ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси Сарвар Саъдуллаевич Отамуратовнинг Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси V Cъездидаги маърузаси

15:19, 21 октябрь

Ассалому алайкум, ҳурматли делегатлар!

Партиямизнинг бугунги Съезди мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси қизғин босқичга кирган бир пайтда ўтмоқда. Ушбу сайлов Ватанимиз мустаҳкам ва барқарор сиёсий тизимга, жаҳон андозаларига жавоб берадиган демократик сайлов қонунчилигига эга эканлигини яна бир бор намойиш этиши шак-шубҳасиздир.

Истиқлол йилларида Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий  соҳаларда кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилди. Халқимиз қалби, онг-тафаккурида фуқаролик ҳисси ва масъулияти, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси кучайиб бормоқда. Фуқаролик жамияти институтлари таъсири ошиб, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари  жамият ва давлат қурилиши жараёнида фаол иштирок этишлари учун қулай ташкилий, ҳуқуқий ва бошқа зарур шароитлар барпо этилди. Халқаро миқёсда эътироф этилиб, бугунги тараққиётимизнинг ҳаётий дастурига айланган беш тамойил асосида ислоҳотлар бардавомлигини таъминлаш, бошланган улуғвор ишларга жўшқин суръат бахш этиш учун  мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий тараққиётимизга эришишда тўпланган  тажрибалар, улкан тарихий, маданий, бой маънавий-ахлоқий қадриятлар ва анъаналар асосида жамиятда юксак ҳуқуқий ва сиёсий маданиятни мустаҳкамлаш ҳамда маънавий юксалишга эришиш зарурлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг мақсади — миллий тикланишдан миллий юксалишга эришиш ғоясини амалга ошириш, ички сиёсатда иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши, халқимизнинг фаровонлиги ошиши, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатда миллий манфаатларни ҳимоялаш ва илгари суриш, Ўзбекистон халқининг миллий-маданий ва маънавий-ахлоқий қадриятлари, урф-одатларини сақлаш ва бойитишдан иборат. Ана шундай эзгу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифаларни ҳал этишни  сайловолди Дастурга киритмоқдамиз. Жамоатчилик ва партиямиз электоратига яхши маълумки, партиямиз маънавий-маърифий соҳани ўзининг дастурий мақсад-вазифалари ичида етакчи ўринга қўйган. Чунки, ўзлигини англаган, қадрият ва анъаналарини эъзозлаган, тарихий хотирасини асраган халқ иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар тараққиётга юз тутади. Мамлакатимизда бу соҳада эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш, амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз доимо миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғусини мустаҳкамлаш масалаларига устувор аҳамият берганмиз ва бундан буён ҳам ушбу ҳаётий масалалар диққат-марказимизда бўлади. Миллий тикланиш, авваламбор, миллий ўзликни англаш демакдир. Ушбу ғоядан келиб чиқиб, биз қуйидагиларни қўллаб-қувватлаймиз.

Халқимизнинг бетакрор ва улуғвор тарихий, маданий ва интеллектуал мероси, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш ва бойитиш, унинг ютуқларини навқирон ва баркамол авлод орасида кенг тарғиб қилиш тарафдоримиз. Миллий манфаатлар ва миллий қадриятларимиз ҳимояси — бизнинг бош вазифамиздир.

“Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ”тамойили асосида халқимиз тарихини холис ва тизимли ўрганиш, бу борада ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунини баҳолашда бирёқлама ёндашувларга, нохолисликка йўл қўймаслик, Ўзбекистон тарихининг бузиб, сохталаштириб талқин этилишига қарши курашамиз. Ўзбекистонда умумжаҳон аҳамиятига молик бўлган жуда кўплаб тарихий-маданий ва архитектура ёдгорликлари мавжуд. Музейлар, архивлар ва кутубхоналарда жуда қимматли қўлёзмалар, экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатлари сақланмоқда. Бундай улуғвор тарихий меросни асраб-авайлаш ва ҳисобга олиш бўйича муайян ишлар қилинган бўлса-да, ўрганишлар шуни кўрсатдики, ҳали бир қатор маданий мерос объектларимиз ҳисобга олинмаган, экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатлари тўлиқ тоифалаштирилмаган. Ана шулардан келиб чиққан ҳолда маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, ҳисобга олиш ишларини такомиллаштириш талаб этилади, музейлар, архивлар, кутубхоналар ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштириш, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш зарур. Ўзбек халқининг тарихий-маданий мероси ва маданий ёдгорликлари умумжаҳон аҳамиятига молик эканлигини эътироф этиб, шаҳарларимизнинг миллий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш лозим. Архитектура ёдгорликларини асраб-авайлаш,  қайта таъмирлашга кўмаклашиш ва бугунги кунгача ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига кирмаган осори-атиқаларни унга киритишда фаоллик кўрсатиш — асосий вазифамиздир. Бу ва соҳадаги бошқа масалаларни ҳал этиш учун Моддий маданият меросини қайта тиклаш ва капитал таъмирлаш жамғармасини ташкил этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Маълумки, асрлар давомида буюк алломаларимиз томонидан яратилган бебаҳо маънавий дурдоналар тарих тақозоси билан чет мамлакатларда қолиб кетган ёки олиб чиқиб кетилган. Биз мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда хорижий мамлакатлар кутубхона, архив ва музейларида сақланаётган ўзбек алломалари, мутафаккирлари ва ёзувчи-шоирлари томонидан яратилган илмий ва бадиий асарлар ҳамда халқимиз тарихига оид моддий бойликларни Ўзбекистонга қайтаришда фаоллик кўрсатамиз. Юртимизда азалдан ҳунармандчиликнинг барча турлари ривож топган. “Устоз-шогирд” анъанаси асосида давом этиб келаётган ва ўзбек халқининг юксак маданияти ва истеъдодини намойиш этадиган ҳамда бадиий-эстетик қимматга эга бўлган миллий ҳунармандчилик турларини қайта тиклаш ва ривожлантириш, миллий бадиий мактабларнинг анъаналарини сақлаб қолишни рағбатлантириш доимий диққат марказимизда бўлади. “Баркамол авлод — миллат таянчи” тамойили остида биз ёшлар онгини халқимизга ёт бўлган “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш мақсадида уларнинг қалби ва онгига миллий тикланиш ғоясини сингдириш, миллий маънавият ва қадриятлар руҳида тарбиялашни янада кучайтиришимиз лозим. Бунда кино, театр ва эстрада санъатида халқимизнинг бой ва бетакрор тарихи, маданияти, анъаналари ҳамда илғор урф-одатларини таъсирчан бадиий образлар орқали ифода этадиган асарларнинг дунёга келишига кўмаклашиш ҳамда уларни тарғиб қилиш асосий вазифамиздир. Тил миллатнинг энг олий қадриятидир. Шундан келиб чиқиб, қадимий ва бой тарихга эга бўлган, мустақиллик туфайли қадр-қиммати тикланган, ҳозирда кечаётган глобаллашув даврида замонавий тараққиётнинг барча соҳалари талабларига жавоб берадиган даражада имкониятга эга бўлган тилимиз ривожини янги босқичга кўтариш учун давлат тилини бойитиш, янада такомиллаштиришга, давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш ва унинг тўла амал қилишига эришиш, тил маданиятини янада юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқишни етакчи вазифалардан бири сифатида кўрмоқдамиз. Шу ўринда бир нарсани таъкидлашни ўринли деб биламан. Мамлакатимиз мус¬тақилликка эришган дастлабки йилларда, яъни 1993 йилда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди. Орадан 23 йил ўтган бўлса-да, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ҳаётимизда узил-кесил ўз ўрнини топгани йўқ. Ушбу масалада саволлар ниҳоятда кўп. Биз фарзандларимизни лотин алифбоси асосида ўқитдик ва ўқитиб келаяпмиз. Лекин, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маърифий ва маънавий эҳтиёжларини зарур даражада қондириш учун фаннинг барча соҳалари, таълим, адабиёт ва матбуотда лотин ёзувига асосланган ўзбек тилида китоблар, газета ва журналлар етарли даражада нашр қилиняптими? Катта авлоднинг кўпгина қисми эса лотин алифбосини ўзлаштирмаган. Бу масалада авлодлар ўртасида қандайдир узилиш сезилмоқда. Мазкур муаммони биз жамоатчилигимиз билан бирга узил-кесил ҳал қилишимиз керак. Ижтимоий ҳаётимизнинг кўпгина соҳаларида давлат тилининг қўлланилиши ва унинг қоидаларига риоя этилишида ҳали-ҳамон камчиликлар учраб турибди. Хусусан, оммавий муомалада, кўчаларда жойлаштирилган ташқи ёзувларда, реклама ва эълонларда, оммавий ахборот воситаларида ҳали-ҳамон ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари қўпол бузилмоқда. Ушбу муаммо газета ва журналларда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари томонидан ҳар бир туман ва шаҳарда муҳокама қилинган бўлса-да, лекин сезиларли ўзгаришлар бўлгани йўқ. Фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш, шу мақсадда замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ҳамда категорияларни ишлаб чиқиш соҳа мутахассислари олдидаги долзарб вазифа, деб ҳисоблаймиз.

