Балиқ маринадлашнинг 4 усули

12:00, 22 октябрь

1. 1 кг.балиқ, битта пиёз, 3 ош қошиқ олма сиркаси, 1 ош қошиқ туз, 1 стакан сув.

Бўлакланган балиқни чуқурроқ идишга солинг. Устидан халқа шаклда тўғралган пиёзни жойланг. Стакандаги сувга туз ва олма сиркасини аралаштириб, балиқ устидан қуйинг. Сўнг целлофан билан ўранг-да, 12 соатга музлатгичга қўйинг.

2. 2 кг.балиқ, биттадан пиёз ва сабзи, 5 дона қора мурч, 1 ош қошиқ туз, 2 чой қошиқ шакар, 2 дона дафна барги, 2 чой қошиқ сирка, шивит.

2 стакан сувга шакар, туз, мурч донаси ҳамда дафна баргини солиб,  қайнатиб олинг. Пиёз ва сабзини думалоқ халқа шаклида кесинг. Тўғралган балиқ устидан пиёз,сабзи ва майдаланган шивитни жойлаб, қайнатмани қуйинг. Сўнг сиркадан сепинг-да, бир кунга қолдиринг.

3. 2 кг.балиқ, ярим боғдан кашнич ва шивит. Соуси учун: ярим стакан ўсимлик ёғи, 2 чой қошиқ сирка, 1 чой қошиқ хантал аралашмаси, 1 чой қошиқдан туз ва шакар.

Ўсимлик ёғига қолган барча масаллиқларни аралаштиринг. Чуқурроқ идишга бўлакланган балиқнинг бир қисмини солиб, устидан тўғралган кўкатлар ҳамда соусдан қуйинг. Шу кетма-кетликда қолган балиқни ҳам жойлаб оласиз. Маринадланган балиқ 4 соат музлатгичга туриши керак.

4. 1,5 кг.балиқ, 2 бўлак саримсоқ, ярим боғ шивит, битта лимон шарбати, 1 ош қошиқ туз.

Бўлакларга ажратилган балиқни патнисга теринг. Устига тўғралган шивит, эзғиланган саримсоқ, туз ва лимон шарбатини қуйиб чиқинг. Шу ҳолича целлофанга ўранг-да, 2 соатга музлатгичга қўйинг.

 

 БИЛИБ ҚЎЙГАН ЯХШИ

  • Агар лахм балиқ қирсиллама пўстли бўлишини истасангиз, қовураётганда унга билаб олинг.
  • Юмшоқ пишиши учун эса 2 дона тухумга, 2  ош қошиқ ун ва тузни аралаштириб, унли масаллиққа балиқ бўлакларини билаб, қовуришингиз мумкин. 
  • Қовурилган балиқни қуруқ қозонга териб, устидан помидор шарбати ва тўғралган кўкатларни солсангиз, соуси ўзидан чиқади. Бу ҳам жуда мазали бўлади.
  • Юқоридаги маринадлаш усулларидан биридан фойдаланиб балиқни зар қоғозга ўранг-да, қиздирилган газ печида пишириб олинг. Бу тариқа парҳезбоп егуликка эга бўласиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!