Ёмон хотираларни унутишнинг 12 усули

14:13, 18 октябрь

Одамзотнинг ажойиб феъли бор: юрагига озор берса-да, асабларини таранглаштирса-да, ўтган кунлардаги кўнгилсизликларни хотиралари қатида асраб юради. Тўғри, «Ўтгани ўтди, тамом, у воқеани энди эсламайман», деганингиз билан ҳаммаси унутилиб кетмайди. Бугун биз сизга ёмон хотиралардан халос бўлиш шартларини ўргатамиз. 
 
1.  Танаффус эълон қиламиз. Дейлик, бирор нохуш ҳодиса юз берди ҳаётингизда. Айланиб ҳам, ўргилиб ҳам учраган кишига шу воқеани дардирингизни тўкиш мақсадида айтаверсангиз, унинг хотирангизда мустаҳкам ўрнашиши учун замин яратасиз, холос. Демак, дийдиё қилишни тўхтатиб, бироз тин олинг. Хафагарчилигингиз, ғазабингиз кўнглингизни тарк этишига имкон беринг. 

2.  Кутинг ва кузатинг. Хўш, энди нима бўларкан? Сиз бахтсизлик санаётган вазиятни айни пайтдаги кайфиятингиз билан тўғирлай олишингиз даргумон. Яхшиси, руҳшунослар маслаҳатига қулоқ солинг-да, шошма-шошарлик қилмасдан, то нафасингизни ростлаб олгунингизча ҳаммасини вақтнинг оқимига қўйиб беринг.  

3.  Айбдорни излашни тўхтатинг. Биз доим қандайдир нохушлик юз берса, уни таҳлил қилиш баробарида ё айбдорни излаймиз, ё ўзимизни айблай бошлаймиз. Оқибатда янада қийналамиз. Йўқ, бунақаси кетмайди. Шунақа бўлиши керак экан, шундай бўлди, дея муаммонгиздан чиқиш йўлларини изланг. Яна бир марта эслатамиз, айбдорнимас!

4.  Энг катта муаммонгиз нима? Аввало шунга аниқлик киритинг. Чунки айни шу муаммонгиз бутун ҳисларингизни бошқараяпти. Демак, ёмон хотиралар исканжасидан қутулиш учун ҳаракат қилишингиз шарт. Масалан, пиёда сайр қилиш, жисмоний тарбия машғулотлари, севимли машғулот билан шуғулланиш сизга хотиржамлик бағишлаб, бутун вужудингиз ва руҳиятингизни қамраб олган ғазабдан халос бўлишингизга ёрдам беради. 

5.  Янги ишниг бошини тутинг. Қачонки биз янги нимадир ўрганишга киришсак, бутун ўй-хаёлимиз шу машғулот билан банд бўлади. Натижада, ёмон воқеаларни ўйлаш учун вақтимиз ҳам қолмайди. Демак, бугундан бошлаймиз — хорижий тил ўрганиш, бирор ўқув дарсларига ёзилиш, сурат чизиш машғулотларига қатнашиш, эҳҳе, бир дунё таклифлар бор!

6.  Мактуб ёзамиз! Кимдан нима учун хафасиз? Қўлинигзга қоғоз олинг ва хат ёзинг. Ҳатто ўтмишингизга ҳам бемалол мактуб битишингиз мумкин. Сизни қийнаётган барча туйғуларни қоғозга туширнг ва уни майдалаб ташланг. Асло асраб юрманг, бўлмаса, ҳар ўқиганингизда кўнгилсизликларни эслайверасиз. 

7.  Унутманг, ҳисларингиз аниқ факт эмас! Улар мудом ўзгариб туради. Стресс, халоватсизлик, босим, қўрқув бутун танамизни маҳв этади, қачонки ўйларимизни аниқ факт деб қабул қилсак. Реал воқеа ва сизнниг ўйларингиз ўртасида осмон билан ерча фарқ бўлиши мумкинлигини ёдда тутинг. 

8.  Тажриба орттиринг. Ҳаёт, бу — мактаб. Биз эса ўқувчимиз. “Аъло” баҳолар олиш учун эса ҳар бир «икки»миздан тўғри хулоса чиқаришимиз керак. Ҳаётингизда юз берган омадсизликлар сизни бир поғона юқорига кўтариш учун хизмат қилиши даркор аслида. Ҳар бир муаммони олдинга яна бир қадам қўйишингиз учун, уни енгиб ўтсангизгина, маррага етасиз. Агар шу муаммо атрофида ўралашиб қолаверсангиз, бир жойда тўхтаб тураверасиз. 

9.  Ўтмишни ортга қайтариб бўлмайди! Бунинг йўлини ҳали ҳеч ким топмаган. «Ўшанда мен бундай қилганимда...» дея ўзингизни азоблашни бас қилинг. Ўтган кунлар ортга қайтмайди. Демак, хатоларни ҳам тузатиб бўлмайди. Бугун билан яшашни ўрганинг!

10.  Ёрқин бўёқлардан фойдаланинг. Ҳаётнигиздаги энг ёрқин, энг қувончли кунларни тез-тез эсланг. Дўстларингиз билан ҳам шу ҳақда гаплашинг. Ўшанда кўнглингиз оғриган дамлар хаёлингиз сарҳадларидан чиқиб кетади.

11.  Кечиринг. Ўзингизни ҳам, дилозорингизни ҳам! Токи кечирмас экансиз, қалбингиздаги яра битмайди. 

12.  Ўзингизни севинг, ардоқланг! Ахир сиз ягонасиз! Сизни ҳеч ким такрорлай олмайди. Бу ҳқиқатни қулоқларингизга қуйиб олинг. Ўзингизга бўлган ишончингиз ошгани сайин ёмон хотиралар ҳам сизни тарк эта бошлайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!