Ҳурматли делегатлар! 

Шу ўринда, эътиборингизни яна бир муаммога қаратмоқчиман. Ўзбекистон заминида яшаб ижод этган ва жаҳон тамаддуни тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, буюк давлат арбоблари, ҳарбий саркардалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган миллий кино асарлари деярли мавжуд эмас. Одамлар таъсирчан бадиий образлар орқали ифода этилган ва ўзбек халқининг ҳаққоний тарихи акс этган кино асарларини интиқлик билан кутмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон телевидениесида намойиш этилаётган бадиий ва видеофильмларнинг аксарияти хорижий давлатлар тарихи, ҳарбий ва сиёсий арбоблари ҳамда олимлари ҳақидадир. Бугунги кунда қатор хорижий давлатлар ўзларининг миллий қаҳрамонлари ҳақида, уларнинг гарчи замонавий цивилизация тарихида тутган ўрни ва роли буюк бўлмаса-да, етук хорижий киностудиялар билан ҳамкорликда кино асарлар тайёрлаб, уларни дунё оммасига таништирмоқдалар. Бундай тажриба миллий ғурур ва ифтихорни ошириб, миллатни бирлаштирадиган кучли тарғибот усули ҳисобланади.

Биз Ўзбекистон халқининг маданияти ва санъати ютуқларини хал¬қаро майдонда кенг миқёсда тарғиб этиш, ҳозирги Ўзбекистон заминида яшаб ижод этган ва жаҳон тамаддуни тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, буюк давлат арбоблари, ҳарбий саркардалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган кино асарлар яратилишида ташаббус кўрсатишимиз керак. Бу ишларни молиялаштириш, шу жумладан, хорижий киностудиялар билан ҳамкорликда, таниқли режиссёр ва актёрлар иштирокида, уни бутун дунё жамоатчилигига етказишни муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз.

