Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги маърузаси

16:22, 21 октябрь

Ҳурматли съезд қатнашчилари!

Сизлар билан бугунги муҳим сиёсий тадбирда кўришиб турганимиздан ғоят мамнунман.

Фурсатдан фойдаланиб, менга юксак ишонч билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод сифатида кўрсатганингиз учун Сиз, муҳтарам партиядошларимга, бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган барча юртдошларимизга ўзимнинг чексиз ҳурматимни ва самимий миннатдорлигимни билдираман.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўзининг олдига қўйган мақсад ва дастурлари, ташаббус ва амалий ҳаракатлари билан доимо халқимизнинг дарду ташвишлари ва муаммоларини ечишга, юртимиз фаровонлигини янада оширишга муносиб ҳисса қўшиб, Ватанимизда кундан-кунга катта обрў-эътиборга эришиб бормоқда.

Бугунги кунда ўз сафларида 250 мингдан зиёд аъзони бирлаштирган сиёсий партиямиз мамлакатимизнинг қудрати ва салоҳиятини, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлигини таъминлашда қудратли кучга айланмоқда.

Ишонаманки, келажакда ҳам партиямиз юртимизнинг гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшадиган етакчи сиёсий партиялардан бири бўлиб қолади.

Қадрли юртдошлар!

Замонамизнинг буюк давлат арбоби, мамлакатимиз ва халқимизнинг тақдири, бахту саодати йўлида ўз ҳаётини бағишлаган улуғ Йўлбошчимиз, Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти барчамиз учун ўрнини тўлдириб бўлмайдиган оғир жудолик бўлди.

Бутун дунёда таҳликали вазият, миллатлараро тўқнашувлар, сиёсий ва иқтисодий инқирозлар ҳамда турли хавф-хатарлар авж олган даврда Ислом Каримовнинг мамлакатимизга раҳбарлик қилганлари Яратганнинг халқимизга кўрсатган бебаҳо марҳамати бўлди.

Муҳтарам Юртбошимизнинг букилмас иродаси, фидойилиги, мардлиги ва ватанпарварлиги, узоқни кўриш ва стратегик фикрлаш қобилияти ватандош­ларимизни ягона мақсад сари бирлаштирди.

Натижада мамлакатимиз мустақил тараққиёт йўлида кўплаб қийинчилик ва синовлардан ўтиб, тарихан қисқа даврда жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.

Муҳтарам Ислом Абдуғаниевичнинг босиб ўтган умр йўллари, мустақиллигимизни ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш борасидаги тарихий хизматлари барчамиз учун, шу жумладан, мен учун ҳам энг ёрқин ибрат намунаси ва катта ҳаёт мактаби бўлиб қолади.

Буюк устозимизнинг сиёсий мероси, у киши белгилаб берган тараққиётимизнинг асосий тамойиллари, устувор йўналишлар, мақсад ва вазифаларни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш – биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Бу улкан масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, азиз Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ғояларини амалга ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатини изчил давом эттириш, олдимизда турган стратегик вазифаларни оғишмай бажаришни халқимиз олдидаги ўзимнинг асосий бурчим деб биламан.

Барчамизга маълумки, жаҳондаги эркин ривожланаётган, суверен, ҳуқуқий демок­ратик давлатлар томонидан эътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилиш, шунингдек, халқимизнинг миллий манфаатлари, менталитети ва анъаналарини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ  ва эркинликларини ҳимоя этишбўйича тизимли ва изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ана шу кўп қиррали сиёсатнинг пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда бу борада 70 дан ортиқ халқаро ҳужжат, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 10 та асосий ҳужжати ратификация қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Фуқаролик жамиятини барпо этиш, юртдошларимизнинг эркинлик ва ташаббусларини, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш келгусида ҳам Ўзбекистон сиёсий тизимини ривожлантиришнинг муҳим йўналиши бўлиб қолади.

Давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлис палаталари ролини кучайтириш, давлатнинг  ички ва ташқи сиёсати бўйича муҳим вазифаларни ҳал этиш, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини назорат қилишда парламентнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Биз юртимизда кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлаб, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларда партияларнинг ролини оширишга кўмаклашамиз.

Қачонки, сиёсий партияларнинг фаоллиги ошиб, парламент фаолияти доирасида улар ўртасида соғлом рақобат ва баҳс-мунозара муҳити шаклланса, шундагина вакиллик ҳокимияти органлари ҳам самарали фаолият кўрсатади. 

Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида партия гуруҳларининг ваколати ва ролини ошириш, айниқса, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини назорат қилиш борасидаги таъсирини янада кучайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Ҳурматли дўстлар!

Биз бошимиздан кечираётган ҳозирги глобаллашув даври ўта шиддат билан ўзгараётгани ва турли таҳдидлар кўплиги билан олдимизга ҳал этишни кечиктириб бўлмайдиган ғоят мураккаб вазифаларни қўймоқда.

Шу сабабли Ўзбекистоннинг барқарор ривожига хавф туғдириши мумкин бўлган таҳдидлар, ўз ечимини кутаётган энг муҳим муаммоли масалаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Биринчидан, геосиёсий ман­фаатлар тўқнашуви халқаро алоқаларда ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муносабатларига путур етишига, қарама-қаршилик ва носоғлом рақобат кучайишига сабаб бўлмоқда.

Иккинчидан, жаҳон иқтисодий инқирози, дунё бозорларидаги беқарорлик, энергия ресурслари нархларининг пасайиши деярли барча давлатларнинг иқтисодий ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Табиий ресурслар учун кураш қатор давлатларда ҳарбий-сиёсий аҳволнинг кескинлашувига олиб келмоқда. Айрим мамлакатларни хомашё базаси ва сифатсиз маҳсулотлар бозорига айлантиришга интилаётган кучлар ҳам йўқ эмас.

Учинчидан, жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви ва баъзи минтақаларда юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига сабаб бўлмоқда. Бу эса жиноятчилик, одам савдоси, террорчилик, экстремизм, наркотрафик каби иллатларнинг ҳамда ўта хавфли юқумли касалликларнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Тўртинчидан, ахборот-коммуникация тизимларининг кенг қўлланиши, давлат бошқарувининг электрон шаклда ташкил этилаётгани, ўз навбатида, ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ қўшимча чора-тадбирлар кўришни тақозо этмоқда.

Бешинчидан, коррупция, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатлар давлат ҳокимиятини обрўсизлантириб, иқтисодиётнинг ўсиши ва тадбиркорлик ривожига жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Олтинчидан, “оммавий маданият” балоси кўплаб ёшларни ўз домига тортиб, миллат ва юрт учун бутунлай бегона бўлган салбий таъсирлар кириб келишига сабаб бўлмоқда.

Ҳурматли партиядошлар!

Давримизнинг даъвати сифатида пайдо бўлган “Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак” деган теран маъноли сўзларни биз ҳамиша ёдимизда сақлашимиз лозим.

Бизнинг энг асосий ютуғимиз – кўпмиллатли халқимизнинг вужудга келаётган қийинчилик ва синовларни енгишга қодирлиги, уларнинг замонавий дунёқараши, сиёсий онги ва ижтимоий фаоллигининг юксалиб бораётгани, атрофимиздаги воқеаларга бепарво бўлмасдан, аксинча, дахлдорлик туйғуси билан яшаётганидир.

Марказий Осиё минтақасида ва бутун дунёда мураккаб вазият юзага келаётган, терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бораётган бугунги шароитда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлаш хавфсизлик ва барқарорликни, халқимизнинг осойишта ҳаётини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва кафолати эканини барчамиз яхши англаймиз.

Бугунги  кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг тинч-тотув ҳаёт кечираётгани – истиқлол даврида эришган энг муҳим ютуқларимиздан биридир, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз. Миллатлараро тотувликни таъминлашда мамлакатимизда фаолият юритаётган 137 та миллий маданий марказларнинг ўрни беқиёс.

Айнан шу нуқтаи назардан келгусида ҳам миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенглик муҳити туфайли мамлакатимизда 2 минг 200 дан ортиқ турли диний ташкилотлар фаолият юритмоқда.

Турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатларни ривожлантириш, қайси дин ва эътиқодга мансублигидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш бундан буён ҳам энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.

Биз муқаддас динимизни нотўғри талқин этаётган ва уни ниқоб қилиб, бизни орқага, ўрта асрлар ҳаётига қайтаришга уринаётган бузғунчи кучларга қарши кескин курашиб келдик ва бундан кейин ҳам қатъий кураш олиб борамиз.

