Чиқиндиларни йиғиш борасида замонавий GPS-мониторинг ва биллинг тизими жорий қилинади

11:30, 19 октябрь

Пойтахтимиз Тошкент дунёдаги энг тоза шаҳарлардан биридир.  Мамлакатимиз  Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2014 йил 31 октябрдаги «Осиё тараққиёт банки иштирокида «Қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, пойтахтимизда қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш бўйича самарали тизим фаолияти йўлга қўйилган. Қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш борасида замонавий усуллар, жумладан, GPS-мониторинг ва янги биллинг тизим амалиётга жорий қилинмоқда. 

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг коммунал хўжалиги ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги “Махсустранс” ишлаб чиқариш бошқармаси чиқиндиларни йиғиш, утилизация қилиш ва пойтахтимиз санитария-гигиена ҳолатини яхшилашга қаратилган изчил ишларни амалга оширмоқда. Бошқарма таркибида 11 туман автотранспорт корхонаси, чиқиндиларни юклаш станцияси ҳамда махсус автомобилларга сервис хизмати кўрсатиш ва уларни жорий таъмирлаш бўйича “Махсустранс таъмир хизмати” корхонаси  фаолият кўрсатмоқда. 

 – Ҳар йили Тошкент шаҳрида махсус чиқинди автотранспортлари ёрдамида 600 минг тоннадан ортиқ қаттиқ маиший чиқинди йиғилади, – дейди “Махсустранс” ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари И.Саъдуллаев ЎзАга берган интервьюсида. – Чиқиндилар бир неча саралаш босқичидан ўтказилади. Ҳар бир босқичда кейинчалик қайта ишлашга яроқли барча материаллар саралаб олинади. Олинган хомашё қайта ишлаш заводларига жўнатилади ва кейинчалик ишлаб чиқаришда қўлланилади. Жараён якунида фақат чиқиндилар утилизация қилинади. Мазкур тизимнинг самарали ишлаши санитария-эпидемиология ҳолати барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. 

Қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғадиган ва транспортировка қиладиган замонавий  махсус машиналар мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётгани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳридаги туман автотранспорт корхоналари фойдаланаётган 371 махсус автомобилнинг 153 таси  “MAN” ва “Isuzu” машиналаридир.

Ҳар бир машина учун  махсус  йўналиш  белгиланган бўлиб, уларнинг ҳаракатланиши GPS-мониторинг тизими ёрдамида мунтазам текшириб турилади. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш учун тўловлар қабул қилиш бўйича биллинг тизими жорий қилинган. 

Аҳоли сони кўпайиб, фаровонлик юксалиб бораётгани туфайли қаттиқ маиший чиқинди ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Ҳар куни икки минг тоннага яқин чиқинди тўпланмоқда. Шаҳарда  барқарор санитария-эпидемиология ҳолатини сақлаш  мақсадида  янги пункт ва модуллар қурилмоқда.  Жорий йилда  қаттиқ маиший чиқиндилар тўплаш бўйича 270  майдонча барпо этилди, 20 модул ва янги 250  чиқинди контейнери ўрнатилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!