Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаровнинг Ўзбекистон «Адолат» СДП VIII Қурултойидаги маърузаси

15:43, 21 октябрь

Ассалому алайкум, ҳурматли Қурултой делегатлари ва меҳмонлари!

Авваламбор, Сиз ва Сиз орқали барча партиямиз аъзоларига менга билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдиришга ижозат берасизлар.

Барчамизга маълумки, 2016 йил 9 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинди.

Партия Сиёсий Кенгашининг Ижроия қўмитаси амалдаги қонунчилик ва Марказий сайлов комиссияси томонидан ўрнатилган тартибга асосан 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этиш билан боғлиқ аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, тасдиқлади.

Бугунги кунда бажариладиган барча ташкилий-сиёсий масалалар юқори савияда ҳал қилинганлигини айтиб ўтишни жоиз, деб биламан. Авваламбор, барча партия ташкилотларида ўтказилган йиғилиш ва конференцияларда партиямиз аъзолари томонидан сайлов кампаниясини муносиб равишда ва кўтаринки руҳда ўтказишга келишиб олинди.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Тарихан қисқа давр – мустақиллигимизнинг чорак асри давомида юртимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуриш, адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишга қаратилган тизимли ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, аҳолининг реал даромадлари 12 баробардан зиёд кўпайди, иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақалар салмоқли даражада ошди. Ҳар йили давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал хўжалик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш билан боғлиқ бошқа соҳаларни ривожлантириш учун йўналтирилмоқда. Жаҳон амалиётида кам учрайдиган бундай кўрсаткичлар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон туриши, уларнинг бош мақсади инсоннинг ҳаётий ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоялашга қаратилганидан далолат беради. Энг муҳими, ўтган давр мобайнида фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва сиёсий фаоллиги сезиларли даражада ошди.

Қадрли партиядошлар!

Сайлов кампаниясида иштирок этар эканмиз, истиқлол йилларида ҳаётга татбиқ этилган ислоҳотлар ва уларнинг юксак натижаларини эътироф этган ҳолда, мамлакатимизнинг бундан кейин ҳам изчил тараққий этиши, ривожланган замонавий демократик давлатлар қаторига киришини илгари сурамиз. Шу муносабат билан халқимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратишга қаратилган янги вазифаларни, марраларни белгилаш ва уларга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтаришга қаратилган Дастуримизни таклиф этмоқдамиз.

Дастурда бугунги кунда жамиятимизнинг турли соҳаларида учраётган айрим муаммолар, фуқароларимизни ўйлантираётган масалалар ечими бўйича аниқ таклиф ва механизмлар илгари сурилганлиги, ўйлаймизки, сайловчиларни бефарқ қолдирмайди.

Мазкур Дастурга мувофиқ қуйидагилар биз учун энг муҳим йўналишлар бўлиб ҳисобланади:

Биз, энг аввало, демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуришни асосий мақсадимиз, деб ҳисоблаймиз.

Зеро, адолат устувор бўлган жойда иш юришади, юртда файзу барака бўлади, одамларда меҳр-оқибат кучаяди. Адолат бор жойда тараққиёт бўлади, юксак муваффақиятларга эришилади.

Шундай экан, халқимизнинг адолат ва ҳақиқатга интилиш, адолатли жамият қуришдек асрий орзуларидан келиб чиқиб, ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли жамият қуриш борасидаги конституциявий нормаларни ҳаётга тизимли равишда ва кенг жорий этиш устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Биз бунда ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойиллари ҳукм сурадиган, аҳолининг даромади бўйича кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган, фуқароларнинг кучли ижтимоий ҳимоясини таъминлашга йўналтирилган жамият қуриш ғояларига таянамиз.

Давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг муносиб иштирокини таъминлаш ҳам эътиборимиз марказидаги масалалардандир. Айни шу сабабдан сиёсий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилиши, жамиятда демократик қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва ривожланиши, адолат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги таъминланиши учун бор кучимизни сафарбар этамиз.

Биз вакиллик ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, парламентаризмни ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини кенг жорий этишни ёқлаймиз.

Шунингдек, ҳокимиятнинг барча даражадаги бошқарув органлари вакиллари ҳамда фуқаролар ўртасида ўзаро очиқ мулоқот ва тўғридан-тўғри муносабатларни янада кенгайтириш, давлат хизмати ва давлат хизматчилари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш тарафдоримиз.

