Тез тиббий ёрдам хизмати қандай беморларни қабул қилади ва қандай тартибда?

13:53, 18 октябрь

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кундалик ҳаётида дуч келинган воқеа, янгилик ва муаммоларни “баҳам кўриш” яхшигина анъанага айланган. Мавзу доирасида кимдир ўзининг маслаҳатини, мутахассислар эса аниқ тартибни келтириш орқали вазиятга ойдинлик киритилади.  

Айни пайтда эса тиббиёт муассасасидаги бир ҳолат интернет фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Унда келтирилишича, Тошкент вилоятидаги шифохоналарнинг биридан оғир аҳволдаги бемор пойтахтдаги тиббиёт муассасаларидан бирига  олиб келинган. Бироқ, беморнинг аҳволи ёмон бўлишига қарамай, унинг яқинларига бу муассасага касални ўзбошимчалик билан олиб келиш мумкин эмаслиги, ҳамма ҳам қабул қилинавермаслиги сабаб қилиб кўрсатилган. Бунинг натижасида анча вақт қаровсиз қолган бемор “кома” ҳолатига тушиб қолган. Мазкур ҳолатни келтирган беморнинг акаси ижтимоий тармоқ орқали интернет фойдаланувчилари ва соҳа вакилларидан маслаҳат сўраган.

Гарчи, воқеа ва унда иштирок этувчилар номи мавҳум бўлсада, ундаги сабаб ва амаллар нечоғли тўғри?  Шошилинч Тез тиббий ёрдам хизмати қандай беморларни қабул қилади ва қандай тартибда? Бу борада биз соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилдик.

ШИФОХОНАДАН ШИФОХОНАГА ФАҚАТ КЕЛИШУВ АСОСИДА
Ш.Нишанов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш Бош бошқармаси бошлиғи:

—  Маълумки, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига бошқа даволаш-профилактика муасассалардан (ДПМ) оғир беморларни ўтказиш жараёни томонлар келишилган ҳолда амалага оширилади. Шунинг учун, ДПМ томонидан Республика санитар авиацияси орқали тажрибали маслаҳатчиси чақирилади ва бемор аҳволига умумий баҳо берилади. Агар беморга керакли ташхисий-даволаш тадбирларни ушбу ДПМда тўлиқ ҳажмда кўрсата олмаса, таклиф этилган маслахтчи тавсияси ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази маъмурияти билан келишилган ҳолда бемор Республикашошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ўтказилиши мумкин. 

БИРОҚ БЕМОР ОҒИР АҲВОЛДА БЎЛСА...
—  Бироқ, шу тартибни рад этиб, шахсий ёки тез тиббий ёрдам машинасида олиб келинган беморларни ҳам, агар ушбу беморларнинг ҳаёти учун хавф булса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига қабул қилинади ва уларга тўлиқ ёрдам кўрсатилади. 

БЕМОР ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ЁРДАМГА МУҲТОЖ БЎЛМАСА...
—  Агар бемор шифокор кўриги ва ташхисий муолажалари натижасидан сўнг бемор шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож эмаслиги аникланса, у бошқа ДПМ ларга мурожаат этиши тавсия этилади. Фақатгина шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлмаган беморлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилмайди.

МАЪЛУМОТ УЧУН
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг вилоят филиаллари ҳамда туман филиалларида фақат шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилади. 

АГАР “ТЕЗ ЁРДАМ”ДАН ШИКОЯТИНГИЗ БЎЛСА...
—  Шифокор ва бемор ўртасида нохуш ҳолатлар юзага келганда, бу борада фуқаролар шикоятлари бўлганда қўйидаги ишонч телефонларига мурожаат килиш мумкин: 

•  Ўзбекистан республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги  — 
+998(71)239-47-95; 
•  Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази — 
+998(71)150-46-00 

Мамлакатимизда инсон саломатлигига, унинг бекаму кўст ҳаёт кечириши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Юқоридаги ҳолатда, қандай йўл тутилиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтдик. Агар ҳар бир бемор ва унинг яқинлари мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилишса, тиббиёт ходимлари ҳам ўз бурчларини сидқидилдан ажо этишса, бу каби ҳолатлар кузатилмаган бўларди...

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!