Халқимизни ишонтириб айтаман: мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига рахна солишга уринадиган ички ва ташқи кучларнинг ҳар қандай ҳаракатларига қарши биз кескин зарба беришга қодирмиз. Бунга ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак.

Қадрли анжуман иштирокчилари!

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш – амалга оширилаётган барча ислоҳотлар самарадорлигига эришиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, мамлакатда тинчлик, тотувлик ва барқарор вазиятни таъминлашнинг асосий кафолатидир.

Шу сабабли суд-ҳуқуқ тизими фаолияти тўғрисида гапирар эканмиз, амалга оширилган кенг қамровли ишлар билан бир қаторда, соҳада ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммолар мавжудлигини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим, деб ҳисоблайман.

Одамлар биздан нимани кутаяпти? Энг аввало, давлат идораларига қилган мурожаатлари ўз вақтида, холисона ва қонуний ҳал этилишини кутмоқда. Лекин, айрим раҳбарларнинг аҳоли ариза ва шикоятларини кўриб чиқишда сансоларлик, масъулиятсизлик, ортиқча расмиятчиликка йўл қўяётгани одамларни бездирмоқда.

Биргина жорий йилнинг 9 ойида Бош прокуратурага 137 минг, Олий судга 67 минг, Адлия вазирлигига 52 мингдан зиёд келиб тушган мурожаатларнинг салкам 30 фоизи бевосита тергов-суд фаолияти ва суд қарорлари ижроси соҳасидаги масалалар билан боғлиқ.

Энг ачинарлиси шундаки, мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлиги оқибатида такрорий мурожаатлар сони ортиб бормоқда.

Қани, айтингчи, бу аҳволда аҳолининг умуман суд-ҳуқуқ тизимига ишончи ва уни мустаҳкамлаш тўғрисида гапириш мумкинми ўзи?

Ўйлайманки, барчангиз бу масаланинг нечоғлик муҳим эканини яхши тушунасиз. Хўш, вазиятни ўнглаш учун нима қилиш керак?

Биринчи навбатда, барча даражадаги раҳбар ва масъул ходимларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатлар билан ишлашга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш керак.

Одамлар билан уларнинг тилида гаплашиш, дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишнинг самарали усулларини жорий этиш устида жиддий бош қотиришимиз зарур.

Ўйлайманки, бу масаланинг жуда муҳимлигини инобатга олиб, уни давлат сиёсатининг устувор вазифалари  даражасига кўтариш пайти келди.

Муҳтарам Биринчи Президентимиз “Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди”, деб такрор ва такрор таъкидлар эдилар.

Аммо, бугунги кунда судларда ишларни кўриб чиқишда юз бераётган оворагарчилик жойларда фуқароларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Айнан шу нуқтаи назардан, қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг асосли, адолатли ва қонуний бўлишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда одил судлов фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш асосий масаладир.

Энг ачинарлиси, кейинги  йилларда судлар томонидан бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаган.

Бундан биз, барча тергов органлари хатосиз ва жуда сифатли даражада ишлаяпти, деган хулосага келишимиз мумкинми? Йўқ, албатта.

Бундан ташқари, одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётидан воз кечиш вақти келди.

Суд ёки оқлов, ёки қоралов ҳукмини чиқариши керак.

Шунинг учун судьяларнинг ваколат муддатларини узайтириш орқали судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашҳамда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, мустаҳкам иродали, юксак маънавий ва касбий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Одил судловнинг муҳим шарти бўлган томонлар тенглиги принципини тўлиқ ишлатиш учун адвокатура соҳасини ҳам ислоҳ қилиш алоҳида ўрин тутади.

Халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, адвокат энг нуфузли, обрўли ва ишончли касб эгаси ҳисобланади. Миллий қонунчилигимизда ҳам адвокатларнинг самарали фаолият юритиши учун барча асослар яратилган бўлса-да, амалиётда бу нормалар мутлақо ишламаётганини афсус билан қайд этишимиз лозим.

Шу билан бирга, суд-ҳуқуқ соҳасида адвокатуранинг ўрни ва ролини янада ошириш, адвокат ваколатларини кенгайтириш бўйича бир қатор қўшимча ва самарали чора-тадбирларни амалга оширишимиз зарур бўлади.

Юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал этиш мақсадида: биринчидан, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;иккинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш; учинчидан, одил судлов кафолатларини кучайтиришга қаратилган масалалар бўйича фармон лойиҳаси тайёрланмоқда.

