНЛАР“ГРИПП”БЎЛМАЙДИМИ?

  Дарҳақиқат, ҳаво ҳарорати совий бошлаши билан барча, айниқса болаларнинг шамоллаши, хусусан грипп касаллиги кенг авж ола бошлайди. Бундай ҳолатда ҳар ким ўзи билган ва синалган усуллардан фойдаланиб, касаликка қарши курашади. Биз ҳам юқоридаги мурожаатдан келиб чиққан ҳолда гриппга қарши эмлаш борасидаги бир қанча саволларга соҳа мутахассиси ёрдамида ойдинлик киритамиз. 

НОЯБРЬ-МАРТ — ГРИПП МАВСУМИ
Д.Турсунова,Соғликни Сақлаш Вазирлиги Санитария эпидемилогия назорати Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари:  
— Грипп энг кенг ва тез тарқаладиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, деярли дунёнинг барча мамлакатларда учрайди ва грипп вирусининг А, В ва С турлари мавжуд. Бу касаллик учун мавсумийлик хос бўлиб, асосан куз ва қиш ойларида кўп рўйхатга олинади. Грипп касаллиги кўрсаткичларини мавсумий кўтарилиши йилнинг ноябрь - март ойларига тўғри келади. Айни пайтда гриппдан ҳимояланишнинг энг самарали йўли бу касаликка қарши эмлашдир. 

Реслубликамизда гриппга карши эмлаш 1970 йилларда бошланган бўлиб, у вақтда касаликкақарши вакцина фақат интроназал, яъни бурун орқали томизилган. Олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида ҳозирги кунда вакциналарнинг янги турлари ишлаб чиқарилган ва аҳоли орасида гриппга қарши эмлаш йилдан йилга ортиб бормоқда.

КИМЛАР ЭМЛАНИШИ МУМКИН?
—  Энг аввало шуни айтиш керакки, грипп касаллигига барча ёшдагилар мойил, айниқса заиф, нимжон, яъни иммун ҳолати паст болалар, кекса ёшдаги кишилар, ҳомиладор аёллар ҳамда сурункали хасталиклари бўлганларда яъни иммунитети паст кишиларда тез ривожланади ва оғир кечади. Шундан келиб чиқиб, эмлашга бирор тиббий чекловлар бўлмаса, 6 ойлик чақалоқдан бошлаб барча ёшдаги фуқароларни эмлаш мумкин.

МАЪЛУМОТ УЧУН
—  Ҳомиладор аёллар ҳомиладорлик даврининг фақат иккинчи ярмидагина эмланиши мумкин.

МАХСУС ТАЙЁРГАРЛИК ШАРТМИ?
—  Бошқа турдаги эмлашлар каби гриппга қарши эмланишдан олдин ҳам барча эмланувчилар тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Бунда шахснинг организмида бошқа бирор турдаги хасталик бор-йўқлигига қараб хулоса чиқарилади ва шифокор рухсат бергандан сўнгина эмлаш учун рухсат берилади. Эмлашдан олдинги тиббий кўриклар вакцина марказларининг ўзида малакали шифокорлар томонидан олиб борилади.

КАСАЛЛИКДАН ҚАНЧА МУДДАТ САҚЛАЙДИ?
—  Эмлаш натижасида организмда грипп вирусларига қарши антителолар пайдо бўлади, организмнинг имммунитет таранглиги ортади ва грипп вирусига қарши чидамлилик ҳосил бўлиши натижасида организм грипп билан оғримайди ёки касаллик енгил шаклда кечади. Эмланган шахсларда 1 йил давомида гриппга қарши иммунитет пайдо бўлиб, шу давр ичида касалликдан сақлайди.

ҚАЕРДА ЭМЛАНАДИ?
—  Гриппга карши эмлаш мажбуий эмлаш жадвалига кирмаслиги сабаб, эпидемик кўрсатма асосида тиббий ходимлар ва бошқа меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари давлат томонидан эмланадилар. Аҳоли эса ўз хоҳиши билан пулли вакцина марказларида эмланишлари мумкин. 

НАРХИ ҚАНАҚА?
Ўз хоҳиши билан эмланувчилар учун эмлаш нархи қанча эканлиги билан қизиқиб, Тошкент шаҳридаги вакцина маркази билан боғландик. Уларнинг берган маълумотига кўра, айни пайтда Хитой вакцинаси асосидагиси 65 минг сўм, Нидерландия вакцинаси эса 75 минг сўм миқдорида бўлар экан.

Диққат!
Фуқароларда эмлангандан сўнг ножўя ўзгаришлар бўлса, дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат қилишлари зарур.
Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!