Бу, ўз навбатида, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим масалаларини ечишда энг мақбул қарорларни шакллантириш ва қабул қилиш жараёнида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш, ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, бюрократизм ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишга ҳам хизмат қилади, деб биламиз.

Ўзбекистонда ижтимоий барқарорликни таъминлаш вазифаси давлат, ҳокимият, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириш ва мувофиқлаштириш, жамоатчилик назорати институтини янада кучайтиришни талаб этади. Иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий аҳамиятга молик масалалар юзасидан қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат ижтимоий дастурлари ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларини кенг жамоатчилик иштирокида экспертизадан ўтказиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти учун янада қулай шароитлар яратиш, уларнинг соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги муаммоларни ҳал қилишдаги иштирокини кучайтириш каби масалалар бизнинг доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Биз демократик жамиятни матбуот эркинлигисиз, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш ва сайлов эркинлигисиз тасаввур қилиб бўлмайди, деб биламиз ва “Ошкоралик – фуқаролик жамиятининг муҳим шарти” тамойилига таянган ҳолда, ахборот соҳасини янада демократлаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз. Ахборот соҳасида рақобат муҳитини янада кучайтириш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг, давлат ички ва ташқи сиёсатининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда ОАВнинг фаоллигини ошириш зарур, деб биламиз. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда ОАВнинг ролини кучайтириш, моддий-техник базасини янгилаш, технологик модернизация қилиш, журналист касби нуфузини ошириш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш каби масалалар устувор вазифаларимиз сирасига киради.

Биз учун қонунчилик ва суд-ҳуқуқ соҳаси доимо муҳим аҳамият касб этиб келган. Хусусан, биз давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида “адолатли қонунларни қабул қилиш”, “қонун устувор бўлган жойда адолат бўлади” каби ғояларни ҳаётга кенг жорий этиш, қонун устуворлигини таъминлаш инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг ижтимоий ҳимояси амалда таъминланадиган ҳуқуқий давлат, халқчил, адолатли, эркин жамият, фаровон ҳаёт барпо этишнинг гарови, деб биламиз.

Мазкур ғояларни амалга ошириш, ҳар бир фуқарога жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг имкониятлар тақдим этиш, ижтимоий адолат тамойиллари, фуқаролар конституциявий ҳуқуқлари, қонуний манфаат ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳокимиятнинг барча тармоқлари, энг аввало, давлат бошқарув органларининг ва айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биринчи даражали вазифаси, деб биламиз.

Биз “кучли ва адолатли суд ҳокимияти бўлган жойда қонун ва адолат тамойиллари устувор”, деб ҳисоблаймиз. Шу мақсадда суд ҳокимиятининг мустақиллигини, судлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг барқарорлигини, фаолиятининг очиқлиги ва холислигини таъминлаш, судьяларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнларини янада такомиллаштириш, одил судловнинг нуфузини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш каби вазифаларни амалга оширишга қаратилган суд тизимини комплекс ривожлантириш борасидаги чора-тадбирларни таклиф этамиз.

Биз, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётида самарали натижа бераётган ярашув институтини янада кенгайтириш чораларини кўришимиз даркор. Шу билан бирга, фуқароларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, ҳар бир инсоннинг, айниқса, мансабдор шахсларнинг юксак ҳуқуқий маданиятга асосланган фаолиятини йўлга қўйиш учун барча имкониятлардан фойдаланишимиз зарур.

Жамият аъзоларининг Конституциямиз ва қонунларимиз ижросига бўлган ишончи уларнинг эртанги кунга бўлган ишончидир. Шундай экан, биз давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик меъёрларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва эркин талқин этилишига, шунингдек, тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш тарафдоримиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш, хусусан, ички ишлар, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилиниши устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Ҳурматли партиядошлар!

Биз иқтисодиёт йўналишида республикамизда олиб борилаётган макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳамлаш, иқтисодий ўсиш суръатларини давом эттириш, бюджет ҳамда миллий валютамиз барқарорлигини таъминлаш, банк ва суғурта тизимларини мустаҳкамлаш, четдан қарз олиш масалаларида консерватив ёндашувга асосланиш, давлатнинг ташқи қарзи ҳаддан зиёд ошиб кетмаслигига эришиш борасидаги сиёсатни давом эттириш тарафдоримиз.

