Ўзбекистонда 9 ойда инфляция даражаси 2,2% ташкил қилди

09:50, 21 октябрь

Ўзбекистон Республикасини 2016 йилнинг тўққиз ойида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Давлат статистика қўмитасининг ҳисоботи тақдим этилди.

Унга кўра Ўзбекистонда Ялпи ички маҳсулот ҳажми 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 7,8 фоиз, саноат ҳажми 7,2 фоиз, қишлоқ хўжалиги ҳажми 6,4 фоиз, чакана савдо айланмаси 14,2 фоиз ўсди. 

Юқори иқтисодий ўсиш суръатларига ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси, давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицити ва 2,2 фоизни ташкил қилган инфляция даражасининг пастлигини ифода этган макроиқтисодий барқарорликни сақлаш орқали эришилди. 

Саноатни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштиришга оид фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажмининг 9,4 фоизга ва пудрат-қурилиш ишларининг 15 фоизга ўсиши имконини берди. 

Жорий йил бошидан буён 2016-2020 йилларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури доирасида 9 мингта янги сервис объекти ташкил этилгани шу йилнинг тўққиз ойида кўрсатилган хизматлар ҳажмининг 12,4 фоиз ва ялпи ички маҳсулот таркибида хизматлар улушини 2015 йилнинг шу давридаги 51,2 фоиздан 51,7 фоизгача ошириш имконини берди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!