Эътиборингизни кечиктириб бўлмайдиган яна бир муҳим масалага қаратмоқчиман. Тарихда хорижий мамлакатларда яшаб ижод этган ҳамда юртимизда таваллуд топган бўлса-да, тақдир тақозоси  билан чет элларда вафот этган буюк аллома ва мутафаккирларнинг қабр¬ларини аниқлаш, уларнинг мангу қўним топган масканларини ободонлаштириш ишларини давлат  миқёсида амалга ошириш вақти  келди. Ижтимоий-гуманитар фанларнинг мамлакатимиз тараққиёти ва ёш авлодимизнинг дунёқарашини шакллантиришдаги ўта муҳим ўрни ва имкониятларидан самарали фойдаланишимиз лозим. Унинг ёшларни ватанпарварлик, миллатпарварлик ва умуминсонийлик руҳида тарбиялаш ҳамда миллий манфаатларимизга зид бўлган ғоя ва мафкураларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантиришдаги аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда бу йўналишда тайёрланадиган фундаментал асарларни босмадан чиқаришни ва уларнинг оммавийлашувини қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар белгилаймиз.

Жамият, оила ва таълим тизимида ёш авлодни китобга муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон халқининг тарихи, маънавий-маданий меросига доир адабиётларни нашр этиш билан шуғулланаётган муаллифлар, босмахоналар, нашриётларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш, уларга солиқ ва бошқа тўловлар бўйича имтиёзлар берилишига эришмоғимиз лозим.

Театр инсоннинг маънавий камолоти, шахснинг диди ва тафаккурини тарбиялашда ҳамиша муҳим ўрин тутган. XX аср бошида ўзбек зиёлилари халқни миллий уйғотишни айнан театрлар ташкил этишдан бошлаганликлари ҳам бежиз эмас. Ўша даврда “Театр — ибратхонадир” деган чуқур маъноли ҳикмат орқали саҳна санъати миллатимизнинг аслида киму, айни ўша пайтда қай аҳволдалигини кўрсатиб берган.  Бугунги глобаллашув шароитида халқнинг ўзига хос қиёфаси, миллий қадрият ва анъаналарини асраб қолиш, одамларда юксак маънавий онг ва дидни тарбиялашда яна театрлар беқиёс аҳамият касб этиши шубҳасиз. Бироқ, театр санъатига қизиқиш ҳавас қиларли даражада эмас. Театр заллари кўпинча томошабинлар билан тўлиб-тўлмаган аҳволда бўлади. Биз маънавий-маърифий ҳаётимизни янада ривожлантириш тарафдори эканмиз,театрга одамларни қайтариш учун, энг аввало, замондошларимизни ўйлантираётган ва тўлқинлантираётган мавзуларда бадиий жиҳатдан юксак, маҳорат билан саҳналаштирилган спектаклларни кўпайтириш, одамларда, айниқса, ёшларда театр томошаси маданиятини ўстириш, энг муҳими, мамлакатимизнинг барча театрларида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилишига эришишимиз ҳам фарз, ҳам қарз.

Маълумки, давлат ва жамият ҳаётида ижтимоий-сиёсий масалалар муҳим ўрин тутади. Шу боис биз бу борада мавжуд давлат ва сиёсий тизимни янада мустаҳкамлаш, миллий ғоя, жамиятимизнинг ахлоқий ва маънавий асослари устуворлигини таъминлашни асосий вазифаларимиздан бири сифатида белгиламоқдамиз. Бизнинг бош мақсадимиз — замонавий ривожланган демократик давлат қуришдир. Жамиятда ҳукм сураётган ва халқимизга хос бағрикенглик, миллати, дини, ижтимоий ҳолати ва келиб чиқишидан қатъий назар Ўзбекистон халқи, барча фуқароларнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини мус-таҳкамлашни истиқлол йилларида вужудга келган қадриятларимиздан бири сифатида эътироф этамиз ва уни барқарор янада ривожлантирамиз. 