Бугунги кундаги яна бир устувор вазифамиз – мамлакатимиз ривожига тўсиқ бўлаётган ёвуз иллат, яъни, коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқ­бузарликнинг олдини олиш масалаларини самарали ҳал этишдан иборат.

Эътибор беринг, биргина жорий йилнинг 9 ойида 61 мингдан ортиқ жиноят ва 2,5 миллиондан ортиқ ҳуқуқбузарликлар қайд этилган.

Бу рақамлар жамият тақдири учун жавобгарликни ҳис қилган ҳар бир инсонни ўйлантирмасдан қўймайди, албатта. Чунки, улар кимгадир фарзанд, ота-она ёки қариндош, қолаверса, шу юртнинг фуқароларидир.

Жиноят учун жазо муқаррар, албатта. Лекин, ўзимизга бир савол берайлик – фуқароларимиз жиноят йўлига кириб қолмаслиги учун шахсан ҳар биримиз нима иш қиляпмиз?

Шу нуқтаи назардан, фаолиятимиз, биринчи навбатда, айбдор шахсни жавобгарликка тортиб, унга “судланган” деган тамғани босишга эмас, аксинча, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва профилактикасига қаратилиши зарур.

Афсуски, жойларда бу масалада маҳалла раиси, профилактика инспектори ва бошқа мутасаддилар ўз масъулиятини мутлақо ҳис этмаяпти, десак, тўғри бўлади.

Шунинг учун жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳар қандай жиноятга адолатли баҳо беришга қаратилган ишларимиз кескин кучайтирилади.

Ҳар бир ҳолат ва вазият бўйича ҳоким, ички ишлар бўлими бошлиғи ва прокурорнинг аҳоли вакиллари олдида ҳисобот беришини кўзда тутадиган янги тизим жорий этилади.

Халқнинг дарди ва ташвишларини писанд қилмайдиган, эл-юртимиз осойишталиги ва жамоат тартибини сақлашга, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга қурби етмайдиган ҳар қандай даражадаги раҳбарларга нисбатан жиддий чоралар кўрилади. Лўнда қилиб айтганда, бундай лоқайд ва бефарқ шахсларга раҳбарлик лавозимларида мутлақо ўрин йўқ.

Профилактик тадбирларни ташкил этишда маҳалла имкониятларидан самарали фойдаланиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтириш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда фаол қатнашаётган инсонларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Олдимизда турган улкан мақсад ва вазифаларни тўлақонли амалга ошириш учун давлат бошқарув тизими ва унинг аппарати самарали фаолият юритиши зарур, албатта.

Бироқ, холисона айтганда, бугун аксарият давлат идораларининг иш услуби давр талабига тўлиқ жавоб бермайди. Айрим вазирлик ва идоралар аҳоли муаммоларини ҳал этишда расмиятчиликка йўл қўймоқда, улар кўпинча қуруқ рақам ва маълумотлар тўплаш билан овора.

Вазирлик ва идораларда улар масъул бўлган соҳалардаги аҳволни чуқур таҳлил қилиб, камчиликларни тизимли равишда аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган фаолият етарли даражада йўлга қўйилмаган.

Шу билан бирга, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, қонунлар ижросини таъминлаш, жойлардаги давлат бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш борасида маҳаллий ҳокимликларнинг вазифа ва ваколатларини ҳам такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Шу ўринда ҳокимлик идораларининг моддий-техник базасини тубдан мустаҳкамлаш, уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини мутлақо қайта кўриб чиқиш зарурлигини қайд этмоқчиман.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш ва бутун бошқарув тизимида аниқ тартиб ва қатъий интизомни таъминлаш мақсадида фақат жорий йилда Бош вазирнинг 2 та ўринбосари, 22 та вазир ва идоралар раҳбарлари, Тошкент вилояти, Жиззах, Қарши ва Термиз шаҳарлари ҳамда 21 та туман ҳокимлари лавозимларидан озод этилди. Ишни жамоа бўлиб бажарсак ҳам, унинг натижаси учун ҳар биримиз шахсан жавоб беришимиз шарт.

Муаммоларнинг асосий сабаби – кадрларни танлаш, тарбиялаш ва жой-жойига қўйиш жараёнлари билан бевосита боғлиқ. Янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди.

Давлат идоралари фаолиятини ташкил этишда барчамиз муҳим бир ҳақиқатни чуқур англаб олишимизни истардим.

