«Ўғлим жувонга ошиқ...»

12:20, 21 октябрь

Таҳририятга бир неча кун давомида қўнғироқ қилиб, «Дардим бор, кимгадир юрагимдагиларни айтмасам, қийналиб кетдим», дея йиғлаб, сўзини давом эттира олмай, гўшакни қўйиб қўйган аёл охири ўзида журъат топди.

— Синглим, гапни нимадан бошлашни ҳам билмайман. Шу кунларда бошим қотган. Нима қилиш, қандай йўл тутишни билмайман. Энг ачинарлиси эса қандай қарор қабул қилсам ҳам, кўнглимга қарши, ўзимга қарши бўлади. Боланинг дарди ёмон бўларкан-да. Не-не умидлар-ла улғайтирганинг бир куни юрагингдаги орзуларни топтаб, қўйнингни пуч ёнғоқ тўлдирса... Аммо илож топиш қийиндан қийин экан. Худди юрагим яраланган-у, уни кўксимдан юлиб олиб, отолмайман, кўтариб ҳам юролмайман.

Бир қиз, икки ўғлим бор. Ёшим элликдан ошди. Турмуш ўртоғим билан ўттиз йиллик умримиз давомида турмушнинг муштларига чидаб келаяпмиз. Оила оила бўлгунча кўп чиғириқлардан ўтаркан одам. Бир-бирингизни тушуниб яшаш кўп нарсани ҳал қиларкан ҳаётда. Уч фарзандимизни бир оёғимиз ишда, бир оёғимиз уйда бўлиб катта қилдик. Нимаки қилсак, боламга дедик. Ўқитдик, учаласи ҳам олий маълумотли. Қизимни узатганмиз, бири-биридан ширин невараларимиз бор. Энди келин тушуриб, роҳатини кўрамиз, деб турганимизда тинч, осойишта хонадонимизда тўфон кўтарилди-ю, ҳамма умидларим ғарқ бўлди...

Акмалнинг ёши йигирма олтида. Бундан анча илгари бир қишда оёғим қаттиқ совуққотиб, шамоллагани учун, охирги пайтларда оғриқ кўп безовта қилаяпти. Ҳовлининг ишларига, рўзғор ташвишларига қийналиб қолганман. Шунга ҳам, Акмал ўқишини тугатиши билан унинг бошини икки қилмоқчи бўлдик. Аммо ўғлим:

— Ойи, дада, ишга жойлашай, бир-икки сўм пул топадиган бўлай, кейин уйланаман, — деди.

— Мен ҳам ишли бўлгач, оила қурганман, болам, — деб дадаси ҳам унинг узоқни ўйлайдиган, масъулиятни ҳис қилаётганидан хурсанд бўлди.

Мана, уч йил ичида, кўз тегмасин, омади келиб, яхши жойда ишлайди. Топиш-тутуши, юриш-туриши жойида эди. Бир-икки бор «Кўнглингга ёққан қиз бўлса айт, бошини боғлаб қўяй», деб юрагига қўл солдим. Аммо ўғлим доим саволимни жавобсиз қолдирарди. Мен буни унинг тарбияли, андишали эканлигига йўярдим.

Охирги бир ой эса ҳамма ўйларимни остун-устун қилиб юборди. Уйланиш масаласини қатъий олдига қўйганимиздан кейин дардини айтди. Бу дард эса мени адойи тамом қилаяпти. Аввалига «Суйганим бор, фақат пойтахтлик эмас-да», деб иккиланиб сўз очди. Дадаси билан қизни суриштириб, агар яхши оиланинг фарзанди бўлса, келин қилишга аҳд қилдик. Манзилини сўрасак, яна гапни пайсалга солди. На қизнинг суратини кўрсатади, на у ҳақда бирор маълумот айтади.

Бир куни кенжа ўғлим ёнимга келиб, телефонида бир жувоннинг суратини кўрсатди.

— Ойи, сизга айтсам-айтмасамми, деб юргандим. Мен ҳам яқинда хабар топдим. Акам уйланмоқчи бўлган шу, — деди тутила-тутила.

— Нима деяпсан? Бу кап-катта аёл-ку! Қаердан олдинг бу гапни, расмни-чи? — дедим ҳайратланиб.

— Интернетдан. Акамнинг ўзи ўтган ҳафта айтди менга. Кейин унинг «Одно»даги профилига кириб, излаб топдим бу расмни, — деди у.

Ишонмадим, ишона олмадим. Дадасининг ишдан келишини ҳам кутишга сабрим етмади. Акмал уйга келиши билан ёнимга чақириб, босиқлик билан гаплашдим.