Шу билан бирга, асрлар давомида ўзбек халқининг эзгу ва илғор анъаналари асосида тарихан қарор топган маҳаллани миллий демократик институт сифатида янада такомиллаштириш керак. Унинг ташкилий ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларини ҳал этишда ҳамда миллий ва маънавий қадриятлар, маҳаллий урф-одат ва анъаналарни қайта тиклаш ҳамда бойитишдаги бевосита иштирокини таъминлаш, ролини кучайтиришни давом эттирамиз. Барчамиз яхши биламиз, истиқлол йилларида суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан янгилаш ва ислоҳ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш йўналишидаги устувор вазифалар қуйидагилардан иборат: — жамиятда мустаҳкам барқарорлик ва қонун устуворлигини таъминлашда аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис мамлакатда ҳуқуқий таълим тизимини янада такомиллаштириш, Конституция, инсон ҳуқуқлари ва демократия асосларини узлуксиз ўрганиш тизимини ривожлантиришга қаратилган тизимли ва изчил чораларни кўриш;

— миллий қадрият ва халқимизга хос фазилат ҳамда анъаналардан келиб чиқиб оила, мерос, уй-жой даъвоси ва маиший турмуш манбаида туғиладиган низоларни судгача ҳал этиш тизимини ривожлантириш, шу жумладан, ҳар қандай низони тинч йўл билан ҳал этишга интилиш ва муроса йўлини излаш фуқароларимиз манфаатларига мос келади. Шунингдек, юқоридаги масалаларда ва фуқароларнинг серташвиш суд мажлисларига хоҳиш-истагининг йўқлигини инобатга олиб, бу борада маҳалла, васийлик ва ҳомийлик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини кучайтириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Ҳурматли делегатлар! 

Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг ошишида иқтисодиёт ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини барчамиз яхши тушунамиз. Иқтисодиёт соҳасида партиямиз“Халқнинг маънавий-руҳий тикланиши — иқтисодий ислоҳотларнинг негизидир”, деган шиорни илгари сурмоқда. Ушбу соҳада эса қуйидаги вазифаларни амалга оширамиз. Иқтисодиётга XXI аср талаблари ва тафаккури асосида ёндошувни амалга ошириб, ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга йўналтирилмаган харажатларни қисқартириш, янги, замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, мам-лакатимизнинг турли минтақаларида фаолият юритиб, истиқболли ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган корхоналарга солиқ ва мажбурий тўловларда имтиёзлар бериш йўли билан маҳаллий саноат самарадорлигини янада оширишнинг ҳуқуқий асосларини изчиллик билан такомилаштиришга эришишни мақсад қилдик. Дунё бозорида рақобатбардош ҳамда миллий иқтисодиётимиз тимсолига айланадиган трансмиллий компанияларни шакллантириш, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси остида жаҳон бозорига маҳсулот етказиб беришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни қабул қилиш ва хорижий маҳсулотлар ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқараётган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш, жумладан, улар учун солиқ миқдорини камайтириш, божхона имтиёз ва преференциялари, имтиёзли субсидиялар ва бошқа шакллардаги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилишига эришишимиз керак.

Шу ўринда яна битта муҳим масалага тўхталмоқчиман. Кўпчилик яхши билади, Ўзбекистон нафақат тўғридан-тўғри дунё денгизларига чиқа олмайди, балки тўғридан-тўғри денгизга чиқадиган давлат билан ҳам чегарадош эмас. Дунёда ана шундай мураккаб географик ўринда жойлашган икки мамлакатдан бири Ўзбекистондир. Яна бир нарсани яхши биламизки, дунёда энг арзон йўл — бу денгиз йўлидир. Бундан ташқари, Ўзбекистонда транспорт хизматларининг нархи сезиларли даражада юқори. Тадқиқотларга қараганда бугунги кунда 20 тонна маҳсулотни 500 километр масофага автомобилда ташиш таннархи Ўзбекистонда 1 километр учун 1,75 долларни ташкил этмоқда. Таққослаш учун: қўшни давлатларда бу кўрсаткич 0,7 доллардан 1,3 долларгача.

Юқорида айтиб ўтилган масалалар билан бир қаторда логистика инфратузилмасининг суст ривожлангани, миллий маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқишда талаб этиладиган ҳужжатларнинг кўплиги, уларни кўриб чиқиш муддатларининг узоқлиги ва қимматлиги муаммоси ҳам мавжуд. Буларнинг барчаси мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга тўсқинлик қилмоқда ва ташқи бозорда маҳсулотларимизнинг таннархи сунъий ошишига олиб келмоқда.

