Ўзбекистон ХДП МК раиси Ҳотамжон Кетмоновнинг маърузаси

16:00, 21 октябрь

Ассалому - алайкум, ҳурматли қурултой иштирокчилари!

Барчамизга маълумки, истиқлолимизнинг ўтган 25 йили давомида мамлакатимизда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди.

Хусусан, замонавий ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, бозор муносабатларига асосланган янги иқтисодиётни вужудга келтириш, барча ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатлари учун деган шиордан келиб чиққан ҳолда, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, юртимизда фуқаролар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, мамлакатимиз, халқимиз хавфсизлиги, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, оқилона ташқи сиёсат олиб бориш орқали халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаш борасидаги оламшумул натижалар бунинг ёрқин исботидир.

Она юртимиз Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар қаторига киришига асос бўлаётган бундай ўзгариш ва янгиланишлар, ўз навбатида жамиятимизда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, сиёсий партияларни ривожлантиришга ҳам сезиларли ижобий таъсирини кўрсатди.

Конституция ва унинг негизида яратилган пухта қонунлар, шунингдек, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳокимият институтларининг самарали фаолият кўрсатиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилиниши уларнинг давлат бошқарувида фаол иштирок этишини таъминлади.  

Айниқса, истиқлол йилларида қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида сиёсий партияларнинг давлат ҳокимиятини шакллантиришдаги ўрни янада мустаҳкамланганлиги, уларнинг жамият ҳаётига таъсир кучини сезиларли даражада ошириш имконини берди.

Шунга мувофиқ равишда мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан сиёсий партияларнинг нуқтаи-назари, позициялари мустаҳкамланмоқда, уларнинг дастурларида жамият ҳаётининг муҳим масалалари акс этмоқда. Сиёсий партиялар вакиллик органларида кўпроқ ўринларни қўлга киритиш орқали ўз мақсадларини амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг стратегик вазифаларини ҳал этишда фаол иштирок этишга интилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, буларнинг барчаси сиёсий партияларнинг ўз мақсад ва вазифаларини самарали амалга ошириши, электорат манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиши учун мустаҳкам замин яратди.

Партиямиз ҳам ана шундай шарт-шароит ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда, асосий эътиборни авваламбор, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига қаратмоқда.

Жумладан, партиямизнинг 9- қурултойидан кейинги қисқа вақт ичида ҳам электорат манфаатларига дахлдор бўлган бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 2014 йил декабрь ойида бўлиб ўтган сайловлар натижасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 27 нафар депутатдан иборат Ўзбекистон ХДП фракцияси тузилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида 214 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида 1649 нафар депутатлардан иборат жами 178 маҳаллий Кенгашда партиямиз гуруҳи қонунчиликка мувофиқ ташкил этилди.

Ўтган вақт мобайнидаги энг муҳим аҳамиятга эга бўлган ишларимиздан бири сифатида, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури қабул қилиниб, ижрога йўналтирилганлигини айтишимиз мумкин.

Унда партиямиз Сайловолди дастуридаги устувор вазифалардан келиб чиқиб, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор қонунчилик ташаббуслари билан чиқиш, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муҳим масалаларга ечим топиш ҳамда қабул қилинган мақсадли дастурларнинг ижроси юзасидан депутатлик ва парламент назоратини олиб бориш бўйича маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ишини мувофиқлаштириб бориш билан боғлиқ қатор вазифалар белгиланди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси қатор қонун лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва электоратимиз манфаатлари нуқтаи назаридан такомиллаштиришда фаол иштирок этди.

Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ташаббуси билан 2015 йилда Иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижроси тўғрисида ҳамда мазкур Дастурининг 2016 йилнинг биринчи ярмидаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирининг ахбороти юзасидан парламент эшитувлари ўтказилганлиги эса энг муҳим амалий натижа бўлди.

