Ўз-ўзингизга косметолог бўлинг!

09:47, 20 октябрь

Билмасангиз, билиб қўйинг: гўзаллик салонига борилмайди, айнан «ташриф буюрилади». Аёлларнинг бу ажойиб «қадамжо»сига бориш учун бирни иккинчисига улаш, рўзғордаги айрим нарсалардан воз кечишга тўғри келади баъзан. Турмуш ўртоғингизнинг «энди бир ой «причёсканг»ни еб ўтир» деган гапини эшитмаслик учун саҳифамизни диққат билан ўқинг. Унда ўз ўзингизга косметолог бўлиш сирларидан бохабар бўласиз.

Юз ва тери учун воситалар таркибида крем, лосьон ва ниқобларнинг терига сингишига ёрдам берувчи моддалар бўлади. Улар туфайли терининг силлиқлиги ва тиниқлиги сақланади. Аммо айрим кремлар терида аллергия қўзғаши мумкин. Бундай маҳсулотларни сотиб олмай, ўзингиз тайёрласангиз, бунинг афзаллиги шундаки, уларга нима қўшаётганингизни ўзингиз биласиз. Қолаверса, ҳамёнга ҳам фойда. Уй шароитида тайёрланган косметик воситаларнинг ягона «айб»и уларнинг тез бузилишидир.

Терини тозалаймиз

Юзни аввал унли пилинг ёрдамида тозалаб олинг. У қуриган тери ҳужайраларини тушириб, юзни тиниқлаштиради. Бунинг учун 2 ош қошиқ сули ёрмасини шунча миқдордаги туйилган бодом ва буғдой уни билан аралаштиринг. Унга қуюқ бўтқа ҳолига келгунича сут қўшинг. Тайёр пилингни юзга бармоқлар ёрдамида айланма ҳаракатлар билан суртинг. Сўнг илиқроқ сув билан ювинг. Энди юз териси ниқоб суртишга тайёр.

Ниқоб суртамиз

  • Хамиртуруш ва асал энг яхши бирикма. Хамиртуруш терини тозалаб, шамоллашни бартараф этади ва терининг кислород билан тўйинишини таъминлайди. Асал тинчлантирувчи таъсир кўрсатади, ажинларни йўқотади. Бунинг учун 2 ош қошиқ кукунли хамиртурушни 1 ош қошиқ асал, 2 ош қошиқ илиқ сут билан яхшилаб аралаштиринг, қумоқчалар қолмаслигига эътибор қилинг. Бу ниқобни юзга суртиб, ярим соатдан кейин ювиб ташланг.
  • Ёғсиз бодрингли ниқобнинг озиқлантирувчи хусусияти кам бўлса-да, у терини тиниқлаштириб, ажинлар йўқолишини таъминлайди. Бунинг учун бодрингни майда тишли қирғичдан чиқариб, шарбатини сиқиб олинг. Бодрингли аралашмага 1 ош қошиқ ёғсиз сметана ёки шакарсиз йогурт қўшинг. Бироз ун қўшиб, аралашмани қуюқ бўтқа ҳолига келтиринг. Ниқобни қалин қилиб юз терисига суртиб, 30 дақиқадан сўнг илиқ сув билан чайинг.

Ванна қабул қиламиз

Ҳар бир аёл асал солинган сутли ваннани орзу қилса керак. Уй шароитидаги бундай SPA-муолажасидан сўнг терингиз момиққина ва силлиққина бўлади. Хавотир олманг, бунинг учун ваннани сутга тўлдиришингиз керак, деяётганимиз йўқ, бор-йўғи 2 л. сут етади. Уни салгина қиздириб, ичида 10 чой қошиқ асални эритиб олишингиз мумкин. 37-38 даражали сув тўлдирилган ваннага ушбу аралашмани солинг-да, 10-15 дақиқа ётинг.

Соч ювамиз

Бир буханка жавдари ноннинг мағзини 2 стакан иссиқ сув билан то бўтқа ҳолига келгунича аралаштиринг. Совитиб, бош терисига суртинг. 20-30 дақиқадан сўнг илиқ сувда яхшилаб ювиб, 1 л. сувга аралаштирилган 1 дона лимон шарбати билан чайинг.

Муаммоли нуқталарни уқалаймиз

Албатта бундай нуқталарнинг ҳаммасини ўзингиз бажаролмайсиз. Масалан, елкага қўл етмаслиги мумкин. Бироқ қорин ва бўксани уқалашни ўзингиз амалга оширсангиз бўлади. Бунинг учун аввал бўксангизни шапатиловчи ҳаракатлар билан қиздириб олгач, енгил муштлаб чиқинг. Охирида силовчи машқларни бажаринг.

Қоринни уқалашни киндик атрофидан соат стрелкаси бўйлаб силашдан бошланг. Сўнг енгил чимчиловчи ҳаракат билан қорин атрофларидан киндикка томон қўлларни йўналтиринг. Муаммоли нуқталарни массажёр ёрдамида ҳам амалга оширса бўлади.

Уқалашни ёғ билан амалга оширган яхши. Бунинг учун 2 ош қошиқ исталган ўсимлик ёғига 2-3 томчи эфир ёғи томизинг. Тайёр косметик воситани уқалаш давомида ишлатиш мумкин.

ДИЛНОЗА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!