Онлайн танишув, яхшими ёки ёмон?

15:26, 19 октябрь

Кўпчилик дугоналарим ҳаётимга ҳавас қилиб, қандай танишганимизни сўраб-суриштирса, очиғини айтмайман, чунки улар тасаввуридаги севгимизнинг қадри тушиб кетадигандек туюлади. Биз турмуш ўртоғим билан интернетда танишганмиз! Севги тарихимиздан хабардор бўлган, шундай танишиб, оила қуриш мумкинлигига чиндан ишонган баъзи дугоналарим эса бир неча марта «виртуал муҳаббат»га алданиб қолишди.

Онлайн суҳбатларга эҳтиёж

Қизларнинг аксарияти ўқиш ва иш, уй юмушлари билан машғул бўлиб, кўча-кўйда, қаҳвахонада дуч келган билан танишишни ўзларига эп кўрмайдилар. Бунга уларнинг одоби йўл қўймайди, шарқона табиати бегоналар билан танишиш тугул, ҳатто бошини тузукрок кўтариб, рўпарасидаги одамнинг кўзига тик қарашга изн бермайди. Ҳар куни кўчада кўрадиган, кўнглига ўтирган йигит билан бир оғиз гаплашишни истаса ҳам ортиқча гап-сўзлардан, биров кўриб қолишидан қўрқиб, орият кучлилигидан, эҳтимол ёнидаги бахт қушини учириб юборган қизлар қанча... Компьютер, интернет деган нарсалар чиқди-ю, унда ўзинг кўрмаган, билмаган, синамаган одамлар билан ғойибона суҳбатлашиш, яқиндан танишиш, жоиз бўлса, кўришиш имкони пайдо бўлди.

Ижобий жиҳатлари

  • Табиатан камгап ёки тортинчоқлар учун айни муддао. Чунки бундай инсонларнинг ички олами ниҳоятда кенг ва тасаввурга бой бўлади. Ёзишмалар орқали эса ўзингизни тўлиқ намоён эта олишингизга имкон яралади.
  • Суҳбатдошингизни эркин танлайсиз. Яшаш жойи, ёшини ўзингизга мақбул вариантда белгилайсиз.
  • Онлайн учрашувлар учун ортиқча ҳаракату харажат (пардоз, либос) керак эмас. Интернет ва вақт бўйича лимитингиз бўлса бас. Бошқа ишларни бажариб ҳам ора-сира суҳбатлашиб туришингиз мумкин.
  • Унинг ёзаётганларидан мактабда қандай ўқигани, дунёқараши қанчалик кенглигини билиб олса бўлади. Имло хатоларининг ўзиёқ бундан хабардор қилади.
  • Ҳеч ким сизни «биттаси билан қўл ушлашиб кетаётган экан» (1 метр оралиқда юриб кетаётганингизни кўрса ҳам) деб ғийбат қилолмайди.
  • Суҳбатдошингиз расмингиз ёки ўзингиздан ҳам кўра биринчи бўлиб кўнглингиз билан танишади.
  • Сизда қарама-қарши жинс вакиллари билан қандай гаплашиш борасида кўникма ҳосил бўлади. Ўзингизга бўлган баҳоингиз ортади.
  • Агар суҳбатдошингиз ақлли, билимли бўлса, ундан кўп нарса ўрганасиз, ҳатто хорижий тилларни ўзлаштирсангиз бўлади.

Салбий жиҳатлари

  • Сиз ҳам, суҳбатдошингиз ҳам суҳбатларда кўп ёлғон ишлатасиз.
  • Интернетда танишганингиз учун ҳам йигитга эрмак, овунчоқ, текин тингловчига айланишингиз, у сизни жиддий қабул қилмаслиги мумкин.
  • Йигит ҳақидаги асл ҳақиқатни билиб олиш жуда қийин. Балки у уйланган ёки ажрашган бўлиб чиқар, банкда ишлайман, деб туриб, интернет кафеда админстраторлик қилиб ўтирар... Сиз холис одам топиб, уни суриштиролмайсиз.
  • Унга боғланиб қолишингиз, ҳамма сирингизни айтиб қўйишингиз мумкин. Бегона одамнинг нияти қандайлигини билмайсиз, кун келиб, сизни шантаж қиладиган даражага етиши мумкин.
  • Уни севаман деб ўйлайсиз-у, юзма-юз кўришиб, мулоқот қилмагунча бир тўхтамга келолмайсиз. Виртуал суҳбатдошлар эса реал учрашувдан жуда қўрқадилар. Ҳар ҳолда ҳаёт бошқа, хаёл бошқа.
  • Аватарга қўйилган расм, профилдаги видеоларингизни иложи бўлса бегоналар кўрмагани маъқул. Онлайн шайдоларнинг баъзилари буларни ҳам қайта ишлаб юборишга уста бўладилар.
  • Паспорт маълумотлари, манзил, телефон, иш жойи ҳақида маълумотга эга бўлган ҳавасмандингиз сиз истамаган пайтда, ҳатто алоқани узсангиз ҳам яна қаршингизда пайдо бўлиши мумкин.
  • Ёзишмаларда киши ҳаддан ортиқ эркин бўлгани учун ҳам орадан парда кўтарилиши, ёпиқ мавзулар очилиши мумкин.
  • Унинг ҳаракатлари, ўзини тутиши, кийинишини тасаввур қилолмайсиз, буларсиз инсон ҳақида якдил хулоса қилиш қийин.
  • Маънавий оламига баҳо берасиз-у, ижтимоий, молиявий аҳволини билолмайсиз.
  • Байрамларда электрон гулхатлару сайтлардан кўчирилган изҳорларга хурсанд бўлиб ўтираверасиз.
  • Сизга севги изҳор қилса ҳам ўзингизни «севилганман» деб тўлақонли ҳис қилолмайсиз…

 

Шунча салбий жиҳатлари бўлса, шаҳзодамни қаердан топаман, деган қизларжонга бир тавсиям бор. Агар ўзингизга озгина пишиқроқ бўлиб, сирингизни бой бермай, бор билимингиз ва муомалангизни ишга солиб, танлаб-танлаб суҳбатлашсангиз, ўзингизга керакли бўлган кимнидир албатта топасиз! Аммо ёдингизда бўлсин, унга буткул боғланиб қолманг, у одам интернетда бўладими ёки ҳаётдаги танишингизми, сиз танлаш имкониятига ҳамиша эгасиз!

АЗИЗА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!