Ушбу эшитувлар якуни бўйича Қонунчилик палатасининг Дастурнинг ҳудудлар ва тармоқлар кесимида сўзсиз бажарилишини таъминлаш, бу йўналишда депутатлар корпуси ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантиришни рағбатлантириш ҳисобига иш ўринлари яратиш, келгуси йиллар учун мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли қарорлари қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ҳаракат дастури доирасида 2015 йил ва 2016 йилнинг 9 ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳлари томонидан томонидан 138 та масала сессияларда, 200 масала доимий комиссия йиғилишларида, 321 та масала депутатлик гуруҳларида муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шунингдек, жойларда мафкуравий, “Фаол аёллар” ва “Истиқбол ёшлар қаноти” йўналишларидаги бир қаторижтимоий лойиҳалар доирасида мақсадли тадбирларҳамда партиянинг бошқа ижтимоий аҳамиятга эга ташаббуслари изчил амалга оширилмоқда.

Ҳурматли қурултой қатнашчилари!

Маълумки, сайлов халқнинг хоҳиш-иродасини рўёбга чиқаришнинг олий ифодаси, давлат ҳокимияти органларини демократик тарзда ташкил этишнинг асоси ҳисобланувчи улкан ижтимоий-сиёсий воқеадир.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун жаҳонда умумэътироф этилган меъёрларга мувофиқ тарзда сайлов тизими шакллантирилди.

Энг муҳими, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларнинг фақат кўппартиявийлик асосида ўтказилиши, мамлакат Президенти лавозимига, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар сиёсий партиялар томонидан, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар эса – сиёсий партияларнинг жойлардаги тегишли органлари томонидан кўрсатилиши тўғрисидаги принципиал қоида мустаҳкамланди.

Шунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, фақатгина сиёсий партиялар томонидан кўрсатилади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, сайлов тизимига, жумладан Президент сайловига татбиқ этилган бундай ўзгартишлар 2015 йил март ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ўзини тўла маънода оқлади. Буни дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган ҳорижий кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам эътироф этганлигини барчамиз яхши эслаймиз.

Энг муҳими унда халқимиз Ўзбекистон танлаган демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлига содиқлигини яна бир марта намоён этди.

Азиз юртдошлар!

Барчамизга маълумки, 2016 йилнинг 9 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганини маълум қилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни 2016 йил 4-декабрь куни, деб белгиланди.

Шу кунларда мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим воқеа ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, бугунги қурултойимизда мазкур сиёсий жараёнда партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлаш, партия номзодини кўрсатиш масалаларида сизлар билан фикрлашиб, долзарб вазифаларни белгилаб олишимиз зарур.

Аввало, шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизда демократик ислоҳотлар янада чуқурлашаётган, фуқаролик жамиятини ривожлантириш янги босқичга кўтарилаётган ўта масъулиятли босқичда бўлиб ўтмоқда.

Партиямиз Ўзбекистон танлаган йўлни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўзининг стратегик мақсадларини амалга оширишни кўзлаб сайлов жараёнида фаол иштирок этишни муҳим вазифа, деб ҳисоблайди.

Шунинг учун барча партия тузилмаларимиз мазкур сайлов жараёнида юксак масъулиятни ҳис этиб ҳаракат қилиши, сайловчиларнинг демократик онгу тафаккурини ошириш, фуқароларнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга, ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш масалаларида астойдил ҳаракат қилиши зарур.

1. Олдинги сайловларда тўплаган тажрибамиздан маълумки, сайлов кампаниясининг барча босқичларида партия ташкилотларининг фаол иштирок этишини таъминлаш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш муҳим вазифа ҳисобланади.

