Танамиздаги оғриқлар нимадан дарак беради?

14:38, 19 октябрь

Бош

Ушбу соҳадаги оғриқ кўпинча организмнинг зўриқиши, стресс ва сурункали чарчоқ оқибатида келиб чиқади. Бошингиз оғришни бошлаганида дастлаб, қон босимингизни ўлчатинг. Агар ўзгаришлар бўлмаса, демак муаммо қон босими билан боғлиқ эмас.

Бўйин

Умуртқа поғонасидаги ўзгаришлар, энсада туз йиғилиши, бўйиннинг орқа қисмидаги нерв толаларининг шамоллаши ушбу соҳада оғриқни пайдо қилади. Оғриқсизлантирувчи суртмалар ва уқалаш машқларига чалғимасдан шифокорга мурожаат этинг.

Елка

Руҳшунослар елкадаги оғриқни инсоннинг руҳияти билан боғлашади. Куйинчак, бошқаларнинг муаммосини ҳам ўзиникидай қабул қиладиган кишиларда елка оғриқлари тез-тез учраб тураркан. Боиси эса фаҳмлаганингиздек ортиқча юкни елкага ортишдир.

Куракнинг орқа  қисми

Агар орқа куракнинг ўнг қисми оғриса, юрак фаолиятига аҳамият бериш лозим. Агар оғриқ курак бўйлаб ёйилса, нерв толаларининг шамоллашидан дарак бўлади.

Бел

Туз йиғилиши, оғир кўтариш, суяклардаги ўзгаришлар, аёлларда жинсий аъзодаги яллиғланиш жараёнлари билан боғлиқ бўлади. Белдаги безовталикка бефарқ бўлиш ярамайди. Албатта, мутахассисга учрашиш лозим.

Тирсак

Камдан-кам ҳолларда кузатиладиган оғриқ бўлса ҳам эътибордан четда қолдирманг. Тирсакдаги оғриқ агар у чап қўлда бўлса, юрак қон-томир фаолиятига ишора қилиши мумкин. Агар ўнг қўлда бўлса, лат ейиш ёки суяк билан боғлиқ ўзгаришларга ишора қилади.

Қўллар

Қўлларнинг увишиб оғриши фақат юракка боғлиқ эмас, вегетатив нерв тизимидаги бузилишлар ҳам қўлларда акс этиши мумкин. Шу билан бирга қўлдаги оғриқ умуртқа поғонасидаги бирор ўзгаришдан ҳам содир бўлади.

Бўкса

Тана вазнининг меъёрдан ортиқча эканлиги, бўксанинг оёқ билан бирлашган қисмига зўриқиш тушиши туфайли яллиғланиш келиб чиқиши сабаб оғриқ кузатилиши мумкин. Шунингдек, кескин ҳаракат қилинганида ҳам бўкса соҳасида оғриқ юзага келади.

Тизза

Асосан туз йиғилиши сабаб тиззада оғриқ кузатилади. Бу пайтда уқалаш ёки иссиқ муолажалар билан овунмай мутахассис кўригидан ўтиш ва тўғри даволаниш зарур.

Оёқ кафти

Узоқ муддат тик оёқда туриш, вена қон томирлари билан боғлиқ муаммолар, организмнинг зўриқиши туфайли оёқ кафтида оғриқ кузатилиши мумкин. Уйда мойчечак ёки исириқли ванна қабул қилиб, оғриқни енгиллаштироласиз. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!