“Ўзнефтмаҳсулот” бензинга узоқ навбатлар юзага келаётгани сабабларини маълум қилди

10:48, 20 октябрь

“Ўзбекнефтмаҳсулот”акциядорлик компанияси сўнгги пайтларда Тошкент шаҳридаги АЁҚШларда юзага келаётган узундан узоқ навбатлар сабабларини келтириб ўтди
 
“Муҳтарам пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари! Сўнгги икки-уч кун мобайнида пойтахтдаги баъзи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШларда) автобензинга навбатлар кузатилмоқда. Мазкур ҳолат Сизларнинг ҳақли эътирозларингизга сабаб бўлмоқда, албатта. Бироқ бундай вазият “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компаниясига боғлиқ бўлмаган қуйидаги омиллар натижаси ўлароқ юзага келмоқда:

Биринчидан, шаҳримизга вилоятлардан қатнаётган кўпчилик автомобиллар эгалари чайқовчилик ниятида турли йўллар билан керагидан ортиқча миқдорда автобензин олиб чиқиб кетишмоқда. Бундай ҳолатнинг олдини олиш мақсадида компаниямиз томонидан “Ўздавнефтгазинспекция” ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан бирга профилактика чора-тадбирлари амалга оширилмоқда; 

Иккинчидан, айрим шов-шув ишқибозлари томонидан аҳоли орасида - “бундан кейин АЁҚШларда автобензин камайиб кетар экан”, – деган умуман ўринсиз хабарнинг тарқатилаётгани. Бу хусусда “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси шуни ишонтириб баён қиладики, юртимиздаги нефтни қайта ишлаш заводлари ёнилғи маҳсулотларини етарли ишлаб чиқармоқда ва бундан буён АЁҚШларга нафақат белгиланган миқдорда, балки унга қўшимча миқдорда ҳам автобензин етказиб бериш режалаштирилмоқда; 

Учинчидан, шуни таъкидлаш лозимки, юқорида баён этилган шов-шувларга учган автомобиль эгалари автобензинни керагидан ортиқдахарид  қилиб, ғамлаб олишга ҳаракат қилишмоқда. Хусусан, айрим автомобиль эгалари ўз уйлари ёки гаражларида автобензинни захира қилиб қўйишга киришишган. Кези келганда шуни алоҳида қайд этиш керакки, хавфли ёнилғи маҳсулотларининг махсус мослаштирилмаган жойларда сақланиши кўнгилсиз воқеаларга олиб келиши мумкин;

Тўртинчидан, статистик маълумотлардан кўриниб турганидек, бунга автомобиллар сонининг йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги ҳам муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқдаки, мазкур ҳолат, ўз навбатида, автобензин истеъмолининг борган сайин ортиб боришига олиб келмоқда, бироқ компаниямиз томонидан автобензин ишлаб чиқариш кўрсаткичларини белгилашда бу омил ҳам назарда тутилмоқда;

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси мазкур вазиятни барқарорлаштириш учун нефтни қайта ишлаш заводларида автобензин ишлаб чиқариш миқдорини мумкин қадар кўпайтириш, шу жумладан четдан қўшимча миқдорда углеводород хом ашёсини келтириш ва истеъмолчиларни автобензин билан тегишли миқдорда таъминлаш юзасидан барча зарур чораларни кўрмоқда.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва шаҳримиз меҳмонлари Сизлардан турли шов-шувларга ишонмасликни ва хавотирга берилмасликни, эҳтиёжингиздан зиёд миқдорда ёнилғи ғамламасликни ҳамда фаол фуқаролик позициясида туриб, юқорида баён этилган омилларнинг олдини олишда биз билан яқиндан ҳамкорлик қилишингизни, сўраймиз!”,—дейилади компаниянинг ҳайдовчиларга мурожаатида.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!