«Болаларим нега уришаверишади?»

14:48, 20 октябрь

Ўғлим ва қизим ўртасида жанжалнинг охири кўринмайди: ким биринчи бўлиб чўмилади? Овқат пайти дадасининг ёнида ким ўтиради? Кимнинг олмаси каттароқ? Энг арзимас нарсалардан баҳс бошлаб, албатта, уриш билан тугатишади. Бунга қандай барҳам бериш мумкин, а?

Сабаб

Бунинг бир қанча сабаблари бор. Аввало, улар ўртасида доимо ота-онанинг эътибори, меҳру муҳаббатини кўпроқ қозониш учун рақобат мавжуд. Иккинчидан, болалар катталар каби ён бериш, бир гапдан қолиш нималигини билишмайди. Улар «истайман, демак, меники» тамойилига кўра иш кўришади.  Шу сабабли бир неча бола катта бўлаётган оилада, айниқса, уларнинг ёши орасидаги фарқ кичик бўлса, жанжаллар тез-тез кузатилади.

Жазолаш

Аввало, оиланинг барча аъзолари ўртасида дўстона ва самимий муносабатлар бўлиши керак. Аҳил оилада ўсган болалар жанжалларга камроқ бош қўшишади. Бундан ташқари, болаларингиз, ким биринчи бошлаганию ким кўпроқ айбдорлигидан қатъи назар, уришсалар, қаттиқ жазоланишларини билсинлар.

Бир оилада ўсаётган болаларнинг баҳслашиши ва рақобатлашуви — одатий ҳол, аммо улар кўзлаган мақсадларига уриш-жанжал воситаси билан эришишга ўрганиб қолмаслиги керак. Шу боис уришқоқлик учун жазони ортга сурмай, жойида бериш лозим (кўчага ўйнагани чиқмаслик, ширинлик ёки севимли ўйинчоқдан маҳрум қилиш…) Яна болаларни уйнинг икки томонига жўнатиш, ўша ерда қимирламай ўтиришни буюриш ҳам мумкин. Фақат бу ҳар кимнинг ўз хонаси бўлмаслиги керак. Чунки бола ўз хонасида ўйинчоқлари, севимли буюмлари билан қолади ва қилган иши ҳақида ўйлаб кўришни хаёлига ҳам келтирмайди.

Аммо бундан аввалроқ, уларни бир-биридан кечирим сўрашга мажбур қилиш керак. «Мен ҳеч нарса қилмадим-ку, у сўрасин кечиримни»,  деган гапларга «сотилманг». «Икковинг уришдингми, икковинг кечирим сўрайсан, тамом вассалом!» Фарзандингиз сизнинг босимингиздан қутулиш учун эмас, аслида қилган ишининг ёмонлигини билиб, кечирим сўрасин.

Тушунтириш

Одатда, жанжалнинг сабабини билиб, бартараф этиш жуда қийин кечади. Чунки катталар қандай қилиб шу арзимас нарса учун уришиш мумкинлигини ҳеч қачон тушунишмайди. Аслида, гап сабабда эмас, сиз жанжални қандай бартараф эта олишингизда. Шундай қилингки, болалар кейинги сафар шунга ўхшаш вазиятда гапларингизни эслаб, уришишмасин. Олайлик, ака-ука битта жойни талашишаяпти: «Менинг жойим, мен ўтираман» мазмунидаги жанжал. Шунда аҳил ака-укалар ҳақида бирон ривоят, эртак сўзлаб беринг. Кимнинг қаерда ўтириши муҳим эмас, муҳими, ким акаси ёки укаси учун жойини бера олади, гап ана шунда дея боланинг онгига таъсир ўтказишга уриниб кўринг. Агар бу таъсир қилмаса, “икковингга ҳам йўқ”, деб ўша жойга ўзингиз ўтириб олинг. Болалар галма-галдан шу жойга ўтиришга рози бўлмасалар, умуман ундан айрилиб қолишларини тушунсалар, ўзаро келишишга мажбур бўлишади.

Жазоми ёки демократия?

Айрим ота-оналар болалар жанжаллашиб катта бўлишади, бунга қарши чоралар қўллаб, болани жаҳлини ичга ютишга мажбур қилсанг, унинг туйғулари лат ейди, ўз фикрини очиқ айтолмайдиган ношудга айланиб қолади, деган фикрни илгари суришади. Аммо моҳир педагоглар бу усулни ёқлашмаяпти. Чунки бола тарбияси бу суд мажлиси эмаски, унда ўз фикрини баён қилиш тамойили ҳамма нарсадан устун турса. Гап боланинг туйғуларидан-да юксакроқ ва қимматлироқ нарса — унинг тарбияси хусусида кетаяпти. Кичкинтой ўз ғазабини бошқаришни, муросаю мадора деган нарсаларни ўрганиши керак. Бу унга келажакда жуда керак бўладиган малакалардир. Демак, озгина қаттиққўллик ва талабчанлик асло зарар қилмайди!

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!