Замонавий ижтимоий давлат фақат юксак ривожланган, самарали ва ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётга асосланиб муваффақиятли фаолият кўрсатади. Бозор иқтисодиёти ва хусусий тадбиркорлик ташаббуслари эса социал-демократиянинг эркинлик, адолатлилик ва бирдамлик каби асосий қадриятларини амалга оширишда муҳим восита бўлади, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, биз бозорни бошқариш, тартибга солиб туриш зарур, деб биламиз ҳамда “рақобат – мумкин қадар, давлат бошқаруви – зарурат қадар” тамойилини ҳаётга кенг татбиқ этиш тарафдоримиз.

Биз, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти рақобатбардошлигини янада ошириш мақсадида ҳар бир ҳудуднинг ўзига яраша хусусиятларидан келиб чиқиб, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ижтимоий йўналтирилган иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга татбиқ этишга интиламиз.

Бу борада бизнинг доимий диққат марказимизда турган ечимини кутаётган айрим масалалар мавжуд.

Хусусан, айни вақтда мамлакатда ҳудудлар бошқарувининг ўта марказлашганлиги ва амалдаги бюджетлараро тизим, хусусан, маблағларнинг асосий қисми марказда жамланиши ва тақсимлаб берилиши, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджетни тасарруф этишдаги ваколатининг чекланганлиги ҳудудлар ва пойтахт орасидаги иқтисодий ва ижтимоий номутаносибликка, бу эса, ўз навбатида, ишсизликнинг ортишига, ички миграцияга, кичик шаҳарлар ва чекка ҳудудларнинг ривожланмай қолишига олиб келмоқда.

Қолаверса, йирик саноат корхоналарининг фақатгина маълум бир ҳудудларда жойлашиши ҳудудлараро тафовутнинг кескинлашувига сабаб бўлмоқда. Масалан, 2000-2012 йиллар оралиғида ялпи ҳудудий маҳсулот кўрсаткичи бўйича энг яхши ва энг ёмон ҳудудлар орасидаги фарқ 2,5 баробардан 4,6 мартагача ортди.

Масаланинг мураккаблашувига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари зиммасига қонунчилик билан кенг вазифалар юклатилган бўлса-да, уларни амалга ошириш механизми аниқлаштирилмаганлиги сабаб бўлмоқда.

Маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг ҳокимларга бўйсуниши масаласи узил-кесил ҳал этилмаганлигича қолмоқда. Ҳокимлар вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ишга қабул қилиш ва озод этишда, уларни жавобгарликка тортиш масаласида ташаббусга, ҳудуднинг кадрлар сиёсатига таъсир этишда етарли ваколатларга эга эмаслар.

Бу, ўз навбатида, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳоким қарор ва буйруқларини бажаришга беписанд муносабатда бўлишига, бир-бирини такрорлаш ҳолатлари вужудга келишига, ижро интизоми сустлигига, расмиятчилик ва қоғозбозликка сабаб бўлмоқда. Қолаверса, вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ҳудуднинг эмас, аввало, ташкилотларининг манфаатларини кўзлаган ҳолда фаолият олиб бормоқдалар.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун биз маҳаллий бюджетларни тасарруф этишда ва инвестицион лойиҳаларни белгилашда маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг ваколатларини ошириш, маҳаллий ва республика бюджетига солиқ ва бошқа мажбурий ажратмаларни тақсимлаш тизимини қайта кўриб чиқиш, йирик компанияларнинг марказий бошқарув органларини кичик шаҳарларга кўчириш ҳамда кичик шаҳарларнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини республика бюджети ҳисобидан кенг кўламли реконструкция қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Бу йўналишда биз, шунингдек, ҳокимларнинг вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ишга қабул қилиш ва озод этишдаги, уларни жавобгарликка тортиш масаласидаги, ҳудуднинг кадрлар сиёсатига таъсир этишдаги ваколатларини кенгайтириш тарафдоримиз. Бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базасини чуқур хатловдан ўтказиш, ҳудудий давлат ҳокимияти органлари зиммасига муайян вазифа, ваколат ва топшириқ юклатилган ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда уларни амалга ошириш, назорат қилиш ва ҳисоботини эшитиш билан боғлиқ аниқ механизмларни акс эттириш, қолаверса, барча ҳудудий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлигига тавсия этилаётган номзодларни ҳокимлар билан келишиш лозимлигини муҳим, деб биламиз.

