Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Кувайт Давлати Бош вазирининг биринчи ўринбосари билан учрашди

10:15, 19 октябрь

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2016 йил 18 октябрь куни Кувайт Давлати Бош вазирининг биринчи ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан учрашди.

Шавкат Мирзиёев меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлади ва Кувайт Давлати Амири шайх Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳга чуқур ҳурмат-эҳтиромини изҳор этди.

Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ Кувайт Амирининг салом ва эзгу тилакларини етказди.

Суҳбат чоғида ушбу учрашув икки томонлама дўстлик робитасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон ва Кувайтнинг қатор минтақавий ва халқаро масалаларга ёндашув ва қарашлари ўхшаш, кўп жиҳатдан бир-бирига яқиндир. Икки давлатнинг долзарб муаммоларни ечиш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, таҳдидларни бартараф этиш ва хавф-хатарларнинг олдини олиш масалаларига  қараши бир хил. 

Ўзбекистон Кувайт билан турли нуфузли халқаро анжуманлар ва тузилмалар доирасида ўзаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириб бормоқда.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2004 йилда Кувайтга, 2008 йилда Кувайт Давлати Амири шайх Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳнинг Ўзбекистонга ташрифлари икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожига янги суръат бахш этиб, ўзаро ҳамкорликни юқори босқичга кўтаришга хизмат қилгани алоҳида қайд этилди. Мазкур ташрифлар доирасида имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг шартномавий-ҳуқуқий пойдеворини яратди.

Учрашувда Ўзбекистон – Кувайт муносабатларини янада юқори босқичга кўтариш, ҳамкорликнинг янги саҳифасини очиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, савдо-иқтисодий ва сармоявий шериклик кўламини ошириш мақсадида келаси йилнинг биринчи чорагида ўзаро ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг мажлисини ўтказишга келишиб олинди. Комиссияга икки томондан ҳам Бош вазирнинг биринчи ўринбосари мақомида раислар тайинлангани Ўзбекистон ва Кувайтнинг катта интилиш ва алоҳида иштиёқ билан ишга киришаётганидан далолат беради.

Бу ўринда Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларида фаол иштирок этаётганини таъкидлаш жоиз. Ҳозирги кунгача мазкур жамғарманинг имтиёзли кредитлари ҳисобига сув таъминоти, транспорт инфратузилмаси ва тиббиёт соҳаларида умумий қиймати 60,6 миллион АҚШ долларига тенг 3 лойиҳа амалга оширилган. Шунингдек, кардиохирургия, ирригация ва автомобиль йўлларини таъмирлаш соҳаларида 72,5 миллион долларлик яна 4 лойиҳа ижроси давом этмоқда.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Кувайт вакиллари юртимизда ташкил қилинаётган турли маданий тадбирларда фаол иштирок этмоқда. 2007 йили «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида Кувайт олий маданият ва санъат институтининг мусиқий гуруҳи бош совринни қўлга киритган.

Муносабатларни ривожлантиришга янгича ёндашувларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш мақсадида турли даражаларда, жумладан, олий даражада  ўзаро ташрифларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг Кувайтга бўлажак ташрифи бу борадаги келишувларни рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлиши қайд этилди. Шавкат Мирзиёев фурсатдан фойдаланиб, Кувайт Давлати Амирини Ўзбекистонга таклиф қилди.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори остида ташкил этилган 43-сессиясида ушбу тузилмага раислик Кувайт Давлатидан Ўзбекистон Республикасига ўтди. Шу муносабат билан Кувайт томони Ўзбекистон раҳбариятининг ташкилотга раислик даврида амалга ошириш борасида илгари сурган таклиф ва ташаббусларига юксак баҳо бериб, уларни тўла қўллаб-қувватлашини, бу йўналишда кенг кўламли ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!