Картошканинг 15 шифобахш хусусияти

11:51, 22 октябрь

Картошка — иккинчи нон деган гап бор. Чиндан ҳам, тўйимлилик ва фойдалилик жиҳатдан у жуда беназир маҳсулот. Картошканинг 20-25 фоизи углеводлар (крахмал), 2 фоизи оқсиллар ва 0,3 фоизи ёғлардан таркиб топган. Таркибида кўп миқдорда калий (100 гр. хом картошкада 568 мг), фосфор (50 мг), кальций ва темир моддалари, шунингдек, С, В, В2, В6, В РР, Д, К, Е витаминлари, фолий кислотаси, каротин ва органик моддалар мавжуд.

Фойдали хусусиятлари

  1. Таркибида калий кўп бўлгани учун картошка организмдан ортиқча туз ва сувни ҳайдайди, бу эса модда алмашинувини яхшилайди. Айни сабабга кўра, картошка парҳез пайти жуда фойдали, фақат меъёрни унутмаслик лозим. Чунки жуда калорияли маҳсулот бўлгани учун семизликка мойил одамларга уни камроқ ейиш тавсия этилади.
  2. Терида аллергия сабабли пайдо бўлган доғлар, куйиш жароҳатлари, майда томирлар ёрилиши оқибатида юзага келган кўкаришларни бартараф этиш учун ўша жойни ҳар куни хом картошка бўлаги билан артиш тавсия этилади.
  3. Картошкали ниқоб теридаги чарчоқни бартараф этади. Қайнатиб пиширилган картошкани яхшилаб эзиб, қуюқ бўтқа ҳолига келтирасиз. Озгина сут ва битта тухум сариғи қўшасиз. Аралаштириб, илиқ ҳолда юзга суртасиз ва устида қалинроқ мато ёпиб, 20 дақиқа тепага қараб ётасиз. Аввал илиқ, кейин қайнатиб совутилган сув билан ювиб ташлайсиз. Бу ниқоб терини озиқлантириб, ажинларни йўқотади, юзингизни таранг ва силлиқ қилади.
  4. Картошка шарбатини сабзи, сельдерей илдизи шарбатларига қўшиб истеъмол қилсангиз, овқат ҳазм қилиш яхшиланади ва асабий таранглик йўқолади.
  5. Агар гўшт ва балиқ маҳсулотларини таомномангиздан чиқариб ташлаб, ҳар куни картошка, сабзи, бодринг ва лавлаги шарбатидан умумий ҳисобда 500 мл миқдорида сув билан аралаштирган ҳолда истеъмол қилсангиз, озиш учун тутган парҳезингиз тезроқ самара беради.
  6. Юрак фаолияти издан чиққанда кунига уч маҳал оч қоринга 100 мл картошка шарбатини истеъмол қилсангиз (уч ҳафта давомида), сўнг 1 ҳафта танаффус қилиб, яна шу даволаш курсини такрорласангиз, кўрмагандек бўлиб кетасиз.
  7. Ич қотганда эрталаб оч қоринга 1 стакан хом картошка шарбати ичиш фойдали. Кейин ярим соат ўринда қимирламай ётасиз. Бир соатдан сўнг нонушта қилса бўлади. Муолажани 10 кун кетма-кет такрорласангиз, ич қотиши барҳам топади.
  8. Агар ҳар куни илиқ картошка қайнатмасига 5 дақиқа давомида қўлларингизни солиб турсангиз, териси силлиқ ва майин бўлади. Тирноқларингиз ҳам мустаҳкамланади.
  9. Ҳар куни қуюқ картошка қайнатмасидан ичиб туриш орқали энг кучли замбуруғли касалликларни ҳам енгиш мумкин.
  10. Бронхит хуруж қилганда картошкани пўсти билан қайнатиб олиб, арчиб, эзиб, 1 ош қошиқ ўсимлик мойи ва 2-3 томчи йод қўшасиз. Аралашмани матога ёйиб, илиқ ҳолда кўкрак қафасига қўясиз. 20 дақиқага жункўрпа билан ўраб қўясиз. Буни фақат тунги уйқудан олдин қилиш керак.
  11. Қон босими ошганда газ печида пиширилган картошкани пўсти билан ейиш керак.
  12. Бавосил (геморрой)да хом картошкани қирғичдан чиқариб, шарбати олинади. Тунги уйқудан олдин кичкина тиббий пуркагич (спринцовка) ёрдамида ҳуқна қилинади. Муолажани 10 кун такрорлаш керак. Ёки хом картошкадан кичкина шамча ўйиб олиб, тунги уйқудан олдин орқа тешикка қўйиш ҳам яхши фойда беради.
  13. Камқонлик ва бўқоқда янги сиқиб олинган картошка шарбатидан кунига 2-3 марта овқатланишдан 30 дақиқа олдин ярим стакандан ичиш тавсия этилади. Даволаш 2-3 ҳафта давом этади.
  14. Сўгалларни йўқотиш учун хом картошкани кесиб, кесилган томони билан сўгал ишқаланади. Йирингли яраларни тезроқ тузатиш учун эса хом картошкани қирғичдан чиқариб суртилади. Муолажани ҳар 3 соатда такрорлаш даркор.
  15. Ошқозон ва 12 бармоқ ичак ярасида тозаланган картошкани сирланган идишда тузсиз сувда қайнатилади. Қайнатмани ҳар куни 3 маҳал ярим стакан-бир стакандан ичиб туриш керак.

Эҳтиёт бўлинг!

Кўкариб, гуллай бошлаган эски картошка таркибида заҳарли соланин моддаси бор. Шу сабабли бундай картошканинг пўсти қалинроқ артилиши керак. Ҳеч қачон картошкани сирланмаган ёки мис идишда пиширманг, акс ҳолда у ўз таркибидаги С витаминини кўп йўқотади. Агар картошкани пўсти билан қайнатсангиз, С витамини кўпроқ сақланиб қолади.

ШАҲИНА тайёрлади

 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!