Ўт пуфаги ҳам қуртлайдими?

15:32, 21 октябрь

Маълумотларга кўра, ер юзи аҳолисининг беш фоизи ўт пуфагида тош “кўтариб” юрар экан. Шуниси қизиқки, мазкур аъзо фаолияти билан боғлиқ хасталиклар эркакларга қараганда аёлларда икки-уч баравар кўпроқ кузатилади. Хўш, бунинг сабаби нимада? Ўт пуфаги яллиғланиши, тош йиғилиши, ўт димланиши, “қурт” пайдо бўлиши каби синдромлар қандай юзага келади?

Мавзу юзасидан Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий амалий тиббиёт марказининг бўлим бошлиғи, гастроэнтеролог шифокор Элнора Дўстмуҳамедова маълумот беради.

У қандай аъзо?

Организмда ўт йиғиладиган аъзо ўт пуфаги, деб аталиб, унда тахминан 50-80 мл. ўт ва сафро суюқлиги бор. Ушбу аъзодаги ўт жигар ҳужайралари ажратадиган сарғиш суюқликдан таркиб топган бўлиб, ёғсимон моддалар ҳазм бўлиши ва сўрилиши учун зарур. Жигарнинг тўхтовсиз ўт ажратиши организмда кечувчи табиий жараёндир. Агар овқат ҳазм қилишда муаммо бўлмаса, ўт пуфаги ҳам фаол ишлайди. Акс ҳолда эса унда зарда  тўпланиб,  тош йиғилиши ҳамда бошқа касалликлар келиб чиқиши мумкин.

 

Холецистит ҳақида эшитганмисиз?

Холецистит – ўт пуфаги яллиғланиши овқат ҳазм қилиш тизими касалликларининг кенг тарқалган турларидандир. Аксарият ҳолларда вақтида овқатланмаслик ёки ҳаддан зиёд таом истеъмол қилиш натижасида ўт ҳосил бўлиши ва ўт ҳайдалишининг бузилиши ва бунинг натижасида тош йиғилиши, сурункали қабзият, турли инфекциялар сабаб юзага келади. Ёғли таомни хушловчиларда эса холециститга чалиниш эҳтимоли бирмунча юқори. Холециститда сафро тўпланиб бориб, ўнг биқин – қовурға остида симиллаган оғриқ оғирлик билан кечади. Шунингдек, сафро қусиш ҳолатларини ҳам кузатиш мумкин.

Ўт димланишидан эҳтиёт бўлинг!

Овқат ҳазм бўлиши бузилганида жигар ажратаётган суюқлик ўт пуфакда тўпланиб, димланади. Шунингдек, уйқу олдидан тўйиб овқатланиш ҳам ҳаракатсизлик сабаб ҳазм бўлмай, ўт суюқлиги димланишига олиб келади. Бунда сиз оғиз тахирлашиши ёки жиғилдон қайнашини сезасиз.

Наҳот, тошни сезмасак?

Маълумки, ўт пуфакдаги суюқлик бир неча таркибдан иборат. Шунга кўра, ушбу аъзода юзага келувчи тошлар ҳам таркиб жиҳатидан бир-биридан фарқланади. Масалан, холестериндан, кальций туз чўкмасидан ҳамда билирубин пигментидан ҳосил бўлувчи тошлар мавжуд. Бироқ кўп ҳолларда тошлар таркиби аралаш ҳам бўлади ва уларнинг ўлчами 0,1 мм.дан 5 см.гача бориши мумкин. Баъзиларда тош қўзғалмагунича ҳеч қандай безовталик сезилмайди. Ҳатто оғриқ ҳам бўлмай, аҳён-аҳёнда кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши ёки оғиз тахирлашиши мумкин. Тош ўт йўлига томон ҳаракатланиб, уни беркитиб қўйганида ўнг қовурға остида санчиқли оғриқ юзага келади. Сўнг оғриқ – қорин,  ўнг курак, ўнг елка, ўмров ва кураклараро соҳага тарқалиб, безовталик кучаяди.