Содда қилиб айтганда, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қиладиган вақт  келди.

Афсуски, ҳаётда бунинг аксини кўрсатадиган баъзи бир рақамларга сизнинг эътиборингизни қаратмоқчиман. Шу йилнинг ўзида Вазирлар Маҳкамасига, вазирлик ва идораларга, барча даражадаги ҳокимликларга тушган мурожаатларнинг умумий сони 338 мингтани ташкил этди. Улардан 200 мингдан ортиғи ёки 60 фоизи туман ва шаҳарлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу  рақамлар жойларда одамларнинг дарду ташвишлари билан ҳеч бир мутасадди раҳбар астойдил шуғулланмаётганини кўрсатади.

Ишга жойлаштириш, ер участкалари ажратиш, иш ҳақи ва пенсияларни ўз вақтида тўлаш масалалари бўйича мурожаатлар сони кўпайган. Айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига доир мурожаатларнинг ошгани, ишимиздаги камчиликлардан далолат беради. Шулар қаторида аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан бўлган эътирозлари ҳам талайгина.

Раҳбарларнинг масъулиятсизлиги, баъзан одамларнинг эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқлиги, уларнинг мурожаатларига панжа орасидан қарашлари туфайли Қашқадарё, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келаётган шикоятларнинг оқими доимий равишда ортиб бормоқда.

Бундан ташқари, Бош вазирнинг яқинда Интернет тармоғида ташкил этилган виртуал, яъни, электрон қабулхонасига ўтган 3 ҳафта ичида 50 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди.

Бундай масъулиятсиз ва совуққон муносабатга қатъиян чек қўйишимиз шарт. Фуқароларнинг ҳар қандай муаммоларини ҳал этиш давлатнинг халққа нисбатан асосий мажбуриятларидан бири эканини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Шунинг учун раҳбарлар мунтазам равишда халқ орасида бўлиб, шахсий қабуллар ташкил этишлари, жойлардаги муаммоларни ҳал қилишлари зарур.

Бундан кейин жойлардаги раҳбарлар фаолиятига биринчи навбатда улар бош­қараётган ҳудуддаги аҳолидан тушаётган мурожаатлар сони, уларнинг халқ ичида юриши, мавжуд муаммоларнинг амалий ечимига қараб баҳо берилади. Қисқа қилиб айтганда, раҳбарларга халқнинг ўзи баҳо беради.

Шу билан бирга, кўплаб давлат хизматчиларининг зиммасига катта масъулият юкланганига қарамасдан, уларнинг иш куни ва иш ҳафтаси аниқ меъёрга солинмагани ҳеч кимга сир эмас.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, давлат хизматчиларига юксак талаблар қўйишдан олдин уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш ва ҳимоя тизими билан мустаҳкамлаш даркор.

Масаланинг ўта долзарблигини эътиборга олиб, давлат хизмати бўйича қонун қабул қилиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари алоҳида ўрин эгаллайди.

Шу боис жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини ривожлантириш мақсадида зарур чораларни кўришимиз керак. Бу борада “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясини изчил давом эттириш энг устувор вазифаларимиз қаторига киради.

Маълумки, дунёда ноёб, ўхшаши йўқ маҳалла тизими мустақиллик йилларида аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айланди.

Қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм сурмоқда, нохуш ҳолатларга йўл қўйилмаяпти.

Шуларнинг барчасини эътиборга олиб, биз бу тузилмани янада қўллаб-қувватлашимиз ва ҳар томонлама ривожлантиришимиз зарур.

Биринчи навбатда, маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ушбу тизимда фаолият кўрсатаётган раҳбар ва ходимларнинг малакаси ва савиясини мунтазам ошириб бориш лозим бўлади.

Маҳалла институтининг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, “адолат тарозиси”га айланиши, ҳеч шубҳасиз, одамларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Яна бир муҳим масала – ислоҳотлар жараёнида оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш билан боғлиқ. Ахборот соҳасини ривожлантириш борасида ўтган даврда катта ишлар қилинди. Келгусида журналистларнинг профессионал фаолиятини ҳимоя қилиш, оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий асослари ва моддий базасини янада мустаҳкамлашга қаратилган ишларимиз изчил давом эттирилади.  

Азиз дўстлар!