Шу мақсадда, 14 сентябрь куни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасинингЎзбекистон ХДП сайлов Штабларини ташкил этиш бўйича қарори қабул қилинди. Унга кўра, Штаб таркибида партиянинг сайлов мавсумидаги иштирокини ташкилий, ахборий-таҳлилий, ташвиқот-тарғибот, моддий-техникавий жиҳатдан таъминлаш, оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш ва Ўзбекистон ХДПнинг кенг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйиш бўйича ишчи гуруҳлари тузилиб, уларга МКнинг тегишли бўлинмалари бўйсундирилиши ҳамда зарурат бўлган тақдирда қўшимча ходимлар билан мустаҳкамланиши белгилаб қўйилди. Бундай Штаблар Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларида ҳам тузилган.

Мазкур штаблар партия ташкилотлари, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва бошқа фаолларимизга, шунингдек, ўтказиладиган тадбирларга, ташкилий, ахборот-таҳлилий, моддий-техникавий жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиб боришлари лозим бўлади.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг “Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2016 йил 4 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштироки бўйича асосий тадбирларнинг календарь Режаси”дан келиб чиққан ҳолда, сайлов жараёнларининг барча босқичларида партия ташкилотлари томонидан олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириб бориш, фаолиятимизнинг қонунийлиги ва самарадорлигини таъминлаш, белгиланган ҳар бир вазифанинг ўз муддатида ва тўлиқ бажарилишини назорат қилиш, муаммолар вужудга келганида зудлик билан ҳал этиш масалалари ҳам улар зиммасига юкланади.

2. Қонунчилигимизга кўра, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи қатнашиш ҳуқуқига эгадир. Кузатувчиларга қонун билан участка сайлов комиссиялари иши, сайлов участкаларида сайлов тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича катта ҳуқуқлар берилган. Айни пайтда, бу ҳуқуқларнинг муайян чегаралари ҳам аниқ белгилаб қўйилган.

Кузатувчиларга юкланаётган вазифаларни ҳисобга олсак, аввало эътиборни уларни ҳуқуқий жиҳатдан тайёрлаш, билим ва кўникмаларини ҳар томонлама оширишга қаратиш зарур бўлади.

3.Маълумки, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунининг 28-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод 15 нафарга қадар ишончли вакилларга эга бўлишга ҳақлидир. Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам берадилар, тарғибот –ташвиқот ишларини олиб борадилар. Давлат ва жамоат ташкилотлари сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатини ҳимоя қиладилар. Шундай экан, ишончли вакилларни белгилашда партиямизнинг энг салоҳиятли, обрў эътиборга эга ва фаол аъзоларини танлашимиз ҳамда уларнинг ўз ваколатларини тўлақонли амалга оширишлари учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб беришимиз лозим.

4. Шунингдек, қонунчилигимизда сайловолди ташвиқоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланиши белгилаб қўйилган.

Маълумки, бунда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилади. Шунингдек, сайловчилар билан йиғилишларда ҳамда сайловчилар учун қулай бўлган бошқа шаклда учрашувлар ўтказишда тенглик таъминланади.

Бу жараёнда партиянинг барча даражадаги ташкилотлари сайловчилар билан ўтказиладиган учрашувларнинг мазмун-моҳияти ва жозибадорлигини оширишга хизмат қилувчи тарғибот воситаларидан самарали фойдаланишлари талаб этилади. Шу ўринда партиянинг сайловолди чақириқ ва шиорлари, номзоднинг реклама ва роликлари, ва бошқа тарқатма материалларнинг савияси ва сифатига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

 “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг “Қарақалпақистан ҳаўази”, Наманган вилоят кенгашининг “Халқ иродаси”, Сурхондарё вилоят кенгашининг “Халқ йўли” газеталарида партиядан кўрсатилган номзод сайловолди дастурининг асосий йўналишларини ёритиб берувчи материаллар чоп этиб бориш, партия веб-сайти ва бошқа сайтларда партиядан кўрсатилган номзод сайловолди дастурининг асосий йўналишларини ифода этувчи материалларни жойлаштириб бориш зарур бўлади. Республикамиздаги бошқа ОАВ билан ҳам самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Партиямизнинг марказий органлари ва маҳаллий ташкилотларимиз сайловолди ташвиқоти жараёнларида, биринчи навбатда, Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадларини электорат орасида янада изчил ва чуқур тарғиб қилишга эътибор бермоғи лозим. Тегишли тарғибот материалларида партия ғоялари яққол ва таъсирчан акс этиши зарур.

