Россиялик аёл омадсиз пластик жарроҳлик туфайли ўзи ва 8 ёшли ўғлининг жонига қасд қилди

12:31, 21 октябрь

Россиянинг Омск шаҳрида даҳшатли ҳодиса юз берди. 33 ёшли Анна ўз жонига қасд қилди. У ўзи билан бирга 8 ёшли ўғлининг ҳам ўлимига сабаб бўлди. Бу ҳақда “Cosmo.ru” хабар бермоқда.  

Анна кўп қаватли уйнинг 9 қаватидан қўлида ухлаётган 8 ёшли ўғли билан бирга сакраган. 

Аннанинг танишлари ҳозирга қадар юз берган ҳодисадан ўзига келолмаяпти. Марҳуманинг ҳаёти хавас қилгулик даражада эди: Унинг севимли турмуш ўртоғи, фарзанди бор эди. Бироқ, кейинчалик маълум бўлишича, эр-хотинларнинг муносабатлари сўнгги пайтларда совиган эди. Улар 2 йилдан бери алоҳида яшаётган эди. Бу йил ажрашишга қарор қилишган эди. 

Омск вилояти тергов бошқармасининг маълумот беришича, Анна ўз жонига қасд қилиши сабабларини ёзиб, хат қолдирган. У эри билан ажрашиш жараёнини бошдан кечираётган эди. 

Анна бундан аввал ҳам бир неча марта жонига қасд қилишга уринган. Бунга сабаб эса бурнини тўғирлаш бўйича омадсиз ўтказилган жарроҳлик амалиёти бўлган. Ўшанда уни на ота-онаси, на эри, бир сўз билан айтганда ҳеч ким қўллаб-қувватламаган эди. Аксинча, улар вазиятни янада чуқурлаштиришди. Аннани психоневрологик диспансердан рўйхатдан ўтишга мажбурлашди. 

 “Аннани ўз жонига қасд қилиш даражасигача олиб боришди. Шунга мажбур қилишди”,—дейди марҳуманинг дугонаси. 

Анна бироз аввал оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган эди. Мазкур ҳолат ҳам унга қаттиқ таъсир кўрсатган. Ўлимидан олдин ёзган хатида у барча яқинларига мурожаат қилди ва “Мана шу дард билан яшанг!” деган аламли таънани ёзиб қолдирди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!