Давлатимиз раҳбари “Иқтисодий мустақилликка эришмасдан туриб, сиёсий мустақилликни таъминлаб бўлмайди”деган эдилар. Мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарийб 6 баробарга ўсди.  Унда саноатнинг улуши 14 фоиздан 34 фоизга ошди. Охирги 11 йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиши 8 фоиздан кам бўлмаган даражада сақланмоқда. Фаол инвестиция сиёсати амалга оширилмоқда.

Лекин, ҳаммамизга аёнки, ўсиш суръатлари – бу шунчаки бир мақсад эмас. Бундай ўсиш аввало халқимизга, ҳар бир фуқарога қандай наф етказиши, унинг дастурхонида, кундалик ҳаётида акс этиши биз учун муҳим масаладир.

Айни шу нуқтаи назардан, биз келгусида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида асосий диққат-эътиборни қуйидаги стратегик йўналишларга қаратишни зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва кейинги йилларда эришилган иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш. Шунингдек, миллий валютамиз, ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш.

 Молиявий соҳада эса – тармоқ ва ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш ҳисобидан маҳаллий бюджетнинг даромад базасини кенгайтириш лозим бўлади.

Туман ва шаҳарларда маҳаллий бюджетлар имкониятларининг кенгайиши – шу ҳудудларда яшайдиган аҳолининг турмуш даражаси ва шароитлари яхшиланишига, умуман барқарорлик ва осо­йишталикка хизмат қилиши лозим.

Агар биз шаҳар ва туман бюджетларининг даромадлар базасини кенгайтирмасак, ҳеч қачон ушбу ҳудудларни жадал ривожлантириш мумкин эмаслигини яхши англашимиз керак.  

Иккинчидан, иқтисодиётимизнинг жа­ҳон бозоридаги рақобатдошлигини янада ошириш, унинг соҳа ва тармоқларини модернизация ва фаол диверсификация қилишдир.

Бизнинг олдимизда 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш бўйича ўта муҳим вазифалар турибди.

Шу мақсадда яқинда кимё саноатини, рангли ва нодир металлар, углеводород хомашёсини қайта ишлаш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, мева-сабзавот маҳсулотлари ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича 8 та махсус дастур қабул қилинди.

Ана шу дастурлар доирасида яқин беш йил ичида умумий қиймати қарийб 40 миллиард доллар бўлган 657 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Натижада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 баробар ортади.

Ҳозирги вақтда маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш имкониятига эга бўлган тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилди. Мазкур дастур қиймати 2 миллиард 300 миллион доллар бўлган 140 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни назарда тутади. Тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробар ошади.

Яна бир муҳим масала. Арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш масаласида бугун биз аҳолимиздан қарздормиз ва ўйлайманки, бу қарзни узиш вақти келди.

Айни пайтда биз тиббиёт ходимлари томонидан беморларга қиммат дориларни асоссиз равишда тайинлашга, дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетишига йўл қўймайдиган энг қатъий чораларни кўрамиз. Давлат дорихона тармоқларида ҳаётий муҳим дори воситаларининг аниқ белгиланган нархларда сотилиши таъминланади.

Бу борада тасдиқланган дастурдаги ва ҳудудий 100 дан ортиқ лойиҳаларнинг амалга оширилиши 162 та янги, ҳозирги вақтда четдан олиб келинаётган дори воситаларини ўзимизда ишлаб чиқариш ва уларнинг умумий ҳажмини 2,5 баробар ошириш имконини беради.

Ҳаммамизга маълумки, ҳозирги вақтда Навоий, Жиззах ва Ангрен ҳудудларида эркин индустриал зоналар самарали фаолият кўрсатмоқда. Берилган имтиёзлар корхоналар томонидан инновацион лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга имкон яратмоқда.  

Бу ижобий тажрибани кенгайтириш мақсадида Ургут туманида ҳам эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этилмоқда. Яқин келгусида Қўқон шаҳри ва Ғиждувон туманида ҳам ана шундай ҳудудлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Учинчидан, аҳолимизнинг сони ва ёши таркибини ҳисобга олиб, аҳоли бандлиги муаммосига доир тизимли ишларни давом эттиришимиз зарур.

Яқинда Ҳукумат мажлисида депутат ва сенаторлар иштирокида 2017 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш дастури лойиҳаси муҳокама қилинди.