Шундан келиб чиқиб, биз транспорт-экспедиторлик фаолияти билан шуғулланувчи компанияларга имтиёзлар бериш, йирик юк ташувчи автомобилларни лизингга бериш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга, божхона хизматлари нархини камайтириш ва чегарадан ўтиш тартибини соддалаштириш юзасидан иш олиб борамиз.

Миллий бозорни сифати паст, халқаро андозаларга мос келмайдиган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)дан муҳофаза этиш, қулай ва жозибадор сармоя муҳитини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини кучайтиришни долзарб вазифамиз, деб биламиз.

Биз халқимизни, айниқса, ёшларнинг бевосита Ватанимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий ва сифатли кийим-кечакка бўлган эҳтиёжини қондириш, енгил ва ихчам тўқимачилик корхоналарининг сонини кўпайтириш, уларга маҳаллий хом¬ашёни чуқур қайта ишлайдиган замонавий технологияларни жорий қилишни қўллаб-қувватлаймиз.

 Давлат компаниялари ва давлат улуши устунлик қиладиган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти шаффофлигини таъминлаш орқали уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, ички хусусий инвестицияларни миллий иқтисодиётга йўналтиришни янада кенгайтиришзамон талабига айланмоқда.

Соҳадаги яна бир муҳим масала — миллий  иқтисодиёт ривожи етук мутахассис-кадрларга боғлиқ эканлигини яхши англаган ҳолда, замонавий билим ва малакага эга инженер-техник, молия-иқтисод, корпоратив бошқарув менежментлари, ахборот технологиялари соҳасида дастурчиларни тайёрлашни тубдан кучайтириш ва мазкур соҳаларда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ниҳоятда зарур.

Бугун бутун дунёда одамларни ўйлантираётган ва қизиқтираётган масалалар ичида ижтимоий масалалар алоҳида ўрин тутади. Шу боис биз аҳоли турмуш сифати, даражаси ва фаровонлигини оширишни  ижтимоий соҳадаги стратегик мақсадимиз сифатида белгиладик. Шундан келиб чиққан ҳолда, асосий вазифаларимиз қуйидагилардан иборат, деб ҳисоблаймиз.

Ҳаммамизга аёнки, бугун жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Мадомики шундай экан,  аҳолининг ов-қатланиш хилма-хиллигини кенгайтириш, мамлакатимизда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бунда генларни модификация қилиш усулидан фойдаланишни чеклаш, шу билан бирга, аҳолининг овқатланиш маданиятини юксалтириш энг асосий вазифаларимиз сирасига киради.

Миллат генофондини асраш ва соғлом авлодни вояга етказиш мақсадида ўсмирларга соғлиқ учун зарарли бўлган қувват берувчи ичимликларни сотишни тақиқлаш ва бу борада маърифий-тушунтириш ишларини тизимли йўлга қўйиш лозим. “Халқи соғлом ва баркамол бўлган мамлакат кучлидир!” тамойилини амалда изчиллик билан ривожлантириш зарур. Қурилиш ва безак ишларида миллий меъморлик анъаналарини ва илғор хорижий тажрибани қўллаш, тарихий шаҳарлар ва очиқ осмон остидаги музейларни қайта таъмирлашга қаратилган йирик лойиҳаларни амалга ошириш сиёсатининг изчил давом этишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Оила ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёш оилаларга ғам-хўрликни ошириш бўйича кенг кўламли ишларни тизимли давом эттириш мақсадида қонунчилигимизни янада такомиллаштирамиз. Зеро, буюк аждодларга баркамол авлод муносиб! Эътиборларингизни ҳаётимизда тез-тез учраб турадиган ва барчамизга яхши таниш бўлган бир муаммога қаратмоқчиман, янада очиқроқ айтганда, бу масала кўпроқ шаҳар аҳолиси турмушига дахлдордир.   Кўп қаватли уйларда, уй-жой фондини техник эксплуатация қилиш норма ва қоидалари бузилиш ҳолатлари одатий тус олмоқда. Одамларнинг моддий фаровонлиги ошгани сайин ўзлари яшаб турган уй-жойни замонавий андозалар асосида таъмирлаш, кенгайтириш оммавий тус олаётир. Бунда кўп ҳолларда хавфсизлик масаласи эътибордан соқит қилинади. Уйни ушлаб турган устунларни бузиб бўлса-да хонадонини кенгайтиришга ҳаракат қилади. Кўп қаватли уйда ўзидан ҳам бошқа одамлар яшаши, бу уй унинг хусусий мулки эмаслиги хаёлига ҳам келмайди. Бундай муаммо келиб чиқишининг бош сабаби уй-жой соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш тартиби ва аниқ механизми бугунги кун талабларига жавоб бермаслигидадир.  

