Беҳидан 4 ҳил рецепт

10:11, 18 октябрь

МУРАББО: ЁНҒОҚ+ЛИМОН

  • 1 кг.беҳи, 800 г.шакар, 1 ст.сув, битта лимон, 100 гр. майдаланган ёнғоқ.

Тозаланган беҳини саккиз бўлакка бўлинг. Алоҳида идишда сув ва шакарни қайнатиб, қиём тайёрланг. Қиём маромига етгач, беҳи бўлакларини қўшасиз. Сўнг 10 дақиқа ўрта оловда қайнатилади. Майдаланган лимон ва ёнғоқни қўшиб, аралаштиринг. Шу ҳолича 12 соатга қолдирилади. Мураббо яна бир марта 5 дақиқа қайнатилиб, сўнг банкага солиниши мумкин.

 

ДЕСЕРТ: СМЕТАНА ҚЎШАМИЗ

  • 3 та беҳи, 300 гр шакар, ярим ст.сув, 2-3 ош қошиқ сметана.

Уруғидан тозаланган беҳини тўрт бўлакка бўлинг. Сирли идишга солиб, устидан сув ва шакарни қўшинг. Енгил аралаштиргач, 1 соат давомида паст оловда қайнатасиз. Меваси ҳиёл эзилиб пишгач, ликопчага солиб, устидан қиёмидан қўшинг. Дастурхонга тортишда юзасига сметана суртишни унутманг.

 

ПИРОГ: АСАЛ +ДОЛЧИН

  • Хамирига: 3-4 ош қошиқ сув, 80 гр.сарёғ, 60 гр.шакар, 1 ош қошиқ қирғичдан чиқарилган лимон пўсти, 200-250 гр.ун
  • Ичига: ярим кг. беҳи, битта апельсин, 1 чой қошиқ долчин, 2 ош қошиқ асал, 50 гр.майдаланган бодом, 100 гр.сметана, 2 дона тухум.

Пишириқ коржи учун ажратилган масаллиқларни аралаштириб, хамир тайёрланг. Пишириқ қолипига мослаб ёйиб олинг. Тозаланган беҳиларни паракланг. Қуруқ товага асал, шакар, долчин ва апельсин шарбатини солиб, мевани қўшинг. Бироз юмшаши билан оловдан оласиз. Сметана ва тухумни кўпиртиринг. Начинкани хамир ичига жойлаб, устидан сметанали аралашмани солинг-да, 35 дақиқага газ печига қўйинг.

 

 ҚИШГА КОМПОТ

  • 2 кг.беҳи, ҳар бир банкага 1 пиёладан шакар, 3 литрли банка.

Тозаланган беҳиларни тўртга бўлиб, паракланг. Стерилланган банкаларга тўғралган беҳиларни жойлаб, устидан шакар солинг. Сўнг қайнаб турган сув билан тўлдиринг. Қопқоғини ёпиб, 15 дақиқа давомида буғли ваннада ушланг. Сўнг беркитиб олишингиз мумкин.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!