Дастур 390 минг кишини доимий иш жойи билан, 200 минг кишини – қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилишда мавсумий ва вақтинчалик иш билан, 309 минг кишини – шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорлик орқали иш билан таъминлашни назарда тутади.

Ушбу вазифаларни амалга оширишда ҳар доимгидек Либерал-демократик партия аъзоларининг фаол қўллаб-қувватлаши ва ёрдамига умид қиламиз.

Тўртинчидан, қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифа – аввало ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдир.

Бу борада замонавий интенсив агротехнологияларни кенг жорий этиш, маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда чуқур қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳосилдорлиги паст ерларда пахта экишни қисқартириш сабзавот, дуккакли ва озуқабоп экин майдонларини кенгайтириш, илғор хорижий тажрибаларни қўллаган ҳолда, юқори технологияга асосланган интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиш билан биргаликда олиб борилади.

Масалан, кейинги йилларда Сурхондарё вилоятида пахта ҳосилдорлиги пастлигича қолмоқда. Фермер хўжаликларининг иқтисодий аҳволи йилдан-йилга ёмонлашмоқда. Томорқалардан фойдаланиш ҳам талаб даражасида эмас. Ваҳоланки, Сурхондарё вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида февраль ойидан бошлаб бемалол 3 марта ҳосил олиш имкони бор.

Шунинг учун 2017 йилда тупроқ унумдорлиги паст ерлар ҳисобидан ушбу ҳудуднинг қарийб 18 минг гектар пахта ва 1000 гектар ғалла майдонлари қисқартирилади. Ушбу майдонларда сабзавот ва мева етиштирилади, интенсив боғ ва токзорлар барпо этилади, иссиқхоналар ташкил қилинади. Натижада маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш ҳажми кескин кўпайиб, қўшимча қийматли экспортбоп маҳсулотлар тайёрланади. Бу аҳолининг манфаатдорлиги ошиши ва даромади янада кўпайишига олиб келади.

Ана шу масала бошқа вилоятларда ҳам босқичма-босқич қайта кўриб чиқилади ва бундай тадбирлар уларда ҳам давом эттирилади.

Яқин кунларда 2017-2020 йилларга мўлжалланган кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш якунига етказилади.

Дастурга мувофиқ, экин майдонларини оптималлаштириш, пахта майдонларини босқичма-босқич қисқартириш таъминланади.

 Асосий эътибор экспортга йўналтирилган мева-сабзавот ва озиқ-овқат ҳамда чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга, шунингдек, кичик ишлаб чиқариш шохобчаларини ташкил этиш ва сервис хизматлари кўрсатишга  қаратилади.

Келгуси 5 йилда биз мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини 1,8 баробар ошириб, бугунги 17 фоиздан 30 фоизга кўпайтиришни вазифа қилиб қўймоқдамиз.

Қўшимча тарзда 200 минг тонна маҳсулот сақлаш қувватига эга бўлган совутгичли омборхоналар қурилади. Бу ўз навбатида янги иш ўринлари очиш, аҳоли даромадини кўпайтириш ва маҳаллий бюджетга қўшимча маблағ тушириш имконини беради.

Асосий вазифаларимиздан яна бири – қишлоқ хўжалигини молиялаштиришнинг мавжуд тизимини такомиллаштиришдан иборат.

Бу ишларни амалга оширмасдан туриб, биз кафолатланган барқарор ҳосилдорликни, бутун агросаноат комплексини ривожлантиришни ва энг муҳими, фермерларнинг моддий манфаатдорлигини оширишни ва қишлоқ жойларда турмуш даражасини яхшилашни таъминлай олмаймиз. Бу тадбирларнинг амалга оширилиши устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.

Бешинчидан, олдимизда турган яна бир вазифа – хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантиришга халақит бераётган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этишдан иборат.

Бу борада кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг экспортдаги иштирокини янада рағбатлантириш бўйича қўшимча комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Партиямизнинг асосий электорати бўлган тадбиркорлар фаолиятини жадал ривожлантириш жамиятимиз тараққиёти ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи, иқтисодиётимиз барқарор ўсишининг энг муҳим кафолатидир.

Маълумки, бугунги кунда тадбиркорлик соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,5 фоизга етди. Аҳолининг 78 фоизи айнан шу тармоқда меҳнат қилиб, мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Бироқ, тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган қатор чоралар кўрилишига қарамасдан, доимий текширишлар, молиявий-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашувлар оқибатида тадбиркорлар ўз ишини вақтинча тўхтатишга, айрим ҳолларда эса умуман тугатишга мажбур бўлмоқда.

