«Ой» ширинлиги - хоҳласангиз олмалисидан, хоҳласангиз мандаринлисидан тановул қилинг!

09:36, 20 октябрь

Зарур масаллиқлар (16 кишилик): хамирига: 250 гр. творог, 1-1,5 стакан ун, 1 ош қошиқ сметана, 1 чой қошиқ юмшатгич (разрыхлитель), 2 дона тухум, 1 ош қошиқ шакар, туз.

Ичига солишга: 2 дона киви, 3 дона мандарин, 1 дона олма (меваларни хоҳишингизга қараб ишлатсангиз ҳам бўлади), яримта лимон шарбати, 3 ош қошиқ шакар, 2 дона тухум.

Тайёрланиши: 1. Киви ва олмани юпқа ярим ой шаклида тўғранг. Мандарин бўлакларини ажратинг. Меваларга лимон шарбати ва шакар сепинг.

2. Творог, сметана, туз ва шакарни қошиқ ёрдамида яхшилаб аралаштиринг. Тухумни ҳам солинг. Ун ва юмшатгични қўшиб, хамир тайёрланг. Хамирни ун сепган ҳолда 0,5 см. қилиб ёйинг.

3. Ёйилган хамирдан стаканнинг оғзи ёрдамида айланачалар кесиб олинг. Битта айланача ичига киви, бошқаларига олма ва мандарин солиб чиқинг. Кейин устидан кўпиртирилган тухум солинг. Айланаларни ярим ой шаклида тугинг. Юзига тухум суртиб, ёғланган патнисга теринг. 180 даражада қиздирилган газ печида 25 дақиқада пишади.

Тайёрланиш вақти: 1 соату 30 дақиқа.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!