Ёғупани суртишнинг 8 қоидаси

11:26, 19 октябрь

Ҳар бир аёлнинг бисотида бўлиши керак бўлган гўзаллик воситаларидан бири, шубҳасиз – ёғупадир. Уни сурдингизми? Демак, ясан-тусан якунига етди. Асарнинг қиммати унинг интиҳосида бўлганидек, макияжга қўйиладиган нуқтада ҳам гап кўп.

1.     Думалоқ юзли аёллар ёғупани икки ёноқдан бурун ёнига қараб суртишлари тавсия этилади. Ой юзли хонимлар пешана ва иягингизни  ёғупа билан бўяманг, акс ҳолда юзингизни дўмбоқ кўрсатиб қўясиз.

2.     Овал юз энг идеал юз тузилиши бўлиб, унга исталган турдаги пардоз ярашиб кетаверади. Ёш ва беғубор кўриниш учун ёғупани айнан ёноқнинг марказига суртиб ёйинг.

3.     Тўртбурчак юзли санамлар ёғупани ёноқларга учбурчак кўринишда, бурун ёнига йўналтирган ҳолда суртишса, янада гўзаллашадилар.

4.     Узунчоқ юзли хонимлар табиийки юзларини думалоқроқ кўрсатишни истайдилар. Бунинг учун ёноқнинг марказига думалоқ қилиб ёғ упадан суртиб, горизонтал қилиб ёйиб чиқинг.

5.     Учбурчак юзли аёллар доимо иякларини беркитишга ҳаракат қилишади. Ёноққа кўпроқ эътибор қаратсангиз, иякка аҳамият ҳам берилмайди. Бунинг учун ёғупани ёноқнинг юмалоқ жойига суртиб, диоганал ҳолатда юқорига қараб ёйинг.

6.     Меъёрни унутманг, ёғупани қалин қилиб суртиб юборманг. Рангни тўғри танланг: оқ юзлиларга оч жигарранг ва пуштиранг, қорачадан келганларга эса олxўриранг ва бронзарангга мансуб бўлган ёғупалардан фойдаланиш тавсия этилади.

7.     Лаб бўёғи ва ёғупанинг рангги иложи борича бир хил бўлсин. Агар ёғупани бурунга яқин суртсангиз, юз узунчоқ ва тортилгандек кўриниб қолади.

8.     Ёрқин ранглар билан таваккал қила кўрманг, табиий кўриниш мақсадида пуштиранг, шафтолиранг ёғупаларда бўянг. Кичик маслаҳат: юзингиз тузилишини аниқлаш учун кўзгу олдига бориб, юзингиз атрофини қаламда чегаралаб чиқинг ва кўзгудан узоқроққа бориб пайдо бўлган шаклни кўринг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!