Мазкур муаммони ҳал қилиш учун республикамизнинг барча бурчакларида, айниқса, кўп қаватли уйларда, уй-жой фондини техник эксплуатация қилиш норма ва қоидалари бузилишининг олдини олиш, шаҳарларимизнинг архитектура қиёфасини янада яхшилаш мақсадида уй-жой соҳасидаги қонунчиликнинг бажарилиши устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Маҳалланинг фуқаролар, ўғил-қизлар ва ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳадаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, жойларда жамоат хавф¬сизлиги ва ҳуқуқ-тартиботни яхшилаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишдаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш зарур. 

Яна бир масала. Болалар, аёллар, шунингдек, оғир касалликлар, шу жумладан, одамнинг иммунитет танқислиги вирусини келтириб чиқарадиган хасталиклар (ОИВ/ОИТС) дан азият чекувчи шахсларга самарали ёрдам кўрсатишни изчил давом эттириш биз учун муҳим вазифадир. Шу билан бирга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш керак, деб ҳисоблаймиз.

XXI аср — ахборот асри. Шуни ҳисобга олган ҳолда ахборот соҳасида миллий манфаатларимиз ва халқимиз маданияти ва маънавиятнинг ўзига хослигини сақлашни таъминлашга қаратилган миллий ахборот-коммуникация соҳасини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш ўта муҳим вазифа сифатида кун тартибига қўйилмоқда. Мазкур вазифани амалга ошириш учун қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш долзарб аҳамиятга эга. Миллий ахборот тизимлари ва миллий ахборот ресурсларини ривожлантириш, миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини ҳал этишни бугуннинг энг долзарб вазифаси, деб ҳисоблаймиз. Ривожланган миллий ахборот макони — мустаҳкам тараққиёт пойдевори эканлигини ҳисобга олиб, унинг изчиллик билан такомиллашувига эришиш лозим.

Ёшларнинг камолотига хизмат қиладиган креатив ахборот муҳитини, самарали ахборот-таълим маконини яратиш, болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказадиган ахборотлардан муҳофаза қилишга барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз. Бундан ташқари, ижтимоий онгда миллий ғоя шаклланиши ва ривожланиши жараёнларини ахборот жиҳатдан таъминлашни янада кучайтириш олдимизда турган долзарб вазифадир.

Муҳтарам партиядошлар!

Яқинда олимпиадачиларимиз ва паралимпиадачиларимиз эришган оламшумул ғалабалар бутун халқимиз ва миллатимизнинг ғурурини осмон  қадар кўтариб, фуқароларимиз қалбида чексиз фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди. Дарҳақиқат, “Дунёда ҳеч бир нарса мамлакатни, миллатни спортчалик дунёга тез танитмайди, машҳур қила олмайди”тамойили асосида спортнинг барча турлари, айниқса, Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган ҳамда миллий турларини ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш асосий вазифаларимиздандир.

