Ёш оналарга 8 тавсия

09:37, 21 октябрь

Табриклаймиз! Сизга дунёдаги энг буюк бахт насиб этибди. Она аталмиш шарафли номни олиш билан бирга, энди сиз нозик елкангизга фарзанд тарбияси ҳамда парвариши каби залворли юкни олдингиз.

 

1.Гўдак учун бебаҳо озуқа

Она сути таркибида чақалоққа зарур бўладиган витаминлар ва озиқлантирувчи моддаларнинг барчаси мавжуд. Бундан ташқари, у болани ҳар хил касалликлардан асровчи иммун факторларни ҳам ўз ичига олган бўлиб, сутнинг ҳарорати ҳам чақалоқнинг овқат ҳазм қилишини енгиллаштиради. Фарзандингизга кўкрак тутишда гигиена қоидаларига амал қилишни унутманг.

2.Бола учун қулай шароит яратинг

Боланинг ётоғи дераза ёки деворга яқин жойга қўйилмасин. Муҳими, хонада елвизак бўлмаса бас. Бола ухлаётганида унга қуёш нурларининг тўғри тушишидан ҳимоялаш керак. Хонани мунтазам равишда шамоллатиб туриш лозим, чунки болалар катталарга нисбатан кислородга кўпроқ эҳтиёж сезади. Хона намлигини нормал ҳолатда ушлаб туриш учун бирор идишда сув бўлиши керак.

3.Кийим масаласи...

Чақалоққа кийим танлаганингизда эътиборингизни фақат табиий матоларга қаратинг. Болани жуда ҳам иссиқ ўраманг, чунки у кўп терлайди. Бу ўз навбатида инжиқлик ёки овқат емаслигини юзага келтириши мумкин. Шунинг учун унга енгил ва унча иссиқ бўлмаган кўрпа харид қилинг. Болага ёстиқ керак эмас. Боланинг озодалигига эътибор беринг. Нам сочиқчалар сизга озодалик борасида беназир ёрдамчилар бўлиши шубҳасиз.

4.Чиниқтирувчи муолажалардан воз кечманг!

Ҳаво ёки қуёш билан чиниқтириш каби муолажа турлари билан қўшимча равишда сув ёрдамида чиниқтиришни мунтазам ўтказиб бориш фойдадан ҳоли бўлмайди. Болани нам сочиқ билан артиш ҳам чиниқтиришнинг бир тури ҳисобланади. Бунда момиқ ёки табиий матоли бошқа махсус сочиқлардан фойдаланиш зарур. Аввал қўллар, оёқлар, орқадан бошлаб, сўнг секин-аста бутун бадани артиб чиқилади.

5.Уйқу — болани ривожлантиради

Янги туғилган чақалоқнинг уйқуси бир суткада 16-18 соатни ташкил этади. Эркин ҳолатдаги уйқу боланинг суяк тизимини яхши ривожлантирибгина қолмай, балки унинг организмига ҳам яхши таъсир этиб, кислород билан таъминлашни ҳам яхшилайди. Ҳаракатсиз ётиш оқибатида мулоқот қилиш қобилияти чекланади ва фаоллиги сустлашади.

6. Сайрга чиқиш — роҳат!

Болани иложи борича ҳар куни сайрга олиб чиқиш лозим. Сайр болани чиниқтириш билан бирга атроф-оламга бўлган қизиқишини ҳам оширади. Маслаҳатимиз, тўғри тушадиган қуёш нурларидан асранг. Имкон қадар, сайр вақтларини эрталабки соат 9-11, кечки сайрни эса соат 15-17 оралиғида қилишга одатланинг. 

7. Ўз соғлиғингизга бефарқ бўлманг!

Болани кўкрак сути билан боқишга қарор қилган она тўйиб ухлаши, тўлақонли овқатланиши, мунтазам равишда очиқ ҳавода сайр қилиши лозим. Ушбу шартларнинг бажарилиши болага зарур миқдордаги сутни етказиб бериш имконини беради.

8. Илк кунларданоқ мустақилликка ўргатинг!

Гўдак уч ойлигидан бошлаб ташқи дунё билан таниша бошлайди. Шу вақтдан уни мустақил бўлишга ўргатиш лозим. Боласи  уйғониши биланоқ она у билан ўйнайди, гаплашади, кўтариб эркалатади. Бола бу ҳолатга тезда ўрганиб қолади, энди чарчаган она уни ўтқазиб қўйганида йиғлаб, онасига “кўтар” деб хархаша қилади. Болани ўйнатишни  ухлашидан олдин бошлаган маъқул. Шунда у уйқудан  олдин чарчайди ва давомли мулоқотни талаб қилмайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!