«Менга ўғил керак! Менга эса қиз…»

14:42, 17 октябрь

Туғилажак бола жинсини аниқлаш борасида турфа иримларни сиз ҳам кўп бор эшитгандирсиз. Лекин уларни «заказ» бўйича фарзанд дунёга келтиришнинг энг ишончли усули деб бўлмайди. Ахир «аппарат ўғил деган»-у, аслида қиз туққанлар (ёки аксинча) орамизда кўплаб топилади. Энг ачинарлиси, ўғил кутаётган, лекин ўша аппарат қиз «дегани» учун ҳомиласини олдирган, аслида эса у ўзи кутган ўғил эканини билиб, минг надомат қилганлар ҳам йўқ эмас. Хўш, ўғил ёки қиз кутаётган, бўлажак бола ўзи хоҳлаган жинсда туғилишини истаганлар нима қилсин, дейсизми? Келинг, масалага илмий нуқтаи назардан ёндашиб кўрамиз. Саҳифамиз эксперти — акушер-гинеколог Фазилат ТОШБАЕВА.

Антиқа урфлар

  • Қадимий хитойликлар ўғил туғилиши учун яқинлик чоғида аёл бошини шимол томонга, қиз бўлиши учун жануб томонга қўйиб ётиши керак, деган иримга ишонишарди.
  • Олмон бувилари эса қиз туғилиши учун у ёмғир ёғаётган пайтда уруғланиши керак, деб ҳисоблашган. Агар уруғланиш қуруқ ҳавода содир бўлса, буни туғилажак боланинг ўғиллигига ишора деб билишган.
  • Русларда «агар оғироёқ аёл ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида «енгил юрса», ўғил туғади, аксинча бўлса, қиз», деган ирим бор.
  • Қорин учли шаклда бўлса, ўғил, юмалоқ бўлса қиз туғилади, дейдиганлар ҳам бор.

Аслида-чи?

Аслида шифокорларнинг фикрича, ишониш мумкин бўлган атиги иккита «ирим» бор. Одатда туғилажак қизларнинг онасида ҳомиладорлик даврида ташқи кўриниш ўзгаради: юзи бироз шишади, бурни, ёноқлари катталашади, пигмент доғлар пайдо бўлади. «Онасининг ҳуснини ўғирлабди» деган гаплар шундан келиб чиққан. Жажжи гўзал онасининг қорнидаёқ аёллар гормонларига даъвогарлик қила бошлайди. Ўғил болаларни эса бундай «икир-чикирлар» қизиқтирмайди. Шунинг учун бўлажак она кун сайин гўзаллашиб бораверади. Қолаверса, маълумки, қизларнинг онасида ўғил боланикига қараганда ҳомиладорликнинг бошида кўнгил айниши кучли бўлмайди. Балки бу қиз бола аёл организмига осон мослашиб олишига боғлиқдир.

Ҳомила жинсини она қорни шаклига қараб билиш борасидаги гапларни ҳам тасдиқлаб бўлмайди. Бу ўринда ҳаммаси ҳомиладор аёлнинг тос суягига боғлиқ. Агар у тор бўлса, ўсаётган бачадон олдинга — қориннинг юмшоқ олд девори томонга сурилади. Натижада қорин шакли учли бўлади. Бу ҳолатда эса бачадон ичида қиз бола бўлиши ҳам мумкин.

Ярим асрлик тажриба натижаси

Америкалик олимлар Лендран Б.Шеттлз ва Девид М.Рорвик деярли ярим асрлик вақтларини бўлажак фарзанд жинси овуляция кунларига қанчалик боғлиқлигини тадқиқ этишга бағишлаган. Улар қуйидаги хулосаларга келишди:

  • Фарзанд жинсини аниқлаш усуллари жинсий яқинлик овуляция вақтига нисбатан қай вақтда бўлишига боғлиқ.
  • Агар уруғланиш овуляциягача (тахминан ҳайз бошланишидан 14 кун олдин) 2-3 кун қолганда юз берса, ўғил бола туғилиши эҳтимоли ошади.
  • Жинсий яқинлик овуляциядан 4-6 кун олдин ёки 2-4 кун кейин бўлса, қиз туғилиш эҳтимоли кўп, деб ҳисоблашади.
  • Агар жинсий яқинлик овуляция вақтига тўғри келса, ўғил бола туғилиши эҳтимоли ошади.

Ўғил хоҳловчилар учун…

Тухум ҳужайра уруғланаётганда ўғил фарзанд бўлиши учун қўшимча вазиятларга ҳам эътибор қаратиш лозим. Масалан…

  • Яқинликдан 4 дан 7 кунгача сақланиш муҳим. Шунда Y-сперматозоидлар ошади ва ўғил туғилиши имконияти ортади.
  • Олимларнинг аниқлашича, ўғил болаларга «жавобгар» Y-сперматозоидлар унчалик чидамли эмаслиги учун юқори ҳарорат уларга салбий таъсир кўрсатади.
  • Қолаверса, эркакнинг кийимлари (айниқса тананинг пастки соҳасига кийиладиган) қисиб турадиган эмас, кенг бўлиши ҳам муҳим.
  • Режалаштирилаётган фарзанд ўғил бўлиши учун махсус парҳез ҳам бор: балиқ, картошка, қўзиқорин, мевалар, айниқса ўрик, банан, гилос, олхўри… кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади.
  • Тухум қўшиб қорилган нон, вафли, сутда тайёрланган кондитер маҳсулотлари, қуймоқлар истеъмолини чегаралаш лозим.
  • Сут ва сут маҳсулотлари, кальцийли минерал сувлар, хом карам, кўкат, ёнғоқлар, сутли шоколад, какао, яшил дуккаклилар, икра каби маҳсулотлар тавсия этилмайди.

Қиз фарзанд кутувчилар учун…

  • Сут маҳсулотлари, кўкатлардан кўпроқ истеъмол қилиш лозим.
  • Тузланган, дудланган озуқалардан воз кечиб турганингиз маъқул.
  • Парҳезга эр ҳам, хотин ҳам аёлнинг ҳайз цикли бошланганидан тахмин қилинган уруғланишгача, бўйида бўлган аёлга эса яна 7 ҳафта давомида риоя этиш тавсия этилади.
  • Сабзавотлардан картошка (чегараланган миқдорда), бақлажон, лавлаги, сабзи, бодринг, яшил дуккаклилар, пиёз, нўхат… енг.
  • Олхўри, гилос, банан, апельсин, қорағат ва ўрикдан ташқари ҳамма мева мумкин.
  • Гўшт истеъмолини чегаралаш лозим.
  • Тухумдан эса воз кечманг.
  • Нон имкон қадар дрожа ва тузсиз бўлсин.
  • Шакар, асал, мураббо, ширинликлар жуда фойдали.
  • Газланган ичимликлар, консерваланган шарбатлар, пишлоқ, музқаймоқ, қовун, маргарин, қуруқ мевалар тавсия этилмайди.

Хулоса ўрнида таъкидлашни истардимки, жуфтликлар бир-бирини севса, тушунса, ўғил туғиладими ё қиз, буниси муҳим эмас. Чунки муҳаббат ҳукмрон оилада туғилган болада меҳрибон ота-онаси бағрида бахтли болаликни ўтказиш учун барча имкон бор! Энг муҳими ана шу!

Нилуфар тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!