Ёлғиз оналарнинг 9 хатоси

14:12, 17 октябрь

Фарзандни ёлғиз катта қилиш осон эмас. Агар ҳаёт деб аталмиш уммондаги кеманинг ёлғиз капитани бўлсангиз, уни бошқаришда хато қилишга ҳаққингиз йўқ. Қуйида сиз йўл қўйишингиз мумкин бўлган хатолар ҳақида огоҳлантириб, уларнинг олдини олиш чораларини ҳавол этдик.

  1. Ўзингизни кучли деб ўйлайсиз, ожиз бўлишга йўл қўймайсиз. «Ҳаммасига ўзим қодирман»,  дейиш бир томондан матонат белгиси бўлса-да, бошқа тарафдан анчайин хавфли позиция. Агар оилада эркак ҳам, аёл ҳам ўзингиз бўлиб, ҳамиша «доим тайёр» режимида юришингизга тўғри келса, бир кун келиб руҳий зўриқиш ва асабий портлаш юз бериши мумкин. Хўш, унда болаларингизга нима бўлади? Фарзандларингиз учун ҳам ўзингизни асрашингиз кераклигини ёдингиздан чиқарманг. Демак, зарур бўлганда одамлардан ёрдам сўрашни билинг. Баъзида оддийгина суҳбат ҳам катта мадад бўлади. Ўз имкониятларингизни чамалаб кўринг. Балки вазифаларингизнинг бир қисмини болаларнинг отаси, бувию боболарига юклаш мумкиндир.
  2. Сиз бутун эътиборингизни фақат фарзандларга қаратасиз. Ҳатто бутун умрингизни уларга бағишлайсиз. Биринчидан, бу келажакда муаммоларни келириб чиқаради: ким учундир бутун оламнинг маркази бўлиш ёш бола у ёқда турсин, катта одам учун ҳам улкан юк ва масъулиятдир. Иккинчидан, оғзингиздан «Сен учун бутун умримни бағишладим», деган миннатли сўзлар учмаслиги ва фарзандингизнинг юрагини яраламаслигига кафолат йўқ. Жавобан ундан «Сиздан шуни сўраганмидим?» деган гапни эшитсангиз, нима қиласиз? Унутманг, бахтиёр оналаргина болаларига бахт бера оладилар. Болаларингиз сиқилмай, эзилмай, эркин ва бахтли катта бўлишини истасангиз, ўз бахтингиз ҳақида ҳам қайғуринг, улар сўрамаган қурбонликни қилманг.
  3. Ўзингизни айбдор ҳис этасиз. Масалан, болангизни отасиз қолдирганингиз учун. Ахир сиз ажрашмаганингизда, у ота-оналик, тўлиқ оила бағрида катта бўларди-да. Энди отаси билан ё умуман кўришмайди, ё уни кўриш учун маълум кунлар, соатларни кутиши керак. Ёки сиз янги турмуш қурмоқчисиз-у, аммо болангизга ўгай отани раво кўраётганингиз учун ич-этингизни еяпсиз. Бу ҳолатлар боланинг тарбияси ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатади, деб ўйлаганингиз сайин андуҳингиз орта боради. Аммо айбдорлик туйғуси — бола тарбиясида ёмон маслаҳатчи. Бола сизда бу туйғуни сезгани заҳоти қандай қилиб сўзини ўтказишни билиб олади. Гап вазиятда эмас, унга муносабатингизда. Ҳатто эри билан тўкис оилада яшаётган аёл ҳам ўзини боласи олдида айбдор ҳис қилиши мумкин: вақтида қучоқламагани, сўраган нарсасини олиб беролмагани, ҳар куни уйқу олдидан эртак ўқиб беролмаётгани, баъзида бақириб ёки қўл кўтариб юбориши... Лекин буларнинг ортида онанинг улкан муҳаббати бор. Бола шу муҳаббатни сезиб улғайса бўлди.
  4. Болангизни дўст ва ҳамкор ўрнида кўрасиз. Фарзандларингиз анча улғайиб, энди сизни тушунадиган ёшга етишди. Шундай фикр билан уларга ҳамма туйғуларингиз, кечинмаларингизни айтасиз, моддий қийинчиликлардан нолийсиз, қўрқувларингизни баҳам кўрасиз. Хуллас, уни ҳаётда «ўринбосар»га айлантирасиз. Аммо бола барибир ҳали ёш. Унинг зиммасига ҳаёт ташвишларини бу қадар эрта юклаш яхши эмас. Қўйинг, айрим нарсаларни у билмай қўя қолсин, болалигидан завқланиб яшасин. Ҳасратлашишга опа-сингил, дугоналар бор-ку.