Биз бюджет соҳасида харажатларни кескин қисқартириш эвазига бюджет сиёсатини амалга ошириш тарафдори эмасмиз, чунки бюджет харажатлари иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим омилларидан биридир, у аҳолининг тўлов қобилиятини кучайтириб, ўз навбатида, юксак самарали ишлаб чиқаришни рағбатлантиради ва якунда халқ фаровонлигини таъминлайди.

Молия бозорига аҳоли, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маблағларининг фаол жалб қилиниши борасида ҳали ишлатилмаган кенг имкониятлар, ечимини кутаётган вазифалар мавжуд, деб биламиз ва уларнинг ҳал этилиши иқтисодиётимизни ривожлантириш учун қўшимча инвестициялар ва молиявий ресурсларни жалб қилиш имкониятини беради. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиётимизни ривожлантиришда ўзимизнинг куч ва имкониятларимизга таяниш зарурлиги ҳақидаги узоқни кўзланган стратегияни давом эттириш, кичик бизнес ва хусусий корхоналарнинг республика ва ҳудудий инвестиция дастурларидаги иштирокини доимий ошириб бориш орқали истиқболда ҳам юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишимизга хизмат қилади.

Биз ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларига, авваламбор, мамлакатимизда экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон ва минтақавий бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш, экспорт ва импорт миқдори орасидаги мувозанатни сақлаш нуқтаи назаридан ёндашамиз.

Иқтисодиёт йўналишидаги вазифаларимиз ҳақида гапирар эканмиз, биз уни инновациялардан холи тасаввур қила олмаймиз. Чунки, “Инновацион иқтисодиёт – барқарор тараққиёт ва мамлакат рақобатбардошлигининг гарови!” деб биламиз ҳамда давлатнинг мувофиқлаштирувчилик фаолияти иқтисодиётнинг барқарор инновацион тараққиётида муҳим роль ўйнаши кераклигини эътироф этамиз. Янги технологияларга асосланган иқтисодиёт давлат қудратини оширади, халқимиз фаровонлиги ва жамиятимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.

Шу мақсадда ушбу соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, мамлакатда инновацион тизим яратилишини ҳар томонлама рағбатлантириш, фан ва техниканинг энг замонавий ютуқларига таянадиган, илғор инновацион тафаккурни тарбиялайдиган таълим тизимини ривожлантириш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг инновацион ҳамкорлигини кучайтириш зарур.

Биз иқтисодий соҳада, шунингдек, қуйидагиларни ҳам таклиф этамиз:

— энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантиришга қаратилган замонавий технологияларни кенг миқёсда жорий этиш. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш масалалари доимо эътиборимизда бўлади. Мавжуд муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш орқали рақобатбардош энергия бозори яратилишини рағбатлантириш катта аҳамиятга эга, деб биламиз;

— “яшил иқтисодиёт”га ва унга мос технологияларга ўтишни давлат томонидан кенг рағбатлантириш. Бу йўлда, айниқса, зарур инфратузилма яратилишига сармоя киритиш, бошқарувнинг самарали тизими ва хусусий сармоялар эвазига экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришни янада фаоллаштириш лозим;

— инвестиция таклифларини чуқур ўрганиш ва инвесторларнинг ишлаб чиқаришни модернизациялаш, янги техника ва юксак технологияларни киритиш, рақобатдош, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларини қатъий назорат остига олиш асносида корхона ва муассасаларни босқичма-босқич хусусийлаштириш сиёсатини давом эттириш. Биз аралаш иқтисодиёт доирасида давлат мулкини ҳимоя қилиш, стратегик муҳим объектларни уларнинг социал ва ижтимоий фойдалилигидан келиб чиқиб давлат тасарруфида қолдириш тарафдоримиз;

— экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, прогрессив солиқ тизимини босқичма-босқич жорий қилишни ўз ичига олган самарали иқтисодий сиёсат воситаларидан оқилона фойдаланиш лозим, деб ҳисоблаймиз;

— фан, янги технологиялар ва экология соҳаларига қўшимча инвестициялар киритиш. Бу нафақат бугунги, балки келажак авлод учун ҳам муҳимдир. Янги технологиялар меҳнат хусусиятларини кескин ўзгартиради, янги бизнес ва юқори малакали касбларни юзага келтиради. Биз инвестицияларнинг инсон ва ижтимоий капиталга йўналтирилиши устувор вазифа бўлиши зарур, деб биламиз.