Шунингдек, партия ташкилотларимиз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодга сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни ташкил этишда, зарур маълумот ва ахборот материаллари олишда давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхона, муассасалар, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан амалий ҳамкорлик қилиши ниҳоятда муҳим масаладир.

 

Ҳурматли партиядошлар!

 

Олдимизда сайлов жараёнлари билан боғлиқ шундай жиддий вазифалар турар экан, бунда албатта партиянинг барча даражадаги ташкилотлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ўз имкониятлардан самарали фойдаланиши керак бўлади.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари мустақиллик йилларида Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тизимини такомиллаштириш, бунда айниқса, сиёсий партияларнинг ўрни ва ролини кучайтириш борасида амалга оширилган ишларни аҳолининг кенг қатламлари орасида тушунтириш масаласига эътибор қаратишлари лозим.

Партиямизнинг минтақавий кенгашлари олдида Ўзбекистон ХДП сайлов Штаблари ва Ўзбекистон Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари, кузатувчилар фаолиятини самарали ташкил этиш, сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ энг муҳим масалалар туради.

Сайлов кампанияси даврида партия туман ва шаҳар кенгашлари аҳоли билан иш олиб борар экан, электоратимиз вакилларида фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш, сайлов ҳуқуқини тушуниб, ундан эркин ва масъулият билан фойдаланишга интилишини кучайтириш асосий эътиборда бўлиши керак.

 Бу йўналишдаги ишларда партия туман ва шаҳар кенгашларининг маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз билан ҳамкорлигини янада кучайтириш талаб этилади. Сайлов жараёнларининг барча тадбирлари, айниқса, тарғибот-ташвиқот ишларига маҳаллий Кенгашлар депутатларини кенг жалб этиш ниҳоятда муҳим масаладир.

Шу ўринда таъкидлашимиз лозимки, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри партия Кенгашлари бошланғич партия ташкилотларини ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, партия дастурий вазифаларини амалга ошириш ва аҳоли орасида ижтимоий-сиёсий ишларни юритишдаги роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган қатор ишларимиз сайлов жараёнларида ўз натижасини кўрсатиши лозим.

Чунки, партиянинг бошланғич ташкилотлари аҳолининг кенг қатламларига энг яқин бўғиндир. Шу боисдан ҳам улар олдига аҳоли ижтимоий гуруҳлари орасида партиянинг салоҳиятли тарафдорларини аниқлаш, уларнинг сиёсий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданияти даражасини ошириш, ижтимоий, сиёсий ва фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш борасида аниқ вазифалар қўйилади.

Бу жараёнда электоратимизнинг ёш вакиллари, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида биринчи марта овоз берадиган ёшларга алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлади. Шунингдек, хотин-қизлар, хусусан, оилада фарзанд тарбияси билан банд бўлган аёлларнинг электорал фаоллигини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Бу масалалар Ўзбекистон ХДПнинг «Истиқбол» ёшлар ва «Фаол аёллар» қанотлари етакчилари, фаолларининг диққат марказида туриши керак.

Кисқача айтганда, сайлов кампанияси даврида Ўзбекистон ХДПнинг барча ташкилотларининг фаолияти сайлов жараёнинг ҳар бир босқичида қонунийликка амал қилган ҳолда фаоллик кўрсатиш ҳамда электоратимизнинг сайлов кампаниясида фаол иштирок этишини таъминлашга қаратилиши лозим бўлади.

Ҳурматли қурултой иштирокчилари!

