Кўз тагидаги «доира»лар. Уларни қандай йўқотиш мумкин?

14:59, 19 октябрь

Баъзи аёлларнинг кўзлари тагида кўкимтир «доира» пайдо бўлганини кўриш мумкин. Ёш ўтгани сари бу «доира»лар анча кўзга ташланадиган бўлиб қолади. Бунинг бир қанча сабаби бўлиши мумкин. Асосий сабаб эса ирсият билан боғлиқ бўлиб, қуёш нури, асабийлашиш каби ҳолатларда чуқурлашиб кетади. Мутахассислар фикрига кўра, кўкиш доғларни йўқотиш мумкин. Бунинг учун қунт ва вақт керак. Уларни қандай кетказиш борасида турли қарашлар бор. Қуйида бу усуллар қанчалик фойда бериши ҳақида сўз юритамиз.

Уйқу

Гўзал бўлиш учун етарлича ухлаш лозим, дейишади. Шунда кўз остидаги «қопча»лар йўқолиб, қовоқларда шиш ҳосил бўлмайди. Кўз остидаги кўкимтирлик чарчоқ ёки уйқусизлик оқибатида юзага келган бўлса, улардан уйқу ёрдамида қутулиш мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, уйқуга ётганда бош тагига иккита ёстиқ қўйиш зарур. Бу пастки қовоқларда суюқлик оқимини камайтиради. Лекин баланд ёстиқда ухлаш оқибатида бақбақа орттириб олиш ҳеч гап эмас.

Фойдаси: уйқу саломатлик учун муҳим. У чарчоқ оқибатида юзага келган кўкимтирликни ҳам йўқотади.

Камчилиги: табиатан кўзларингиз тагида кўкимтирлик бўлса, тўйиб ухлаш бу муаммони бартараф эта олмайди.

Қуёшдан асранг!

Қуёш нурларида керагидан ортиқ юриш оқибатида ҳам кўз тагида кўкимтир доғлар пайдо бўлади. Чунки офтоб коллаген моддаси ишлаб чиқарилишини камайтиради, тери қурийди, кўз таги териси тортилади. Оқибатда тери остидаги томирчалар йириклашиб, ёрилади ҳамда кўкимтирлик ҳосил қилади. Бундай доғлар пайдо бўлишининг олдини олиш учун қуёшдан асровчи кўзойнак тақинг ҳамда офтобга қарши кремлардан фойдаланинг. Крем танлаганда эса таркибида ретинол борлигига аҳамият беринг.

Фойдаси: доимий ва узоқ муддатли таъсирга эга.

Камчилиги: кўз тагида кўкимтирлик пайдо бўлишининг олдини олади, аммо доғларни кетказмайди.

Тери учун махсус парҳез

Таомномангизда фойдали маҳсулотлар бўлишига аҳамият беринг. Бундай парҳез нафақат кўз ости териси, балки бутун тана терисини майинлаштиради. Кўк чой таркибидаги антиоксидантлар терини заҳарли моддалардан тозалайди, шамоллашни самарали даволайди. Балиқ ёғи таркибида эса каротиноидлар бор. Улар томирларни мустаҳкамлайди ва тери эластиклигини орттириб, рангини тозалайди. Тухум биотинга бой. Бу витамин тери саломатлигини сақлайди.

Фойдаси: соғлик учун фойдали. Тери рангини яхшилаб, майин ва юмшоқ қилади.

Камчилиги: табиатан кўзларингиз тагида кўкимтирлик бўлса, парҳез тутиш бу кўкимтирликни камайтириши мумкин, аммо тўла йўқ қилмайди.

Махсус крем

Қароқларингиз чарчаган бўлса, кўз тагидаги кўкимтирликни яширадиган махсус крем суртинг. Бундай кремлар кўз терисини қуёш нурларидан ҳам асрайди.

Фойдаси: қулай ва доғларни тамоман яширади.

Камчилиги: муаммони тўла ҳал қилмайди, яъни кўз тагидаги кўкимтирликни йўқотмайди.

Аллергияга қарши дори воситалари

Кўз тагидаги қора «доира»лар аллергик касалликларга мойиллик аломати бўлиши ҳам мумкин. Аллергияга қарши дори воситалари, яъни антигистаминлар қовоқдаги шишларни камайтириб, кўз остидаги аллергия сабаб ҳосил бўлган кўкимтирликни йўқотади.

Фойдаси: аллергияни ҳамда кўз тагидаги «доира»ларни даволайди.

Камчилиги: дориларни мунтазам равишда қабул қилиб бўлмайди.

Блефаропластика

Блефаропластика — пластик жарроҳлик муолажаси бўлиб, унинг натижасида қовоқлардаги ортиқча тери ва ёғ олиб ташланади, кўз мушаклари тортилади. Бу ҳам кўз тагидаги кўкимтирликни йўқотиш йўлларидан бири.

Фойдаси: ёшартиради, қарилик аломатларини орқага суради.

Камчилиги: жарроҳлик амалиёти шифохонада амалга оширилади, нархи юқори. Пойтахт клиникаларида блефаропластика амалиёти 550.000 сўмга амалга оширилади.

Мумкин эмас: қандли диабет, ички аъзолар ва юрак-қон томир касалликлари ҳолатида мазкур муолажани қўллаш мумкин эмас. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!