Ҳурматли Қурултой қатнашчилари!

Биз ижтимоий соҳага бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратиб, кучли ижтимоий ҳимояга адолатли жамият пойдевори сифатида ёндашамиз.

Биз “Ижтимоий тенглик – тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демак” тамойилига таянган ҳолда фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий тенглиги, ҳар бир фуқаро қобилияти ва малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, меҳнатининг миқдори ва сифатидан келиб чиққан ҳолда муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг ва тенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш учун курашамиз.

Давлат бундан кейин ҳам: инсоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кафолатлаши; шахсий ташаббусларни рағбатлантириши; иш берувчилар ходимларнинг кучи ва соғлиғидан фойдаланишда суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслигини таъминлаши; фуқаролар ўзларининг жинси, ёши ва кучига тўғри келмайдиган ишлар билан шуғулланмасликларини назорат этиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Биз Ўзбекистонда “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” тамойилига амал қилган ҳолда, турмуш даражаси кўрсаткичларини янада яхшилашнинг муҳим шарти бўлган, кўп йиллик мустақил тараққиётимиз даврида ўзини оқлаган давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб, ҳаётга самарали татбиқ этиш тажрибасини давом эттиришни таклиф этамиз.

Мамлакатимизда қулай бизнес муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига биз, биринчи навбатда, ёшлар ва аёллар, коллеж битирувчилари учун янги иш ўринлари яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини, турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, ишини йўқотганларга янги меҳнат ўринларини ҳамда касбий қайта тайёргарлик учун таълим олиш имкониятларини яратиш нуқтаи назаридан ёндашамиз. Биз ёшларни муносиб ҳақ тўланадиган меҳнатга жалб қилиш, коллеж битирувчилари ва ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш юзасидан давлат дастурларининг амалда бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳоли бандлигини тўлиқ таъминлаш ва ишсизликни минимал даражага пасайтиришга интиламиз.

Биз аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, ишчилари ва хизматчиларини тизимли равишда ижтимоий ҳимоя қилаётган, уларнинг интеллектуал салоҳияти юксалиши, олий ўқув юртлари ва бошқа таълим муассасаларида ўқишлари ва малакаларини оширишларига, соғлиғини тиклашига кўмаклашаётган корхона ва ташкилотлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратамиз. Зеро, инсоннинг оиласидаги фаровонлик, ўзининг ҳаётга муносабати, охир-оқибатда эса жамиятимизнинг барқарорлиги унинг иш билан таъминлангани, ижтимоий ҳимоялангани, меҳнати учун муносиб ҳақ олаётганига бевосита ва билвосита боғлиқ.

Бу борада биз жамиятимизда учраб турадиган баъзи муаммоларни бартараф этиш учун аниқ таклифларни илгари сурамиз.

Жумладан, бугунги кунда айрим тадбиркорлар қўл остида ишлайдиган ходимлар учун зарур ижтимоий, технологик, таълим шароитларини яратмаганликларига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Баъзи ҳолларда иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатлар меҳнат шартномаси тузилмасдан “яширин иқтисодиёт” тамойиллари асосида олиб борилмоқда. Натижада ходимлар тадбиркор билан муносабатда ҳуқуқсиз бўлиб қолаяпти, тадбиркорлар уларни хоҳлаган пайтда ишдан бўшатишлари мумкин, ходимларнинг пенсия ёшига етганда қилган меҳнатларига яраша нафақа олишлари кафолатланмаган.

Шундан келиб чиқиб, биз иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларда ходимнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш, у билан меҳнат муносабатларини расмийлаштирмагани, ходим меҳнатига ҳақ тўлаш, ижтимоий суғурта қилиш, пенсия таъминоти талабларига риоя қилмагани ва уларни бузганлиги учун иш берувчилар жавобгарлигининг кучайтирилиши билан бирга жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш тарафдоримиз.

Биз аҳолининг барча ижтимоий қатламлари ўз вақтида, мунтазам, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш тарафдоримиз. Шу маънода, мустақиллик йилларида Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилаётган маблағлар улуши салкам 2 баробарга ошганлиги, амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, эришилган улкан марраларни эътироф этган ҳолда, ушбу соҳани янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади, деб биламиз. Зеро, халқи, фарзандлари соғлом ва баркамол мамлакат кучли ва қудратлидир.

Аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини кучайтириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари эътиборимиз марказида бўлади.

Бугунги кундаги мавжуд баъзи чекловлар туфайли мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасидаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти, фуқаролар айрим тиббий муолажаларини ўтказиш учун хориждаги тиббиёт муассасаларига мурожат этишга мажбур бўлмоқдалар.

Бу эса аҳолининг асосий қисмини замонавий ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш хизматларидан маҳрум этмоқда, мамлакатимиз тиббиёт соҳасининг илғор жаҳон тажрибасидан ортда қолишига, юқори малакали врачларнинг хорижда ишлашига, қолаверса, валютанинг четга чиқиб кетишига замин яратмоқда.

Шу сабабдан, биз аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, хусусан трансплантологияга, ЭКУ (экстракорпорал уруғлантириш) ва бошқа замонавий тиббий хизматларга рухсат бериш тарафдоримиз. Қолаверса, хорижнинг етук тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик ўрнатишга, чет эл врачларини Ўзбекистоннинг тиббий муассасаларида жарроҳлик операциялари ўтказиш амалиётини кенгайтиришга, уларни доимий асосда ишга таклиф қилиш орқали миллий мутахассисларимизнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Биз хотин-қизларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларни босқичма-босқич давом эттириш тарафдоримиз. Хотин-қизларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, меҳнат бозорида уларга имтиёзлар бериш, иқтидорли ҳамда юқори малакали, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлганларини давлат бошқаруви органларининг барча соҳаларига ва бўғинларига жалб қилиш масалаларига устувор вазифалар сифатида қараймиз.

Биз, шунингдек, уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ажратилаётган ипотека кредитлаш жараёнини такомиллаштириш ва фоизларини оптималлаштириш, уй-жой-коммунал комплекси ишини янада яхшилаш, аҳоли учун белгиланаётган коммунал тўловлар миқдорини доимий назоратда тутиш, бу соҳаларда аҳолига хизмат кўрсатадиган муқобил ташкилотлар ўртасидаги рақобатни ошириш тарафдоримиз.

Ҳурматли делегатлар!

Биз замонавий, юқори интеллектуал кадрлар – жамият барқарор ривожланишининг кафолати, деган ғояга таянган ҳолда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратамиз.

Бугун биз XXI асрда – интеллектуал меҳнат бирламчи аҳамият касб этаётган глобаллашув ва интернет асрида, жаҳон бозорида рақобат курашининг миқёси ва кескинлиги тобора ортиб бораётган бир даврда яшаётганимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур.

Шу маънода инсон капитали мамлакатнинг муҳим миллий бойлигидир ва биз унинг ҳар томонлама кўпайиши ва тараққий этиши, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, юртимиз ва халқимиз манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласи принципиал ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деб биламиз.

Афсуски, ҳозирда таълим соҳасида ютуқлар билан бир қаторда айрим камчилик ва муаммолар ҳам кўзга ташланмоқда.

Хусусан, бугунги кунда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда квоталарнинг мавжудлиги сабабли аҳолининг олий таълим билан қамраб олиниш даражаси бор- йўғи 9 фоизга тенг. Бизнинг фикримизча, бу етарли эмас.

Модомики биз ўз олдимизга саноати юқори ривожланган, иқтисодиёти фан-техника ютуқлари ва инновацияга асосланган, демократик, ҳуқуқий давлат қуришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, олий мактабларни тамомлаган, замонавий билимга, кенг дунёқарашга эга малакали кадрларни кўпроқ тайёрлашга эътибор қаратишимиз лозим. Чунки олий маълумотга эга инсон давлатдан иш сўраб, ёрдам кутиб ўтирмайди, балки ўзининг ташаббускорлиги, зукколиги ва уддабуронлиги, янгиликка интилувчанлиги билан янги иш ўринлари яратади, мамлакатнинг ривожланишида фаол иштирок этади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, биз аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини кенгайтириш, қолаверса таълим ва тарбия соҳасида узвийликни таъминлаш мақсадида қуйидаги масалаларни устувор вазифалар сирасига киритамиз:

