Тўёна қарзми ёки совға?

15:06, 20 октябрь

Саволга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман бош имом хатиби, «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли жавоб беради.

Мен бир корхонада кичик лавозимда ишлайман. Анча йил аввал ўғил уйлантирганимда, тўйга раҳбаримизни ҳам таклиф қилгандим. У киши тўйга келиб, менга тўёна берганди. Шу вақт ичида раҳбаримиз иккита тўй ўтказди. Лекин мен таклиф килинмадим. Бир ҳафтадан кейин у киши кенжа ўғилини уйлантирмоқчи. Воқеадан хабардор хизматдошларимнинг баъзилари «Тўёна, бу — қарз. Айтилмаган бўлсанг ҳам бирров бориб, табриклаб тўёнасини қайтар», дейишмоқда. Бошқалар эса «Айтилмаган жойга бориш уят. Тўёна, бу — совға. Қайтариш шартмас. Айниқса, раҳбарга пул олиб борсанг, уни ноқулай аҳволга соласан», деган фикрни билдиришмоқда. Энди мен қандай йул тутай?

— Тўёна қарз эмас, ҳадя. Уни қайтариш шартмас. Агар тўёна бераётган киши «Мана бу сенга қарз. Вақти келиб қайтарасан» деганида, ўша пулни қайтариш лозим бўларди. Пул бераётган киши «Мана буни олиб қўйинг», деб бирор нарсани шарт қилмадими, демак, қарз эмас. Тўёна олган одам имконини қилса, ўша одамга ҳам тўй вақтида бирор нарсада ёрдам бериши мумкин. Қодир бўлмаса, бермайди.

Киши чақирилган жойга – агар йиғин шаръий бўлса – бориши шарт. Агар ношаръий жойга таклиф қилинса, бормайди.
Киши бирор маросимга хонадон эгаси томонидан таклиф қилинмаган бўлса, бошқаларнинг «таклиф»и ҳисобга ўтмайди. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!