Гўзаллигимиз сири... жуда оддий!

11:09, 21 октябрь

Муштарийларамиз таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, «Нега санъаткор аёлларнинг ҳаммаси чиройли, қоматлари ҳам аъло даражада? Сирларини бизга ҳам ўргатишсин», дея сўрашди. Машҳур аёлларимиз билан боғлансак, қарангки, ҳаммаси оддий экан. Ишонмайсизми, марҳамат, ўзингиз ҳам танишинг. 

«Чаққон бўлинг, тўлишмайсиз!»


Райҳон УЛАСЕНОВА, актриса:
— Соч, юз, тери парвариши учун алоҳида вақт ажратиб, нимадирлар қилишга, тўғриси, вақтим йўқ. Доим югур-югурлар билан бандман. Рўзғор ишларининг ўзи ҳам бир фитнесдек гап. Шунинг учунми, қоматим билан боғлиқ муаммом йўқ. Гўзаллик борасида фақат бир қоидага амал қиламан. Пардоз воситалари, кремларнинг кислород билан бойитилган турини танлайман. Пардоз-андоздан чарчаган юзим бироз нафас олсин дейман-да. Сочларимга эса аргания мойидан суртаман. Бу уларни мустаҳкамлаб, ўстиради, қазғоқлардан халос этади, жилолантиради.

«Кам-камдан тез-тез»

Дилноза КУБАЕВА, актриса: — Мен ҳадеб косметлогга югурадиганларданмасман. Уйда тухум сариғига зайтун ёғи, асал ва лимон шарбати қўшиб (қуруқ юз териси учун), ниқоб тайёрлайман. 15 дақиқага юзимга суртиб, кейин кўк чой билан ювиб ташлайман. Юз теримни кўпинча мойчечак дамламаси билан артаман. Қаймоқ ва қатиқни аралаштириб ҳам ишлатаман. Сочларимга келсак, ойда икки-уч марта уларга пиёз шарбати суртаман. Бу тўкилишининг олдини олади. Уларни сунъий бўёқлар эмас, хна билан бўяйман.

Овқатланишда меъёрга амал қиламан. Кам-камдан тез-тез овқатланиш ортиқча ёғлар ҳосил бўлишига йўл қўймайди.

«Ўсмада гап кўп!»

ШОДИЁРА, раққоса: — Ҳар ҳафта қошларимга ва киприкларимга ўсма қўяман. Ўзбекона гўзаллик сири бу. Кечки пайт эса қошларим ва киприкларимни махсус тозаловчи восита билан артаман. Яна бодом ёғи суртиш ҳам жуда фойдали. Юз парвариши учун эса мева ва сабзавотлардан қилинган тайёр ниқобларни ишлатаман. 

«Туғруқдан сўнг спортчига айландим»

Севара СОЛИЕВА, актриса: — Туғруқдан кейин семириб кетмаганим ҳаммани ҳайрон қолдираяпти. Қоматимда ўзгаришлар бўлди, албатта. Ҳозир парҳезлар ҳам тутолмайман. Қоринни кетказиш учун пресс машқларни бажараяпман, иложи борича ичкарига тортиб юрибман. Гўзаллик бўйича эса муҳим қоидага амал қиламан: юзимга нимадир тошса, унга қўлим билан тегмайман. Бу МУМКИНМАС! Ҳар куни ухлашдан аввал озиқлантирувчи кремлардан фойдаланаман.

«Пардоз билан ухламанг!»

Дилдора РУСТАМОВА, телебошловчи: — Махсус воситалар ёки ниқоблардан фойдаланмайман. Вақт масаласи муаммо. Аммо ҳеч қачон макияж билан ухламайман. Аёлларга ҳам тавсиям шу. Кечки пайт пардоздан юзни тозалаб, махсус тунги крем суртинг. Эрталаб ҳам кундузги кремдан фойдаланинг. Шартмас дея, беэътибор бўлманг. Улар таркибида юзни ҳимояловчи моддалар мавжуд. Яна бир гап, эрталаблари ярим соат югурсангиз, «Вой, тўлишиб қолибман» жумласини унутасиз.

«Жонимнинг ҳузури — йога»

МАНЗУРА, хонанда: — Тўрт йилдан буён йога билан шуғулланаман. Ҳар куни 2 соат вақт ажратаман. Хизмат сафарларига ҳам махсус гиламчасиз бормайман. Бу нафақат қомат учун фойдали, балки асабларни ҳам тинчлантириб, саломатлигингизни мустаҳкамлайди.

«Иштаҳамни хафа қилмайман»

Ойхон ИФОРЗОДА, хонанда: — Сочларимга ханталли ниқоб ишлатаман. 1 дона тухум, 1 чой қошиқ хантал ва 2 ош қошиқ қатиқни аралаштириб, соч илдизларига суртинг. Ярим соатдан сўнг шампунь билан ювинг. Бу ниқоб соч толаларини мустаҳкамлаб, ўстиради. 

Иштаҳам карнай бўлгани учун ширин егуликларин кўрсам, қоматим ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайман. Шу сабаб доим спорт машғулотларига қатнашиб, ҳафтада икки марта парҳезли кун эълон қиламан. Масалан, сут маҳсулотлари, мевалар билан чегараланаман, холос.

«Витаминли уколлар қаришдан асрайди!»

Жамила ҒОФУРОВА, актриса: — Кечқурун 1 соат яйёв юрардим, югурардим. Охирги пайтларда бунинг учун вақт тополмаганим сабаб бироз вазним тўлишгандек. Сочларимга раҳмим келади, улар бўёқлар сабаб куйган. Энди чора сифатида зардоб билан мунтазам чаяман. Юз парвариши масаласида эринчоқлик қилмаслик керак. Оддий шарти, масалан, салат тайёрлай туриб, бодрингни суртиб олиш ҳам анча фойдали. Кейин юз терисига витаминли уколлар олишнинг ҳеч хавфли томони йўқ. Бу муолажа уларни эрта қаришдан, ажинлардан асрайди.

«Нам сочни тараманг!»

ШИРИН, хонанда: — Сочларим узунлиги ва мустаҳкамлигига кўпчилик ҳавас қилади. Уларга доим бодом, канакунжут ёғи суртаман, тухумли ниқоблар қиламан. Қатиқ билан ювиш ҳам самарали. Кейин ҳеч қачон нам пайти тарамайман. Чунки кўп тўкилади ва синиб қолади толалар. Аввал яхшилаб қуритиб, кейин тарайман. Юзларимни эса сутда чайишга одатланганман. 

МУХЛИСА тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!