«Муҳаббат дарахти» фото-тест орқали ўзингизга муносиб инсонни танланг!

11:51, 19 октябрь

Қизларжон, суратларга диққат билан разм солиб, кўнглингизга ёққанини танланг-да, таърифга кўз югуртиринг. Фото-тестимиз орқали феъл-атворингиз ва сизга муносиб инсон ҳақида керакли маълумотларни билиб оласиз. 

1. Романтикага ошуфтасиз!

Кучли, дадил ва журъатлисиз. Кўнглингизнинг бир бурдида шундай хос жой борки, у романтика ва нафис туйғуларни истайди. Ўзингизга бўлган ишонч, қатъият ва етти ўлчаб бир кесишингиз омадингиз гарови. Гарчи кишилар билан тил топишишингиз бироз мушкул бўлса-да, танлов палласида ўзингизни йўқотиб қўймайсиз.  Қарама-қарши жинс вакилларининг эътиборини қозониш учун макр каби «қурол»лардан фойдаланишга чўчимайсиз. Одатда бу усулларингиз муносабатларингизни янада мустаҳкамлайди. Йигитлар сизни  ишончли ва  қатъиятли қиз сифатида қабул қилишади. Кундалик муаммолар муносабатларингизга совуқчилик тушуришига йўл қўймайсиз. Феъл-атвори сизга ўхшаган инсон билан бахтли яшайсиз. Касб-корига келсак, сиёсатчи, нотиқ, режиссёр ва ўз соҳасида етакчи йигит билан узукка кўз қўйгандек мос тушасиз.

2. Кучли инсонга суянишни истайсиз!

Эҳтиёткор, режали, тадбиркор ва тиришқоқ... Бу рўйхат узоқ давом эттирилса-да, фазилатларингизнинг адоғига етиш мушкул. Сиз атрофдагиларнинг ноғорасига ўйнайдиганлар тоифасидан эмассиз ва сохта обрў-эътибор изидан қувмайсиз. Бироқ таъсирчанлик, палапартишлик каби одатларингиздан халос бўлиш фурсати етди. Масъулиятни бўйнингизга олишни ўргансангиз, катта ютуқларга эришасиз. Йигитлар билан муносабатларингиз режа асосида, босқичма-босқич ривожланишини истайсиз. Феълингиздаги барқарорлик атрофдагиларда, хусусан йигитларда ишонч туйғусини уйғотади. Ҳаётингизни меҳрибон, доим қўллаб-қувватлашга тайёр, кучли инсон билан боғласангиз, янглишмайсиз. Бўлажак жуфтингиз ҳисобчи, банк ходими, муҳандис ёки қурувчи бўлса, нур устига нур.

3. Юрагингизга қулоқ тутасиз!

Содда, очиқкўнгил ва самимий инсонсиз, шу туфайли кўнглингиз доим жўшқин кечинмаларни хоҳлайди. Одатда бошқаларнинг фикрини диққат билан эшитсангиз-да, ҳал қилувчи қарорни истакларингизга асосланиб қабул қиласиз. Турли жанжал ва кўнгилсизликлардан қочиш борасида маҳоратлисиз. Танлов чоғида ихтиёрингизни ўзингизга суянчиқ бўла оладиган кучли шахсга берасиз. Қалбингиз муҳаббат ва ёқимли туйғуларга лиммо-лим. Уларни кундалик муаммолар сўндириб қўйишидан эҳтиёт бўлинг. Спортчилар, ҳарбийлар билан чиройли жуфтлик ҳосил қиласиз.

4. Мослашмайсиз, мослаштирасиз!

Сиз тартибли, бошлаган ишини охирига етказмай қўймайдиган кишилардансиз. Қоидаларингиздан сира четга чиқмайсиз. Феълингиз анча босиқ бўлса-да, ўзингизни хафа қилдириб қўймайсиз. Атрофдагилар билан муносабатларингизни қадрига етганингиз туфайли таниш-билишларингиз, дугоналарингиз бисёр. Йигитлар билан муносабатларда эса биринчиликка интиласиз. Агар устунликка эриша олмасангиз, тенг ҳуқуқли шерик ролини ҳам қабул қилишингиз мумкин. Аслида сизга фалон касб эгалари муносиб деб айтиш мушкул.  Чунки ким бўлишидан қатъи назар кўнглингиздаги инсонни тарбиялаб олишга қодирсиз. Мустаҳкам ирода соҳибини учратсангиз, хеч иккиланмай рози бўлаверинг. Бундай йигит билан тенги йўқ жуфтликка айланасиз.

5. Аразингиз очилмайди!

Ҳис-туйғуга берилувчансиз, лов этиб ёниб, пуф этиб ўчишингизни тан олинг. Муносабатларда эса сирлилигингиз ва мафтункорлигингиз билан қарама-қарши жинс вакилларининг эътиборини қозонишга интиласиз. Вақти-вақти билан аразчилигингиз тутиб қолади. Лекин аччиқ устида қарор қабул қилмайсиз. Умр йўлдош сифатида оғир-вазмин, феъл-атвори барқарор кишини танласангиз, афсусланмайсиз. Ҳуқуқшунос, адвокат, дипломат ёки учувчилар сиз учун муносиб танлов.

КАМОЛА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!