Бола онаси билиб қолмагунга қадар ҳар кун мактабга икки кишилик тушлик олиб борди. Сабаби...

10:59, 20 октябрь

Ўқув йилининг бошидан Дилан исмли бола онасидан битта бутерброд ўрнига иккита беришни сўрарди. АҚШлик Жозет Дюран ўғлидан бунинг сабабини сўрамади, шунчаки буни ўғлининг иштаҳаси зўрлигига йўйди. Аммо кунларнинг бирида у бу ҳақда сўрашга қарор қилди: «Болам, тўйиб кетмаяпсанми?» Бола шундай жавоб берди: «Бу битта бола учун. У тушликка уйидан ҳеч нарса олиб келмайди, менимча уларнинг пули йўқ».

Жозет ўғлининг бу ҳаракатидан лол қолди. Аниқланишича, ўғлининг дўстининг оиласида катта қийинчиликлар юзага келган: она ўғлини ёлғиз тарбиялайди, бунинг устига у яқинда ишини йўқотган ва жуда қийин аҳволда қолган. Бу ҳодиса Жозетни тўлқинлантириб, ўзини бир неча йил олдин даҳшатли аҳволга тушиб қолганини эслатди. У ёлғиз она бўлиб, бошқа уй ижарага олишга қурби етмай, қандайдир вақт машинада яшаб юрган. Ўғлини эса жамоат ҳожатхоналарида ювинтиришга мажбур бўлган.

У бошқа савол бермади, шунчаки ўғлига иккинчи одам учун тушлик тайёрлаб беришни давом эттирди. Кунларнинг бирида уни мактабга директорнинг олдига чақиришди. Ўша ерда у ўғлининг дўстининг онаси билан танишди. Диланнинг дўстининг онаси бу ҳолатдан хабар топиб, унга минатдорчилик билдириш учун чақиртирган. «Менинг ўғлимни овқатлантириб юрганингизни биламан ва бунинг учун сиздан минатдорман. Ҳозир мен иш топдим», — боланинг онаси Жозетга пул узатди.

Ланч-боксда онанинг хати: «Ёқимли иштаҳа, болалар!»

Бироқ у пулни олмади. Бундан ташқари ўғлининг ҳаракати унга сабоқ бўлди ва у ҳам бу йўлда нимадир қилиши мумкинлигини тушуниб етди. Волейбол жамоасидаги дугоналари билан улар $ 400 йиғишди ва мактаб ошхонасидаги моддий имконияти чекланган оилаларнинг болаларига тушликлар пулини тўлаб беришди.

«Сени яхши кўраман, ўғлим! Сен билан фаҳрланаман! Доим ўзинг тўғри деб билган йўлни тут! Сенинг мухлисанг».

Жозетнинг ҳатти-ҳаракатидан ОАВ хабар топди ва унинг иштирокидаги ролик бутун интернет оламини забт этди. 

Ёнингиздаги одамларга ёрдам беринг, меҳр улашиб яшанг!

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!