Барчамизга маълумки, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ўзининг келгуси фаолият дастури билан чиқиш ҳуқуқи берилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, таъкидлашимиз лозимки, партиямиз номидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиладиган номзоднинг дастури Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига асосланади. Унинг устуворликлари жамиятнинг барча аъзолари учун ҳар томонлама ривожланиш ва ишончли ижтимоий кафолатларни таъминлашга йўналтирилган.

Биз учун асосий устувор йўналиш, авваламбор, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни юритишдан иборатдир.

Бу меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишини, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлиги қўллаб-қувватланиши ва рағбатлантирилишини, ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, иш ўрнига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратилишини, пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизими шакллантирилиши билан боғлиқ масалаларни қамраб олади.

Биз ўз олдимизга қўйган бундай мақсадларни самарали амалга ошириш ва уларга эришиш учун қуйидаги йўналишларни устувор деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини доимий такомиллаштириб бориш зарур. Хусусан, меҳнат бозоридаги талаб-таклифни тўлиқ ҳисобга олиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини тузишда ҳудуднинг жорий ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини аниқлаштириш, касб-ҳунар коллежлари йўналишларини белгилашда ташкил этилаётган корхона ва тадбиркорлик субъектларини кадрларга бўлган эхтиёжини ҳисобга олиш лозим.

Бундан ташқари ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш давомида барқарор иш ўринларини яратиш кўрсаткичлари мазкур дастурларнинг муҳим мезонларидан бири бўлишига эришиш керак.

Ушбу мақсадда авваломбор, муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини таклиф этаётган корхоналарда, хусусан юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш лозим.

Бу йўналишдаги яна бир муҳим масала меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш, бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштиришдир.

Яна бир муҳим масала, касб-ҳунар коллежи битирувчиларига, уларнинг мустақил бандлигини таъминлаш ҳамда якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш, истиқболли ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича инвестиция дастурларини ишлаб чиқишда, уларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурлари ҳамда ҳудудий бандлик дастурларига боғлиқлигини таъминлашдир. Шунингдек, муносиб иш ҳақи ва меҳнат шароитига эга бўлган қўшимча барқарор иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш мақсадида солиққа тортиш тизимини мақбуллаштириш, бунда айниқса кичик бизнес, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратиш талаб этилади.

Шу билан бирга, жамиятнинг барча қатламларига эркин ва тенг таълим олиш имкониятларини яратиш мақсадида минтақалардаги демографик ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, мактабгача, ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини олдиндан барпо этиш амалиётини янада ривожлантириш ҳам давр талаб ҳисобланади.

Иккинчидан, иқтисодий сиёсатдаги асосий устуворлигимиз, бу – давлатимизнинг иқтисодий-молиявий қудратини оширишни кучли ижтимоий сиёсат билан уйғунлаштириш орқали аҳолининг, хусусан, унинг эҳтиёжманд қатламларининг турмуш даражасини янада яхшилашга йўналтиришдан иборатдир.

Бунинг учун аввало, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш асосида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар ва хизматлар сифатини ошириш, таннархини пасайтириш, шунингдек, уларнинг экспорт имкониятларини кенгайтирувчи ва аҳолининг харид қобилиятини оширишга хизмат қилувчи рақобат муҳитини шакллантириш масалаларига эътиборни кучайтириш лозим.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда иқтисодиётнинг жадал ривожланишини таъминлаш, янги иш ўринлари яратишнинг муҳим омили бўлган қурилиш соҳасини модернизация қилишга етарли даражада эътибор берилмаяпти. Қурилиш ташкилотларнинг кенг ривожланиши, бу соҳада замон талабига жавоб берадиган мутахассислар, техник воситалари билан таъминланиши талаб даражасида эмас.

Қурилиш соҳасидаги қонунчилик базасининг, қурилиш нормалари ва стандартларининг такомиллашмагани оқибатида, бугунги кунда қурилиш технологиялари жаҳон стандартлари даражасидан орқада қолиб келмоқда.