Бунда, энг аввало, ўзбек спортчиларининг жаҳон миқёсида эришаётган оламшумул ютуқлари халқ ва миллат ғурурининг ўсишига хизмат қилиши, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда одамларни ягона мақсад сари бирлаштирувчи хусусиятини тизимли равишда кенг тарғиб қилиш ҳамда Ватанимиз ифтихори бўлган спортчилар ҳаёт йўли ҳақида тарбиявий аҳамиятга эга ҳужжатли ва бадиий фильмлар, илмий-оммабоп асарлар яратишни янада кучайтиришимиз керак.

“Фарзандлари соғлом ва баркамол юрт қудратли бўлур” шиори остида мамлакатимизда кенг қулоч ёйган ва умуммиллий вазифага айланган болалар спортини ривожлантириш ишига ҳар томонлама кўмаклашиш даркор.

Биз миллий қадриятларимиз, матонат, жасорат, ватанпарварлик ва инсонпарварлик асосларини ўзида ёрқин мужассам этган ва бугун дунёнинг 130 га яқин мамлакатида кураш федерациялари ташкил этилганлигини ҳисобга олиб, ўзбек курашини Олимпиада ўйинлари қаторига киритиш мақсадида Халқаро Кураш федерацияси, Халқаро ва Миллий олимпия қўмитаси билан алоқани ҳар тарафлама мустаҳкамлашни бу борадаги энг асосий вазифамиз, деб биламиз. Биз ўзбек курашининг Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олиши учун бор куч ва имкониятимизни сафарбар этиб, бу улуғвор мақсад учун охиригача курашамиз.

Дастурнинг пировардида ташқи сиёсат борасидаги вазифаларга эътиборингизни қаратмоқчиман. Ташқи сиёсат соҳасида биз Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсати ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслигини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон Республикаси фаол ташқи сиёсатининг асосий мақсад ва вазифаларини бугунги мураккаб шароитда, минтақада хавфсизликка ва барқарорликка таҳдидлар сақланиб қолаётган бир вазиятда амалга оширмоқда, деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, унинг маънавий-ахлоқий анъаналари ва қадриятлари, жаҳон маданиятига қўшган беқиёс ҳиссаси республиканинг замонавий халқаро муносабатларда, фаол ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолиятда тенг ҳуқуқли субъектга айланишининг асосий ва муҳим воситаси бўлди.

Ташқи сиёсат ва давлат бошқарувининг бошқа органлари фаолияти доирасида миллий манфаатларнинг қатъий ҳимоя қилиниши таъминланишига эришишимиз шарт. Бизнинг шиоримиз  — миллий манфаатлар ҳар нарсадан устун!

Ўзбекистон халқининг маданияти ва санъати ютуқларини кенг миқёсда тарғиб этиб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ҳар томонлама  мустаҳкамлаб боришимиз зарур. Фуқароларимиз ва юридик шахсларнинг хорижий давлатларда ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш муҳим вазифамизга айланмоғи керак.

Инсоният тамаддунининг қадимги трансчегаравий йўналиши бўлган Шарқ ва ўарбни бирлаштирувчи, иқтисодий, сиёсий ва маданий-инсонпарварлик соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини институционал мус-таҳкамлаш ва кенгайтиришда муҳим ўрин тутадиган Буюк ипак йўлини қайта тиклаш, кучли “Буюк ипак йўли” брендини илгари сурамиз.

Азиз дўстлар!

Бизнинг асосий ғоямиз — Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни янада мус¬таҳкамлаш орқали иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимизни бундан буён ҳам гуллаб-яшнашига бор куч-қудратимизни бағишлаш орқали жонажон Ўзбекистонимизнинг миллий манфаатлари йўлида фидокорона хизмат қилишдир.

Биз учун ягона ва устувор мақсад — бу Ўзбекистон манфаати ва яна бир бор Ўзбекистон манфаатидир.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!