Уй шароитида конфет тайёрлаймиз!

15:54, 18 октябрь

Фойдали

Керак: 500 гр. қуруқ мевалар (ўрик туршаги, олма ва олхўри қоқиси), 1 стакан ёнғоқ, 1 ҳовуч бодом, 1-2 ош қошиқ асал.

Тайёрланиши: ўрик туршаги ва олхўри қоқини қайноқ сувга солиб, 5-10 дақиқа ивитиб қўйинг. Ёнғоқ ва қуритилган меваларни гўштқиймалагичдан ўтказиб, асал солинг. Майдаланган бодом қўшинг-да, «шар»чалар ясанг.

 

 

Мазали

Керак: 75 гр. шоколад, 5 донадан данаксиз ўрик туршаги ва ёнғоқ, 1 ош қошиқ сут, ярим чой қошиқ асал, какао, кунжут.

Тайёрланиши: шоколадни майдалаб тўғраб, сут солинг-да, сув буғида эритинг. Туршак ва ёнғоқни майдаланг. Эритилган шоколадга қўшиб, асал солинг. Аралашмадан «шар»чалар ясаб, какаога белаб олинг-да, кунжут сепинг.

 

 

«Рафаэлло»

Керак: 250 мл. қуйилтирилган сут, 50 граммдан кокос қириндиси ва фундук ёнғоғи, 25 гр. сариёғ.

Тайёрланиши: юмшатилган сариёққа қуйилтирилган сут ва кокос қириндиси қўшиб, яхшилаб аралаштиринг. Аралашмани 30 дақиқага музлаткичга қўйинг. Ўртасига 1 донадан фундук ёнғоғи солиб, кремдан «шар»чалар ясанг. Конфетларни 15 дақиқага музлаткичга қўйинг.

 

 

Бетакрор таъм

Керак: 500 гр. творог, 100 граммдан ўрик туршаги ва шоколад, 75 гр. ёнғоқ.

Тайёрланиши: ўрик туршаги ва ёнғоқни эзинг. Творогни ҳам санчқи ёрдамида эзиб, ёнғоқ ва ўрик туршаги солинг. «Шар»чалар ясаб, музлаткичга қўйинг. Шоколадни сув буғида эритиб, «шар»чаларни белаб олинг-да, яна бироз муддат музлаткичда қолдиринг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!