Жиноят ишларини тергов қилиш доирасида ўтказилаётган текширишларнинг узоқ муддат давом этиши тадбиркорларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, лицензия ва рухсатномалар бериш жараёни ойлаб чўзилиши туфайли фуқаролар тадбиркорлик билан ноқонуний тарзда шуғулланишига ўзимиз замин яратмоқдамиз. Мансабдор шахсларнинг таъмагирлик ҳолатларига тўлиқ чек қўйилмаган.

Текширув тартибларини бузиш ҳолатлари асосан солиқ, ёнғинга қарши кураш, санитария назорати, кадастр, табиатни муҳофаза қилиш ва бошқа назорат қилувчи органлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида хўжалик судларида хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 23 мингта иш кўрилиб, тадбиркорлар фойдасига 640 миллиард сўм ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган, 133 нафар айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли суд таъсир чоралари кўрилган.

Режадан ташқари ва муқобил текширишлар назорат органларига тадбиркорлик субъектларини исталган вақтда текшириш имконини беради. Улар орасида энг кенг тарқалган қисқа муддатли текширишга эса текширувчи идоранинг ўзи рухсат бермоқда. Текширишлар тирноқ остидан кир қидириш, камчилик топишга йўналтирилган бўлиб, охир-оқибатда тадбиркорларни синдирмоқда.

Шу сабабли текшириш турлари, уларни ўтказиш тартиби ва асосларини танқидий кўриб чиқиш, назорат органларининг ваколатларини қатъий чеклаш, тадбиркорлар жавобгарлигини либераллаштириш бўйича аниқ чоралар кўриш вақти келди, деб ўйлайман.

Бу муаммоларни эътиборга олиб, яқинда қабул қилинган Фармонга мувофиқ, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, улар фаолиятига ноқонуний аралашувни тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва профилактика самарадорлигини  ошириш сиёсатимизнинг устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинди.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этиб, етказилган зарарни қоплаган тадбиркорлар маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялардан озод қилинади.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазони қўллаш бекор қилинди.

Хорижий инвестициялар иштирокида янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига давлат рўйхатидан ўтган вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилди.

Тадбиркорлик фаолиятига аралашиш, фаолиятни асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги, шунингдек, уларга етказилган зарарни бевосита айбдорлардан ундириш тартиби белгиланди.

Мазкур Фармон билан Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида, Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида, Давлат харидлари тўғрисида ва Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги каби муҳим қонунларни қабул қилиш назарда тутилди.

Олтинчидан, мамлакатимиз иқтисодий қудратининг ўсиши, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга, айниқса, қишлоқ жойларда бунга эришиш – авваламбор, мамлакатимиз ҳудудларининг комплекс ва изчил ривожланишибилан белгиланишини яхши тушунамиз. Бу бизнинг ҳам яқин, ҳам узоқ муддатли истиқболдаги вазифамиздир.

Бугунги кунда 14 та ҳудуддан 5 таси ёки уларнинг 36 фоизи, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари республика бюджетидан субвенция олувчи ҳудудлар қаторига киради.

Бундан ташқари, Жиззах ва Янгиер шаҳарлари ҳамда 167 та тумандан 121 тасида ёки 72 фоизида маҳаллий бюджет даромадлари субвенция ёрдамида шакллантирилмоқда.

Шу муносабат билан Биринчи Президентимиз томонидан тасдиқланган, бир қатор вилоятлар, Тошкент, Қарши, Шаҳрисабз, Термиз, Наманган, Урганч ва Гулистон шаҳарлари, шунингдек, Булунғур ва Нишон туманларининг саноат салоҳияти ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлар ижросини таъминлашимиз зарур;

шу билан бирга, Қорақалпоғистон Рес­публикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари 2017 йилнинг биринчи ярим йилида ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Мамлакатимиз ҳудуд ва минтақаларини замон талаблари асосида тараққий топтириш учун биз аниқ режа ва ҳисоб-китобларга эга бўлишимиз зарур.

Шу мақсадда ҳукуматимизнинг ташаб­буси билан жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида мамлакатимиздаги 182 та шаҳар ва тумандаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилди.

Чуқур таҳлиллар асосида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусият ва имкониятл

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!