— халқ таълими тизимидаги ислоҳотларнинг давоми сифатида педагог-муаллимлар меҳнатини рағбатлантириш, ўқитувчилик касби нуфузини ошириш, умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиш, синфлардаги ўқувчилар сонини оптималлаштириш, электрон ўқув-таълим дастурлари ва мультимедиа маҳсулотлари миқдори ва сифатини ошириш, таълим муассасаларида тиббий хизмат даражасини юксалтириш;

— келажакда мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, “инновацион ва билим иқтисодиёти”га ўтиш эҳтиёжлари ҳамда аҳолининг демографик ўсиши ва бошқа жараёнларни инобатга олиб, меҳнатга лаёқатли аҳолининг олий таълим билан қамралганлигини босқичма-босқич ошириб бориш, давлат ва хусусий сектор маблағлари эвазига таълим грантлари ажратилиши тизимини такомиллаштириш;

— олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриш ва иқтидорли ёшларни танлаб олиш сифатини ошириш, таълим сифатига қўйилаётган талабни кучайтириш;

— хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган олий маълумотга эга фуқароларимиз дипломларини нострификациядан ўтказиш тизимини соддалаштириш. Хусусан, халқаро ташкилотлар томонидан ҳар йили дунёда энг илғор деб топиладиган олий таълим муассасаларининг дипломларини автоматик равишда нострификациядан ўтказиш;

— ҳудудларнинг муайян иқтисодий ихтисослашувидан ва устунликларидан келиб чиққан ҳолда пойтахтда жойлашган олий таълим муассасаларини тегишли ҳудудларга босқичма-босқич кўчириш;

— олий таълим муассасаларини корпоратив турдаги олий таълим муассасаларига айлантириш орқали уларнинг соҳавий ихтисослашувини кучайтириш;

— ишлаб чиқариш ва илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмаларининг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илмий изланиш ва ишланмалар рақобатдошлигини кучайтириш;

— меҳнат ресурсларининг иш берувчи ва бозор талабларига тезроқ мослашишига кўмаклашиш мақсадида қисқа муддатли ўқувларни ташкиллаштирувчи давлат ва нодавлат касб таълими тизимини янада ривожлантириш.

Азиз партиядошлар!

Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ташқи сиёсат масалалари, шубҳасиз, муҳим аҳамиятга эгадир. Биз тинчликпарвар, прогрессив ташқи сиёсатни миллий манфаатлар устуворлиги сифатида баҳолаймиз.

Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштириш, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирокини кучайтиришни долзарб вазифа, деб биламиз.

Биз Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясига асосланиб, жаҳон ҳамжамияти билан икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб ривожлантириш тарафдоримиз.

Биз бундан кейин ҳам мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, ҳеч қандай ҳарбий блокларга ва коалицияларга қўшилмаслик, ҳарбий мақсадларни назарда тутувчи ҳаракат ва ташкилотлар билан алоқа ўрнатмаслик, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, гуманитар алоқаларини мустаҳкамлаш тарафдоримиз.

Мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади.

Биз халқаро демократик жамиятнинг БМТ тизимини кучайтиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларини янги демократик дунёвий ҳамжамият яратиш томон ташланган муҳим қадам сифатида қўллаб-қувватлаймиз. Бундан кейин ҳам ядро қуролларисиз дунё, Марказий Осиёда ядро қуролларидан холи ҳудуд барпо этиш ғояларини илгари суришни давом эттирамиз.

Шу билан бирга, БМТнинг Барқарор ривожланиш дастури доирасидаги ижтимоий ва гуманитар лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш устувор вазифамиздир. Ушбу масалаларни ҳал қилишда БМТнинг ихтисослашган институтлари (ЮНЕП, ХМТ, Тараққиёт дастури ва бошқалар) билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ижтимоий соҳага доир дастурларни ҳамкорликда амалга оширишда фаол иштирок этишни қўллаб-қувватлаймиз.

Ҳурматли Қурултой иштирокчилари!

Мамлакатимизда кучли фуқаролик жамияти бунёд этишдек кенг кўламли мақсадларимизни амалга оширишда бўлажак сайловни юқори ташкилий ва сиёсий даражада, демократик халқаро стандартлар асосида ўтказиш учун барчамиздан фидойилик, уюшқоқлик ва катта масъулият талаб этилади.

Ўйлаймизки, бу жараёнда ҳаммамиз бир тан, бир жон бўлиб партиямизнинг муносиб қатнашишини таъминлаймиз.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!