 

Касаллик насл суради...ми?

Ўт-тош касаллиги юзага келишининг омиллари турлича. Шулардан энг кўп тарқалгани – ҳаддан ортиқ ва пала-партиш овқатланиш, камҳаракатлик, организмда моддалар алмашинувининг бузилиши, ўт димланиб қолиши кабилардир. Қолаверса, ирсий боғлиқлик ва семиришга мойиллиги борларда ҳам ўт-тош касаллиги учраши мумкин.

Агар оилада кимдир ўт-тош хасталиги билан оғриса, бу, кейинги авлодларга ҳам ўтади, дегани эмас. Масалан, сизда ўт пуфаги хасталикларига мойиллик бўлиб, ташқи таъсирлар ёки носоғлом турмуш тарзини кечирсангиз, ўт-тош касаллигининг юзага келиши эҳтимоли ортади.

 

Нега аёлларда кўпроқ?

Аёл организмида ҳомиладорлик сабаб алмашинув жараёнлари ўзгариб туради. Шу сабаб ҳам ўт пуфаги касалланиши ёки зарда туриб қолиши мумкин. Эркакларда эса нотўғри овқатланиш ва зарарли маҳсулотлар таъсирида ўт пуфаги касалланади.  

 

Тезкор текширув

Ўт пуфаги фаолиятини баҳолашда дастлаб шикоятларингиз ўрганилади. Бунинг учун гастроэнтеролог шифокор кўригига борасиз. Шифохонада ультратовуш текшируви ўтказилиб, зарурат бўлса, компьютер томографияси ва керакли таҳлил хулосалари тайёрланади. Шунга кўра, ўт пуфагидаги ўзгаришлар, хусусан, тош бўлса, унинг катта-кичиклиги аниқланиб, зарур муолажа тайинланади. Тош ўлчами кичик, деб топилса, уни эритиб туширувчи дори препаратлари ҳамда парҳез буюрилади. Оғриқ хуружлари ҳафта давомида икки-уч бор қайталанса, жарроҳлик амалиёти ёрдамида ўт пуфак тош билан бирга олиб ташланади. Негаки, мазкур аъзо олиб ташланмаса, ошқозоности безининг яллиғланиши – панкреатитга чалиниш мумкин.  

 

Ўт пуфагисиз ҳам яшаш мумкин!

Ўт пуфагида тош йиғилиб, ўт йўлларига тиқилиб қолса, жарроҳлик йўли билан аъзонинг ўзи ҳам олиб ташланади. Чунки тош олиниб, ўт пуфаги қолдирилса, ўша ерга яна тош йиғилиши эҳтимоли мавжуд. Хавотирланманг, ўт пуфаги йўқлигини организм ўз-ўзини қайта тиклаш функцияси орқали билинтирмайди. Бироқ ўт пуфагингиз олиб ташланса, олти ой мобайнида қатъий парҳезга риоя этиб, ундан сўнг ҳам парҳезбоп маҳсулотларни  оз-оздан, тез-тез тановвул қилишга одатланишингиз керак. Қолаверса, тўйиб овқатланмаслик, уйқу олдидан таомланиш ҳам тавсия этилмайди.

 

“Ювдириш” муолажаси

Ўт пуфакда турли чўкмалар ҳосил бўлиб, безовталик кучайиши, ейилган овқат ҳазм бўлмай, ошқозонда туриб қолиши шунингдек, ушбу аъзода лямблия мавжуд бўлиши ювдириш муолажасини талаб қилади.  Мазкур амалиёт шифокор кўрсатмаси билан бажарилиб, ўт пуфагида тош бўлмаган тақдирдагина қилиниши мумкин. Бир марталик муолажадан сўнг уни  такрорлаш шарт эмас.

