Грузинча лобио тайёрлашнинг 4 усули

14:36, 17 октябрь

1. Ёнғоқ ва помидор қўшилгани

  • 1 стакан қайнатилган қизил ловия, 3 та помидор, 500 гр. яшил ловия, битта пиёз, ярим боғ петрушка, бир бўлак саримсоқ, 50 гр. майдаланган ёнғоқ, туз.

Тўғралган помидорни қозонга солиб, оловни ёқинг. Қайнаб чиққач, эзғилаб олинг-да, тўғралган пиёз ва яшил ловияни қўшиб, 15 дақиқа қайнатинг. Таомга туз, саримсоқ  ва кўкатларни қўшинг. Ёнғоқ солингач, қизил ловияни қўшасиз. Қайнаб чиққач, ликопчаларга сузишингиз мумкин.

 

2. Кўкатлар билан...

  • 200 гр. қизил ловия, ярим боғ кашнич, 2 бўлак саримсоқ, 2 та қизил булғор қалампири, туз, ўсимлик ёғи.

Сабзавотларни майда тўғраб, ўсимлик ёғида қовуринг. Ярим тайёр кўринишга келгач, қайнатилган ловияни қўшасиз. Дастурхонга тортишда юзасини тўғралган помидор билан безатиш мумкин.

 

3. Зираворлар билан  ҳам мазали!

  • 400 гр. қизил ловия, ярим боғдан шивит ва кашнич, битта пиёз, иккитадан помидор ва қизил булғор қалампири, ўсимлик ёғи, туз, ярим чой қошиқдан долчин, мурч ва қалампирмунчоқ зирворлари.

Ловияни идишда солиб, қайнатинг. Ярим тайёр кўринишга келгач, сувини тўкиб ташлаб, майда тўғралган помидор ва булғор қалапирини қўшинг. Аралашма 15 дақиқа қайнатилади. Товада тўғралган пиёзни қизартириб олинг. Сўнг асосий масаллиққа қўшинг. Туз ва зираворларни ҳам солиб, аралаштиринг-да, ликопчаларга сузиб олинг.

 

4. Гўштлисини тайёрлаймиз!

  • 200 гр.  мол гўшти, 300 гр. қайнатилган қизил ловия, 2 бўлак саримсоқ, битта пиёз, 100 гр. помидор шарбати, 1 чўмич ўсимлик ёғи, ярим боғ петрушка, таъбга кўра мурч ва туз.

Гўштни парак қилиб тўғраб, ўсимлик ёғи солинган товада пиёз билан қовуринг. Саримсоқни қўшгач, ярим пиёла сув қуйинг-да, димлаб қўйинг. Гўшт ярим тайёр кўринишга келгач, қайнатилган ловия, тўғралган кўкатлар, туз ва мурчни солиб, аралаштирасиз. Дастурхонга тортишдан аввал 100 гр. помидор шарбатини қўшиб, 5 дақиқа димласангиз бўлгани. Таом тайёр!

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!