Ўзбекистоннинг тарихий обидаларидаги кўп асрлик сирлар ошкор этилди

12:21, 18 октябрь

Энди биз буюк аждодларимиз бизга қолдирган номаларини ўқиш имконига эгамиз.

Тарих бизга бутун дунёдаги миллионлаб инсонларнинг эътиборини қаратган ўрта аср архитектурасининг ажойиб дунёсини инъом этган. Бутун дунёдан бизнинг айнан мана шу меъросимизни ўз кўзи билан кўриш учун миллионлаб инсонлар ташриф буюришади. Улар учун ушбу буюк деворларни ўз кўзи билан кўриш, уларни қўллари билан ҳис этишнинг ўзи бир умрга таътигулик бахт. Аксариятимиз ушбу обидаларга назар солганимизда у ердаги ёзувлар нима ҳақида гапираётганини, улар орқали буюк аждодларимиз бизга нималарни қолдирмоқчи бўлганликларини билишни истаймиз. Бугун ўзбек олимларининг улкан меҳнатлари натижаси ўлароқ ушбу сирлар ошкор бўлди. Янги яратилган “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоблар туркумини ўқиб чиқиб ушбу сирлардан воқиф бўлиш имкони пайдо бўлди.

Куни кеча пойтахтимизнинг«International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар кўмагида тайёрланган “Узоқ ўтмишдан мактублар: Ўзбекистон обидаларидаги битикларда таълим, маърифат, тинчлик ва бунёдкорлик” мавзусида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тақдимотда Ўзбекистон Республикасининг илмий доиралари, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳамда бир қатор халқаро ташкилот, дипломатик миссия ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Давра сухбати “UzbekistanToday”ахборот агентлигининг 10-йиллик юбилейи муносабати билан табрик қисмидан бошланди. Тадбир иштирокчиларига Агентлик фаолияти тўғрисидаги видеоролик намойиш этилди. 

Тадбирни профессор, доктор, Сўз эркинлигини таъминлаш ҳамда ОАВни ислоҳ қилиш бўйича Комиссия раиси Акмал Саидов олиб борди.

Иштирокчиларга ўзбек, рус ва инглиз тилларида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё , Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги тарихий ва  меъморий обидалардаги эпиграфик ёдгорликларга бағишланган 12 та китоб-альбом, шунингдек Самарқан–Регистон ва Шоҳи-Зинда тарихий мажумуаларига бағишланган иккита альбом тақдим этилди.

Маърузачилар ўз чиқишларида эпиграфика ёдгорликлари дунё маданий меросининг катта бир қисми эканлигини таъкидлаш баробарида  Ўзбекистон обидалардаги битиклар сони бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирида туриши, аммо турли сабабларга кўра ушбу битиклар ҳалигача ўрганилмаган ва нашр этилмаганлигига йиғилганларнинг эътиборини тортишди. Илмий тадқиқотлар жараёнида меъморчилик ёдгорликларидаги 1500дан ортиқ битиклар (уларнинг кўпчилиги илк марта) ўқилди ва таржима қилинди. Жумладан, улар орасида 200дан ортиқ шеър, панд-насиҳат, доно ҳикматлар, 150дан ортиқ уста ва хаттотлар исмлари, 300 та диний ва 150 та бағишлов матнлари, 150 та хронограмма, 100 та тарихий саналар, 100 та ҳукмдорларнинг фармойишлари ва бошқалар мавжуд.   

Алоҳида таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси обидалардаги битикларни тўла ўрганиш ва бир хил кўринишда умумлаштириш бўйича жаҳонда ягона ҳисобланади. Обидалардаги кўплаб битиклардан ўрин олган ёзувлар барчани таълим олиш, маърифатли бўлиш, тинчлик ва бунёдкорлик сари чорлаши уларнинг ниҳоятда муҳим аҳамият касб этишидан дарак беради.

Тақдим этилган туркум китоблар йирик лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, унинг давоми кейинги туркумда давом эттирилади ва улар аввал ўрганилмаган эпиграфик қадимий ёзувларни ўз ичига олади. Умумий ҳисобда 25 жилдлик китоб қилиниши кўзда тутилган.

Фирдавс Абдухолиқов, “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳасининг ижодий гуруҳ раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

– “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси ҳукуматнинг саъй-ҳаракати билан Ўзбекистон ҳудудидаги барча тарихий обидалардаги қадимий ёзувларни ўрганиб умумлаштирилаётган бутун дунёда ягона лойиҳа саналади. Аввал бундай ишлар ислом оламидаги бирор-бир мамлакатда амалга оширилмаган. Таъкидлаш жоизки, ушбу изланиш юртимиз Мустақилликка эга бўлганлиги шарофати билан амалга оширилмоқда. Айнан Истиқлол туфайли барча тарихий обидалар тикланиб, уларга тарихдаги ўз ўрни қайтарилди. Энг аҳамиятли томони шундаки, ҳар бир тарихий ёзув панд-насиҳат ва доно сўзларни ўз ичига олиб, ҳар бир инсонни илмга ва маърифатга чорлайди.

Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси раиси, профессор:

– Ўзбекистондаги қадимий ёзувларни ўз ичига олган китоб-альбом – бу ўзининг илмий ва маданий аҳамияти бўйича мисли кўрилмаган лойиҳа саналади. Ўзбекистон ҳукумати уни амалга оширшини илк кунлариданоқ қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам унга катта эътибор қаратганди. Лойиҳа бежизга мамлакатимиз Мустақиллигининг 25-йиллигига бағишланмаган.

Жон Макгрегор, ЕХҲТ лойиҳалар координатори:

– Тақдим этилган китоб-альбом Ўзбекистондаги ноёб архитектура ёдгорликлари билан танишиш ва улардаги буюк аждодлар қолдирган ёзувларнинг маъносини ўқиш имконини беради. Ушбу мураккаб иш нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатлар учун ҳам жуда муҳим.

Мьюша Север, “Ҳудудий диалог” ваколатхонасининг Ўзбекистондаги раҳбари:

 – Ушбу китобларнинг айримлари билан шахсан танишиб чиқдим. Таасуротларимни ифодалашга сўз ожизлик қилмоқда. Бу дарҳақиқат асрлар оша бизга етиб келган билимлар хазинаси. Бу Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган ўзига хос кўприкнинг яна бир пойдевори. Бунда эса Ғарб кўприкнинг у томонида ўзига хос шарқ гўзаллигини кўриши, тинчлик ва барқарорликни яратишга чақирувни эшитиши мумкин.

 

 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!