Ўзбекистонда ИШИД, “Ал-Қоида”, “Толибон” фаолиятида қатнашган шахсларга молиявий ва бошқа хизматлардан фойдаланишга рухсат бериш тақиқланди

09:46, 18 октябрь

Ўзбекистон бош прокурори Ихтиёр Абдуллаевнинг 30 сентябрдаги буйруғига асосан Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma`га асосланиб, “Дарё” хабар бермоқда
 
Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларга, чет эл фуқаролари ва юридик шахсларга ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон ҳудудида террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларга, шунингдек, бевосита уларнинг топшириғи бўйича фаолият кўрсатаётган шахсларга, бевосита ёки билвосита пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкка, моддий ресурсларга, молиявий ва бошқа хизматлардан фойдаланишга рухсат бериш тақиқланади.

Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистоннинг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек, чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларидан расмий каналлар орқали тақдим этилаётган маълумотлар асосида Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти томонидан тузилади.

Рўйхат тузилиб, тасдиқлангандан кейин бир иш кунидан кечиктирмасдан Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти томонидан ички назорат қоидаларини ҳамкорликда тасдиқлаган тегишли назорат қилувчи, лицензияловчи ва рўйхатдан ўтказувчи органларга электрон шаклда етказиб беради ва рўйхатни ўзининг веб-сайтида жойлаштиради.

Рўйхат иккита — халқаро ва миллий бўлимлардан иборат бўлади. Ўз навбатида, ҳар бир бўлим иккитадан — террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар ҳамда оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар бобларига бўлинади. Боблар эса иккитадан қисмга — жисмоний шахслар ва юридик шахсларга бўлинади.

Рўйхатга киритиш учун, хусусан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўмиталари томонидан тузилган санксион рўйхатлар ёки БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциялари ҳам асос ҳисобланади. Қайд этиш жоиз, низомда қўлланилган асосий тушунчалар рўйхатида «БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўмиталари томонидан тузилган санксион рўйхатлар» тушунчасига қуйидагича таъриф берилган:

«БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қўмиталари томонидан тузиладиган, шу жумладан 1267 / 1989 / 2253 Қўмитасининг ИШИД (ДАИШ) ва ‘Ал-Қоида’га қарши санкциялар юзасидан, 1988 санкциялар Қўмитасининг (‘Толибон’ ташкилоти юзасидан) қарорлари билан санкциялар қўлланилиши белгиланган террорчилик ҳаракатлари ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишга алоқадор бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг рўйхатлари».

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!