Сайлов кампаниясида иштирок этаётган журналистлар учун амалий семинар ўтказилди

12:15, 18 октябрь

18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида сайлов кампаниясида иштирок этаётган журналистлар учун амалий семинар ўтказилди.

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, Президент сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ҳамда округ сайлов комиссиялари матбуот марказлари ходимлари қатнашди.

Амалий семинар давомида оммавий ахборот воситалари вакилларига сайловга тайёргарлик жараёнлари тўғрисида атрофлича маълумот берилди. 

Семинарда сайлов кампаниясини очиқ ва ошкора ташкил қилиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақида мамлакатимиз аҳолиси ва халқаро ҳамжамиятни ўз вақтида, кенг хабардор қилиб боришда оммавий ахборот воситалари ҳал қилувчи ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.

Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Uzreport” ахборот агентлиги ўртасида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш юзасидан имзоланган икки томонлама битимлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. 

Умуман, сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинганидан буён Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида бу мавзуда 4380 тадан зиёд материаллар, шу жумладан марказий ва ҳудудий теле-ва радиоканалларда 1700 тадан зиёд интервью, сюжет ва лавҳалар, даврий нашрларда 1850 тадан ортиқ материаллар, интернет нашрларида 820 тадан зиёд материаллар. Хорижий оммавий ахборот воситаларида эса 600 тага яқин материаллар эълон қилинди. Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 500дан ортиқ вакиллари, округ сайлов комиссиялари томонидан эса 430 тадан зиёд маҳаллий журналистлар аккредитациядан ўтказилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!