Хорижий давлатларнинг қурилиш ташкилотлари бугунги кунда пудрат хизматлари экспорти билан жадал шуғулланиб, ўз давлатига валюта тушумини ошираётган бир пайтда, миллий қурилиш ташкилотлари бундай имконият эга эмас ва бундай талабларга жавоб ҳам бермайди.

Шунинг учун биз ўз сайловолди дастуримизда ушбу масалаларга алоҳида тўхталиб, қатор таклифларни илгари сурдик. Бизнингча, қурилиш ташкилотларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, янги технологияларни жорий қилиш, малакали мутахасисларни ёллашга имконият яратувчи шароитлар яратиш мақсадида солиқ юкини камайтириш; собиқ тузум давридан буён фойдаланиб келинаётган эскирган қурилиш стандартлари, норма ва қоидалари ўрнига бутун дунёда амал қилиб келинаётган еврокодлар тизимига ўтиш лозим.

Қурилиш соҳаси ривожланиши истиқболларига мувофиқ етарли даражада малакали мутахассисларни тайёрлаш масаласига эътибор қаратиш, хорижий давлатларга малака оширишга юбориш бу соҳадаги дастлабки вазифалардан бўлмоғи лозим. Мазкур ислоҳотлар, авваламбор, янги инновацион технологияларни ва материалларни қўллаш, қурилиш хизмати бозорларида мамлакатимиз мутахассисларининг рақобатбардошлигини таъминлаш билан бирга, ўзбек компанияларининг хорижий қурилиш ва хизмат бозорларига чиқишларига шароит яратади.

Бундан ташқари, мамлакатимизда фаолият юритаётган кичик корхоналарнинг йириклашишини рағбатлантирувчи солиқ сиёсатини юритиш, корхоналарнинг таснифида “ўрта корхона” тушунчасини киритиш лозим. Чунки, қонунчилигимизда белгиланган кичик ва йирик корхоналар томонидан ундириладиган солиқлар тизимининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ва давлат бюджетини шакллантиришдаги иштироки катта фарқ қилади. Жумладан, йирик корхоналар томонидан ялпи ички маҳсулотнинг 44% ишлаб чиқилиб, улардан 89,8% солиқ ва тўловлар ундирилган бўлса, кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,1 % ташкил этиб, солиқ ва тўловлари 10,2 фоизни ташкил этмоқда. Кичик корхоналар томонидан ишчиларга тўланадиган иш ҳақлари ҳам йирик корхоналар тўлаётганидан 2 бараваригача пастдир. Хозирги солиқлар ва имтиёзлар тизими кичик корхоналарнинг йириклашишига ҳалақит қилмоқда.

Мазкур масалаларни тартибга солишда даставвал соҳага оид қонунчилик базасини такомиллаштириш, хусусан, кичик корхоналар йириклашиш жараёнида катта солиқ юкламасига тушиб қолишини олдини олиш мақсадида “ўрта корхона” тушунчасини киритиш, яъни йирик, ўрта ва кичик корхоналари мезонларини белгилаш; кичик корхоналарнинг йириклашиши ва янада ривожланишига хизмат қиладиган солиқ ва имтиёзлар тизимини ишлаб чиқиш лозим.

Ўз ўрнида турли хил имтиёзларни бериш йўллари орқали иш берувчи ва ходим ўртасидаги норасмий меҳнат муносабатларини қонун доирасига киритиш; меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузганлик учун эса тадбиркорларнинг масъулиятини ва жавобгарлигини ошириш ва давлат томонидан қаттиқ назорат ўрнатиш ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозим.

