Қандай қилиб ойлик маошга ортиқча муаммоларсиз яшаш мумкин?

16:23, 20 октябрь

Барчамизга таниш вазият: ойлик оширилди, қарзлар тўланди, уй таъмирдан чиқарилди, техникалар харид қилинди ва ниҳоят, энди ойлик барча нарсага етиши керак. Бироқ ой охирига келиб, ёки маошга бир ҳафта қолганда азалий «пул талвасаси» бошланади: пул жуда кам қолганлиги учун ҳамма нарсадан иқтисод қилишга тўғри келади.

Шу заҳоти иш жойингизни бошқа, кўпроқ ҳақ тўланадиган ишга алмаштириш хоҳиши пайдо бўлади. Аслида, кўп ҳолатларда ҳамма гап ишингизда эмас, балки режалаштириш кўникмасининг йўқлигида бўлиб чиқади. 

“Дарё” нашри, “Ойликка яшаб, ҳамма нарсага етказишнинг иложи борми?” деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилди

1-қоида.
Асосий харажатларни ойлик олган кун, ҳеч бўлмаганда эртаси куни амалга оширинг. Нималарга энг кўп пул сарфлайсиз? Барча зарур нарсалар рўйхатини уларнинг тахминий нархи билан ёзиб чиқинг.

Масалан:
Бозор (тез бузилмайдиган маҳсулотлар) — 200—300 минг сўм;
коммунал хизматлар — 50—100 минг сўм;
мобил алоқа ва интернет — 100—200 минг сўм;
дори воситалари ва шахсий гигиена воситалари — 30—60 минг сўм.
(нархлар тахминий келтирилган ҳамда даромад ва эҳтиёжлар даражасига боғлиқ)

2-қоида.
Дўконга чиқишдан аввал рўйхат тузиб олинг. Бу орқали сиз ўйламай қилинадиган харажатлардан ўзингизни сақлайсиз. Акцияларга унча қизиқманг, камдан-кам ҳолларда улар ҳақиқатда фойдали бўлади.

3-қоида.
Бозор. Охирги вақтларда бозор ва дўконлардаги нархлар деярли бир хил бўлишига қарамасдан, йилнинг иссиқ кунларида харид учун бозорга тушишни тавсия этамиз. У ерда татиб кўриш ва савдолашиш мумкин. Дори воситалари, кийим-кечак ва маиший техникани эса улгуржи бозорлардан харид қилиш анча фойда келтиради.

4-қоида.
Ақчадон (копилка) юритинг — бу оддий конверт бўлиши ҳам мумкин. Унга ҳар эҳтимолга қарши даромадингизнинг 10—15 фоизини солиб қўясиз. Агар ундаги пулларни йил охиригача сарфламасангиз ўзингиз учун керакли бирор қимматроқ буюм харид қилишингиз ёки гардеробингизни янгилаб олишингиз мумкин.

5-қоида.
Энг муҳими! Пулларни беҳуда сарфламанг! Иродангизни чиниқтиринг ва смартфонингиз учун ўнинчи ғилофни харид қилишга шошилманг.

Унутманг, ҳаётимиздаги энг яхши нарсалар аслида бепул. Дўстлар билан табиат қўйнига ёки тоғга саёҳат (баъзи харажатларни талаб этса-да) навбатдаги қимматбаҳо кроссовкалардан кўпроқ ёрқин ҳодисага айланади.

Буюмлар улардан фойдаланиш учун, инсонлар эса севилиш учун яратилган. Акси эмас. Шуни унутманг!

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!