  5. «Дадам қани?» деган саволдан қўрқасиз. Бола шу саволни берса, ё жаҳлингиз чиқади, ё кўзингиз ёшга тўлади. Аммо сукут сақлаш билан вазиятни янада чигаллаштириб юборасиз. Болакай бу сукут ортида сизнинг юрак оғриқларингиз, ҳали битмаган ярангиз ва яна ўзига номаълум аянчли нималардир борлигини сезади, саволлари кўпаяверади, шубҳалари ортаверади. Кичкинтойни бундай қийноққа маҳкум этманг. Боғча ёки мактабда ўртоқлари орасида отасизлигидан ўксийди, деб куюнасиз, тенгдошлари отаси ҳақида сўрашганда боламнинг боши эгилиб қолади, деб ўйлайсиз. Лекин бунчалик куюнадиган жойи бормикан? Болангизнинг отаси бор, у сизлар билан турмайди, холос. Шу ҳақиқатни бола онгига сингдирган дурустроқ. Бола ёши 7 дан ошгач, отаси ҳақида батафсилроқ гапириб беришингиз, бир пайтлар бир оила бўлиб яшаганингиз, аммо тақдир тақозоси билан ҳаёт йўлларингиз айро бўлганини айтишингиз мумкин. Хуллас, бола ҳақиқатни билсин, ундан ортиғини хаёл қилмасин.
  6. Дилбандингизга отаси ҳақида ёмон гапларни айтасиз. Ажрашганингиз (ва нима учун ажрашганингиз) — сиз ва собиқ эрингизнинг шахсий иши. Бола ким кимни қачон қандай хафа қилгани ҳақида билиши шарт эмас. Собиқ эрингиз билан қанчалик босиқ ва дўстона муносабатда бўлсангиз, болангизнинг руҳий хотиржамлиги шунчалик собит бўлади. Шунинг учун, биринчидан, қўлингиздаги собиқ эрингизга ўқталган қуролингизни кўмиб ташланг, боланинг олдида унинг отаси билан муносабатларни ойдинлаштирманг, эрингизни ёмонлаш учун дугоналар бор. Бола ёмон одамнинг фарзанди эканини билиб, кўнгли синади. Тўғри, ташлаб кетилган, алданган, ҳайдалган, хуллас, аламзада аёлнинг собиқ эри ҳақида яхши гап айтиши қийин. Аммо фарзандингизнинг қалбини яраламаслик учун ҳеч бўлмаса сукут сақлашга одатланинг. Асабийлашмаётган, хотиржам вақтингизда эса фарзандингизга отасининг яхши сифатларини гапириб беринг. Кичкинтой катта бўлгач, ҳаммасини ўзи тушуниб, хулоса чиқаради.
  7. Шахсий ҳаётингизга нуқта қўясиз. Бола тарбиясидан бошқа яна нима билан шуғулланиш мумкин? Ахир энди бутун ҳаётингиз унга тегишли-ку. Аммо сиз ҳам одамсиз, сизга ҳам ижобий туйғулар, қувват, шодлик керак. Шундай экан, севимли ишингизда ишланг, дугоналарингиз билан учрашинг, тўйларга боринг, ҳордиқ чиқаринг. Ҳаётдан қанчалик завқланиб яшасангиз, болангизни севишга ва унинг эркаликларини кўтаришга шунчалик кўп қувват ва куч топасиз.
  8. Эр-хотин бирга яшаётган оилалар билан мулоқотдан қочасиз. Ўзингизни ноқулай сезасизми ё фарзандингизнинг кўнгли ўксишидан қўрқасизми — хуллас, бундай оилалардан узоқроқ юргингиз келади. Фақат ўзингизга ўхшаган кўнгли яримлар олдида яйрайсиз, эркин нафас оласиз. Лекин болангиз тўкис оила қандай бўлиши кераклигини ҳам билиши лозим-ку. Чунки у ҳам келажакда оила қуради. Наҳотки, у ҳам сизнинг хатоларингизни такрорлашини истасангиз? Ўзингизнинг вазиятингизни тўғри қабул қилинг, унга хотиржам муносабатда бўлинг. Шунда бола ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини англайди.
  9. Янги оила қуришга шошиласиз. Болаларингиз эсини таниб қолмасидан дарҳол бошқа эрга тегиб, ҳаётингизни изга тушириб олишга шошасиз. Бу сафар хатоларни такрорламай, ҳаммасини оқ қоғозга янгидан ёзишга қарор қиласиз. Руҳшуносарнинг таъкидлашича, шошганда хатоларни такрорламаслик мумкин эмас. Ҳадеб пайдо бўлиб, яна йўқолиб қолаверадиган «янги дада»лар эса бола руҳиятига қаттиқ зарба беришини унутманг. Эски гиналарни совутиб, муносабатларни тугатиб, аламларни ўчириб, кейин янги ҳаётга қадам қўйсангиз, бахтли бўлиш имкониятингиз бир неча бор ортади. Бу орада хатоларингизни таҳлил, туйғуларингизни тафтиш қиласиз. Сизга айнан нима кераклигини билиб, кейин турмушга чиқсангиз бўлади. Шунингдек, энди оила қурмоқчи бўлган одамингиз болангиз билан тил топишиши лозим. Бунинг учун ҳам вақт керак. Шундагина сизнинг янги ҳаётингиз осмони беғубор бўлади.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!