Картошкадан рулет - гўштсиз ҳам бетакрор ва мазали таомлар тайёрлаш мумкин!

14:45, 21 октябрь

Зарур масаллиқлар (4 кишилик): 700 гр. картошка, 75 гр. пишлоқ кириндиси, 2 дона тухум, 1 бош пиёз, 1 тадан сабзи ва қизил булғор қалампири, 4 ош қошиқ ун, 1 ош қошиқ сметана, 1 чой қошиқ томат, майдаланган кўкат, ўсимлик ёғи, 1-2 боғ кашнич, майдаланган қора мурч, туз.

Тайёрланиши: 1. Картошкаларни пўстидан тозалаб, қайнатинг. Қайнаб чиққач, паст оловда яна 20 дақиқа қайнасин. Кейин сувини тўкиб ташлаб, иссиқ ҳолида эзинг.

2. Эзилган картошкага 1 дона тухум, туз, қора мурч, ун солиб, яхшилаб аралаштиринг. Аралашмани намланган тоза салфетка устига ёйинг.

3. Пиёз, сабзи, қизил булғор қалампири ва кашнич бандини сомонча шаклида тўғранг. Қиздирилган ўсимлик ёғида қовуринг. Томат солиб, 5-7 дақиқа қовуришда давом этинг. Сўнг майдаланган кўкатни қўшинг.

4. Сабзавотли қовурмани ёйилган картошкали аралашма устидан солиб, нам салфетка ёрдамида рулет шаклида ўранг. Қолган 1 дона тухумни сметана билан аралаштириб, рулет устидан суртинг. Пишлоқ қириндисини ҳам сепиб, 160 даражада қиздирилган газ печига 30-40 дақиқага қўйинг.

Тайёрланиш вақти: 1 соату 25 дақиқа.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!