Профилактика учун маккажўхори попуги, наъматак ҳамда сафро ҳайдовчи дамламалардан ичиб туриш мумкин.

 

“Қуртлаб” кетса-я...

Кўпинча, терининг оқариб қолиши, тез-тез қичиниш, шамоллаганда қорин соҳасидаги симиллаган оғриқ ёки соч тўкилиши каби ҳолатларда таҳлил ўтказилса, организмда паразитлар борлиги аниқланиши мумкин. Ўт пуфагида, асосан, лямблия паразитлари  учрайди. Даволаш учун керакли тиббий текширув ўтказилиб, шунга кўра, муолажа (ўт пуфагини ювиш, паразитларга қарши зарур препаратлар ичиш)лар буюрилади.

Ёдда тутинг: агар оила аъзоларингиздан бирида ушбу ҳолат аниқланса, паразитларга қарши муолажа қолганларда ҳам ўтказилиши керак.   

 

Хаста бўлмай, десангиз...

Ҳеч биримиз ўт пуфаги касалликларидан ҳимояланган эмасмиз. Шундай экан, аввало, тўғри овқатланиш тартибига амал қилишни ўрганайлик. Масалан, майонез, маргарин, сариёғ, ёғли сут маҳсулотлари, ёғли гўшт, буғдой унидан тайёрланган нон кабилар таомномангизда имкон қадар камроқ бўлгани маъқул. Шунингдек, кўп қовурилган, дудланган, консерваланган егуликлар, газли ичимликлар ва  аччиқ қаҳванинг ҳам меъёрини унутманг. Бир кунда 15-20 дақиқалик жисмоний машқлар билан шуғулланинг. Уззукун ўтириб ишлайдиганлардан бўлсангиз, ҳар бир-икки соат оралиғида оёқ чигилини ёзиб, енгил машқларни бажариб туринг.

 

Ёдда тутинг!

Ўт пуфаги касалликлари ҳамда унинг олдини олиш учун қуйидаги маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилинг: сархил мева ва сабзавотлар, барра кўкатлар, ёғсиз сут-қатиқ, творог, йирик тортилган ундан тайёрланган нон ва ширинликлар, турли ёрмалар, балиқ ва денгиз маҳсулотлари,  ёғсиз гўшт. Агар ўт пуфаги парҳезида бўлсангиз, луқмани оз-оздан ва яхшилаб чайнаб ейишга ҳаракат қилинг. Тўйиб овқатланишдан сақланинг. Шифокор тавсиясига кўра, ўт-сафро ҳайдовчи дамламалардан ичиб турсангиз ҳам бўлади.

 

Ёрилиб кетиши мумкин!

Айрим ҳолларда ўнг қовурға остида пайдо бўлган оғриқни енгиллаштираман, деб иссиқ грелка қўйиб ёки баданни иситувчи суртмалар суртиб, даволамоқчи бўламиз. Аммо бу мутлақо нотўғри! Шунингдек, тошни майдалаб туширадиган дамламалару ўт пуфагини тозалайдиган чойларга ҳам ишонманг. Оғриқ хуруж қилганида оғриқсизлантирувчи дорилар кор қилмайди. Хуллас, ўзибилармонлик қилиб, “даволаниш” ўт пуфагининг ёрилишига олиб келиши мумкин. Яхшиси, ўз вақтида шифокорга учраб, керакли муолажаларни  олинг.

 

Картошка шарбати, хом тухум...

Ўт пуфагидаги муаммо сабаб жиғилдон қайнаши безовта қилаверса, кимдир истеъмол содаси аралаштирилган сув, картошка шарбатини ичиш ёки хом тухум ютишни маслаҳат беради. Бу усуллар вақтинчалик аҳволингизни енгиллаштириши мумкин. Бироқ касалликни даволамайди! Қолаверса, билиб-билмай қўлланган тадбир организмнинг бошқа аъзоларига зиён етказиши ҳам мумкин.

 

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!