— Болам, укангнинг гаплари тўғрими? Нима гап ўзи? Қандайдир тузоққа тушиб қолмадинг-ми?

— Ойи, уни яхши кўраман, уйлансам, фақат Маликага уйланаман, — деди у нигоҳларини ерга қадаб.

Бу сўзлардан фиғоним фалакка чиққани рост. Бир йиғлаб, зорланаман, бир аччиқ устида гапираман. Акмал эса жим ўтираверарди. Хўжайиним ишдан келиб, қизарган кўзларимдан уйда нимадир бўлаганини тушунди. Ҳаммасини айтиб берганимдан сўнг, ўғли билан алоҳида гаплашди.

Бир кун ичида уйимиз дўзахга айлангандек. Ҳали қаттиқ овозда ўғлимни уришамиз, ҳали пана-паналарда ҳамма бошини хам қилиб, кўзёш тўкади. Акмалга эса ҳеч нарса таъсир қилмайди. Бир дадаси билан боламизни чиройликкина, ақллигина қизга уйлантириб қўймоқчи бўлдик. Аммо Акмални мажбурлармиз-у, бироқ оиламизга келин бўлиб келган гулдек қизнинг умрини хазон қиламизми, деб бу фикримиздан қайтдик. Ўша аёлнинг ўғлимдан ҳомиладорлигини эшитиб эса энди олдимизда бирорта йўл йўқлигини тушундим. Ҳомила беш ойликдан ошган экан.

Охири эрим мени уникига жўнатди. Ўғлим бу жувон учун уй ижарага олган, яхшигина таъмирлатиб берган экан. Бордим. Қўлларим қалтираб, юрагим тилка-пора бўлиб қўнғироқ тугмасини босдим. Эшикни суратдагидан-да каттароқ ёшли аёл очди. Билсам, Малика Акмал айтгандек, ўттиз икки эмас, ўттиз етти ёшда экан.

Бир қизи билан саккиз йил олдин турмушидан ажрашган экан. Қизи қишлоқда ота-онасиникида туракан, аллақачон мактабга бораркан. Ўғлим билан интернетда танишиб қолишган. Олдинига Акмал унинг ёши катталигини билмаган. Чунки фақат интернет орқали ёзишар, телефонда гаплашарканлар. Орадан бир йил ўтгач, учрашишган. «Бизнинг муносабатларимиздан ким ҳам хабар топарди» қабилида бошланган ўйин ўзларининг тили билан айтганда «муҳаббат»га айланган. Аввалига уч-тўрт ойда учрашиб туришган. Тўрт йил деганда қиз пойтахтга, опасиникига кўчиб келган. Ўғлим билан никоҳ ўқитиб олишганмиш, бу гап ростми, йўқми, билмайман. Охири Акмал унинг учун ижарага уй олган. Жувоннинг айтишича, Маликанинг қишлоғига бориб, ота-онасидан фотиҳа ҳам олишган экан. Биз эса тўрт йил келинга деб сарпо йиғиб, тўй қиламиз дея орзуларга берилиб, кўз остимизга қизларни олиб юраверганмиз. Ўғлимга неча бор «Қанақа қилиб опангдан ҳам катта аёлни севишинг мумкин?! Ахир у оила кўрган жувон! ҳозир кўзинг кўр, бир-икки йилдан сўнг пушаймон бўласан», десам ҳам, индамайди. Аёлга ҳам гапирдим. «Укангиз тенг бола-ку! Ақалли қизингизнинг олдида уялинг», дедим. У ҳам жавоб бермайди. Фақатгина йиғлади.  

Ҳозир «Акмалнинг тарбиясида қаерда хато қилдик?» «Нима учун бундай бўлди? Энди нима қиламиз?» деган саволлар қуршовида қолганмиз. Аммо жавоб топилмаяпти бирортасига. Эл-юрт ичида жувонни тўй қилиб, келин қилишга ор қиламиз. Номига уйлантириб, таваккал қилишга виждонимиз йўл қўймайди. Туғилажак болани етим қилишга ҳам қўлимиз бормайди.

Мана, ўтган ҳафта Акмал уйдан чиқиб кетди. Ўша жувон билан яшаяпти. «Болам, кечирмайман», дея зор қақшаб қолавердим. Лекин нима бўлганда ҳам фарзандимга бўлган муҳаббатимни нафратга айлантиришнинг иложи йўқ-ку! Ахир онаман! Чидашим кераклиги, вақт бирор ҳукм чиқаргунча кутишим кераклигини ўйласам, азобланаман... Ҳеч бир онанинг бошига бу кунлар тушмасин...

 

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА ёзиб олди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!