Аччиқ дардга – аччиқ пиёз даво

12:09, 21 октябрь

Шамоллаш ва тумовга қарши самарали малҳам саналмиш шифобахш пиёз аёлларнинг гўзалликка дахлдор муолажаларида ҳам беназир восита бўла олади.

 

Сўгал ва пиёз  

Сўгалдан халос бўлиш учун пиёз пўстидан тайёрланган малҳамни суртиш керак. Яъни пиёз пўстини яхшилаб майдалагач, уни 3:1 нисбатда эритилган қўй ёғи билан аралаштириш лозим. Агар ҳайвон ёғини қўллашни истамасангиз, дорихона вазелини ёки исталган ёғли кремдан  фойдаланишингиз мумкин. Ушбу малҳамни кунига бир бор уйқудан аввал сўгал устидан суртасиз ва дорингизни совутгичда сақлайсиз. 

 

Дармондорилар хазинаси

  • Организмнинг умумий ҳолатини яхшилаш учун 1 пиёла пиёз пўстини 1 литр қайнаган сувда 20 дақиқа дамлаб, кунига 3 – 4 марта ичиб туринг.
  • Дармонсизликни бартараф этишда пиёз пўсти ва фойдали мевалардан таёрланган дамлама жуда қўл келади. Бундай шифобахш ичимликни тайёрлаш учун 2 ош қошиқ майдаланган пиёз  пўсти, 1 ош қошиқ наъматакка 2 стакан қайнаган сув солиб, иссиқ туриши учун 2 соат ўраб қўйинг. Сўнг уни сузиб олиб, кунига беш ош қошиқдан уч маҳал истеъмол қилинг.

Варикоз муолажаси 

Аёлларнинг ашаддий душманларидан бири ҳисобланмиш варикозни даволаш ва унинг олдини олиш учун ҳам пиёз кўмакка келади. Варикоз профилактикасида ойига икки марта 3-4 литр пиёз пўсти дамламасидан оёқ учун ванна қабул қилиш лозим.

Агар касаллик белгилари пайдо бўла бошласа, пиёзли малҳам  сизга ёрдам беради. Бунинг учун:

  • бир пиёла майдаланган пиёз пўсти
  • 100 мл. ўсимлик ёғи
  • 2 чой қошиқ олма сиркаси

Буларнинг барини аралаштириб, ўн тўрт кун салқин жойда сақлаш лозим.

Даволаш усули:

Уйқу олдидан аввал пиёз дамламаси билан 20 дақиқа ванна (оёқ учун) қабул қилинади. Сўнг оёқни совуқ сувда чайиб, тайёр малҳамдан суртилади.  

Сочларим жилоли бўлсин десангиз

2 ош қошиқ пиёз пўстини 2 ст. қайнаган сувда 6 соат дамлаб, соч илдизига суртиш керак ва 30-40 дақиқадан кейин чайиб ташланади.  Икки ой мобайнида ҳафтасига икки бор шундай муолажа қилсангиз, натижасидан мамнун бўласиз.

Шунингдек, пиёзли дамлама табиий бўёқ ҳисоблангани учун сочга олтинранг жило беради.  

Ажинлар кушандаси

Бир дона пиёзни пўсти билан бирга юмшоқ  бўлгунича қайнатасиз. Сўнг эзиб, ёғли сметана ёки қатиқ билан (1:1 нисбатда) аралаштирасиз ва юзингизга суртасиз. Орадан 15-20 дақиқа ўтгач эса сўнг илиқ сув билан чаясиз. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!