Мазкур таклифлар шак-шубҳасиз, кичик корхоналарни йириклашишига, янги иш ўринлари яратишга, мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулотини ўсишига олиб келади, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, тижорат банкларининг инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришдаги иштирокини янада кенгайтириш, хўжалик юритувчи субъектларни кредитлаш тизимини соддалаштириш, макроиқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, фоиз ставкаларини минимал даражада белгилаш, муаммоли қарзлар юзага келишига йўл қўймаслик ва банк хизматлари сифатини яхшилаш орқали уларнинг инвестициявий фаоллигини кучайтириш ҳам иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Шу билан бирга истиқболли корхоналар ва ишлаб чиқариш комплексларининг ривожланиши учун бўш меҳнат ресурсларини жалб қилиш иқтисодий ўсишнинг қўшимча омилига айланишига эришиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун маҳаллий хомашё ва материалларни қайта ишлаш корхоналарининг ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, юқори қўшимча қийматга эга истеъмол товарларини ишлаб чиқаришини иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш ва имтиёзли кредитлаш самарадорлигини ошириш, мамлакатда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш мақсадида қишлоқ жойларида ушбу йўналишдаги оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни рағбатлантиришни кучайтириш масалаларига эътибор қаратиш зарур бўлади.

Иқтисодиётнинг ижтимоий йўналтирилганлигини таъминлаш, аҳолининг кўпчилиги манфаатлари йўлида кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамлаш, мазкур устуворликка амал қилган ҳолда, етакчи ижтимоий соҳаларнинг тижоратлашувини чеклаш, жамиятнинг барча аъзоларининг ишончли ижтимоий кафолатлари таъминланиши масалаларида бизнес масъулиятини ошириш бугунги куннинг талабидир.

Учинчидан, кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоялаш сиёсатини изчил давом эттириш лозим.

Бунда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ўртасида боқимандалик кайфиятини бартараф этишга қаратиш, уларнинг ташаббускорлигини рағбатлантириш, меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда нафақалар ва моддий ёрдамни асосан, кам таъминланган оилалар, ижтимоий ёрдамга мухтож қариялар ва болаларга йўналтириш ниҳоятда муҳим масаладир.

Яна бир муҳим масала бугунги кунда партиямиз электоратининг асосий қатламини ташкил этувчи жисмоний имконияти чекланган, турли сабабларга кўра ногирон бўлиб қолган фуқароларимизнинг ижтимоий ҳаётга киришишлари учун барча шароитларни яратиш масаласидир.

Бугунги кунда ижтимоий объектларда, барча бино иншоотларда ногиронлар учун махсус кириш йўлаги – пандуслар бўлиши даркор. Янги қурилаётган объектларни лойиҳалаш ишлари, шунингдек қуриб битказилган объектларни фойдаланишга топшириш жараёнида Ногиронлар уюшмаси иштироки қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган бўлсада, мазкур нормалар амалиётда ишламаяпти. Аксарият биноларда ногиронлар учун пандуслар умуман йўқ, мавжуд бўлганларининг аксариятидан фойдаланишнинг имкони йўқ. Пиёдалар йўлакчалари ҳам ногиронлар учун мосланмаган.

Мазкур масалаларни бартараф этиш мақсадида қатор чораларни амалга ошириш, хусусан, мавжуд барча бино ва иншоотларни, айниқса давлат идораларини ногиронлар кира олишлари нуқтаи назаридан хатловдан ўтказиш керак, уларни ногиронларга мослаш; йўлакчаларни ногиронларга мослаш бўйича махсус давлат дастурини қабул қилиш даркор деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, маҳалланинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдаги ролини янада ошириш, ижтимоий аҳамиятга молик товарлар ва хизматлар нархини белгилаш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали нархлар ва тарифларнинг ўсиши инфляция даражасидан юқори бўлмаслигига эришиш, коммунал хизматларнинг камхарж шаклларини кенгайтириш зарур.

Хусусан, тармоқ муҳандислик инфратузилмаси билан боғлиқ бўлмаган коммунал хизматлар кўрсатишнинг арзон автоном (локал) шаклларини ривожлантириш орқали аҳолига кўрсатиладиган хизматлар нархини мақбуллаштириш шулар жумласидан.

Тўртинчидан, аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдамдан кенг фойдаланиш имкониятини ҳамда обод турмуш тарзини таъминлаш масаласи ҳам бизнинг диққат марказимиздадир.

Мазкур соҳада аҳоли, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти ҳамда дори-дармон воситалари нархи устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, дори воситалари рекламасини чеклаш масалаларини таклиф этмоқдамиз.

Мамлакатимизда автотранспорт воситаларининг кўпайиб бораётганлиги натижасида йўллар, катта шаҳарларнинг кўчалари тирбанд бўлиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ушбу муаммони ҳал қилишнинг энг мақбул йўли деб, биз пиёдалар йўлакларини капитал таъмирлаш; экологик тоза, соғлом турмуш тарзига замин яратувчи велойўлакларни қуриш ва тегишли инфратузилмани яратиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Муҳим масалалардан яна бири саноати ривожланган йирик шаҳарларимизда маиший ва саноат чиқиндиларини қайта ишлаш масаласидир. Чунончи, бугунги кунда, ҳар йили 100 млн. тонна саноат чиқиндилари, 35 млн.м. куб маиший-рўзғор чиқиндилари ҳосил бўлади. Бу чиқиндиларни утилизация қиладиган, қайта ишлайдиган тизимли корхоналарни мавжуд эмаслиги натижасида республика миқёсида 2 миллиард тонна чиқинди тўпланиб қолган. Чиқиндилар тўпланадиган ва қайта ишлайдиган аксарият чиқиндихоналарнинг ҳолати ачинарли аҳволда.

Мазкур аҳволни ижобий томонга ўзгартиришда эса, чиқиндиларни утилизация қиладиган, қайта ишлайдиган корхоналарни тизимли ташкил этиш, уларга солиқ имтиёзлари бериш алоҳида аҳамият касб этади.

Бешинчидан, биз учун демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш асосий вазифа ҳисобланади. Ушбу мақсадда, аввало, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари, давлат бошқаруви органлари фаолияти натижаларини ошкора ва конструктив муҳокама этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини таъминлаш амалиётини изчил ривожлантириш, давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шериклик амалиётини кенг ривожлантириш зарур,

Шунингдек, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд механизмлари оммабоплигини кенгайтириш ва мазкур масалаларда суд назоратини кучайтириш ҳисобига суд қарорлари ижроси сифатини ошириш, судларда ишларни кўриб чиқиш жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш. Фуқароларнинг судга мурожаат қилиши ва суд ҳужжатларини олишининг электрон тизимини жорий қилиш лозим.

Олтинчидан, ташқи сиёсат масалаларида қуйидагилар таклиф этилмоқда:

Қўшни мамлакатларга нисбатан очиқ ва прагматик сиёсат юритиш, улар билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ва фойдали ҳамкорликни ривожлантириш, минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича халқаро ташаббусларни илгари суриш борасидаги саъий ҳаракатларни изчил давом эттириш ниҳоятда муҳим масаладир.

Ташқи сиёсий фаолиятнинг муҳим вазифаси бу Ўзбекистоннинг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш вазифаларини ҳал этишдаги фаол ва ташаббускор иштирокидир. Ушбу мақсадларда Марказий Осиё мамлакатлари, дунёнинг бошқа давлатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар билан терроризм, экстремизм, наркотрафик, одам савдоси ва бошқа таҳдидларга қарши кураш масалалари бўйича ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва кучайтириш зарур.

Ҳурматли қурултой делегатлари ва иштирокчилар!

Кўриб турганингиздек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилаётган номзоднинг дастурида мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, олиб борилаётган барча йўналишдаги ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган энг муҳим масалалар қамраб олинган.

Уларнинг рўёбга чиқарилиши, албатта юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.

Сўзимни якунлар эканман, олдимизда турган шундай масъулиятли вазифаларни амалга оширишда сизларга мустаҳкам соғлик, куч-ғайрат тилайман.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!