Тилла ва кумуш тақинчоқлар: қай бирининг организмга таъсири қандай?

12:26, 22 октябрь

Яқин кунларда тилла ёки кумушдан ишланган бирор тақинчоқ харид қилишни режалаштирган бўлсангиз, кўринишию сифатига маҳлиё бўлишдан аввал организмингиз учун қандай таъсир этиши ҳақида ҳам бир ўйлаб кўринг. Зотан, бу иккала металл ҳаммага ҳам бирдек маъқул келавермайди. Демак, хариддан аввал организмингиздаги қайси ҳолатларга эътибор қаратиш кераклиги билан танишинг.

Тортинчоқмисиз? Тилла тақинг!

Тортинчоқ, тез тил топишиб кетолмайдиганларга тилла тақиш тавсия этилади. Қолаверса, мунтазам бирор тилла тақинчоқдан фойдаланганда асаб тизими фаолияти меъёрлашиб, хотира тетиклашаркан. Шунингдек, қуйидаги касалликлар ёки уларга мойиллик бўлса, тилла тақинчоқ тақиш фойдали:

·                   бўғимлар, умуртқа поғонасидаги ўзгаришларда;

·                   юрак-қон томир тизими касалликлари;

·                   пешоб ажратиш тизими хасталиклари;

·                   аёллар жинсий аъзолари касалликлари;

·                   овқат ҳазм қилиш тизими хасталиклари.

Кимларга мумкин эмас?

Асосан аллергик тошмаларга мойиллиги борлар ёки тилла металлига алоҳида таъсирчанлиги бўлганларга тилла тақиш тавсия этилмайди. Агар тилла тақинчоқ сизга тўғри келмаса, тери устки қаватида майда қизил тошмалар пайдо бўлади.

Эркакларга тавсия этилмайди!

Эркаклар учун тилла тақинчоқлар тақиш маън этилганлиги айрим диний адабиётлар келтирилган. Тиббиётда ҳам мунтазам тилла тақинчоқ, дейлик, узук тақиш эркаклардаги жинсий безлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги такидланган. Сабаби мазкур металл вақт ўтиши билан оксидланиб, кимёвий жараёнларга учрайди. Бу эса эркаклар жинсий фаолиятининг издан чиқиши ва пасайишига олиб келиши мумкин. Аёллар организми гормонлар ҳисобига бу каби жараёнларга чидамли бўлади. Шу сабабли оксидланиш ҳолатлари ҳам у қадар хавф солмайди.

Таъсирчанмисиз? Кумуш тақинг!

Кумуш металининг ўзига хос инжиқликлари бор. Яъни кумушдан ишланган тақинчоқлар фақат ўз эгаси учунгина хизмат қилиб, бошқа қўлга ўтишни ёқтирмайди. Кумуш фойдали хусусиятига кўра, организмнинг иммун тизимини мустаҳкамлаб, бактерия ва инфекцияларга чидамлиликни оширади. Шунингдек:

  •  бош оғриқлари;
  • зўриқиш;
  • депрессия;
  • сурункали шамоллаш;
  • асаб қўзғалишларида даволовчи таъсирга эга. Кўп диққатни талаб қилувчи меҳнат фаолияти билан шуғуллансангиз, танангизга хотиржамлик бахш этиш ва асабларингизни тинчлантириш учун албатта кумушдан ишланган тақинчоқ таққан маъқул.

Кимга тавсия этилмайди?

Кумуш тақинчоқ таққанингиздан сўнг тез-тез бошингиз оғриса, енгил бош оғриғи безовта қилса, тушунарсиз ланжлик ва тақинчоқ тақилган соҳада ноаниқ оғриқ кузатилса, билингки, бу металл организмингизга тўғри келмаган. Бу металда инсонни феълига кўра ажратиш хусусияти бор. Агар феълингиз оғир, тажанг бўлсангиз, у сизни хушламайди. Шунингдек, гипертония касаллигига чалинганларга ҳам кумушдан ишланган тақинчоқлар тавсия этилмайди.

Эркакларга-чи?

Умумий қувватни меъёрлаштириш, иммунитетни ошириш ва асабийликни енгишда кумушдан ишланган узуклардан фойдаланиш тавсия этилади. Аммо ҳар бир организмнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, кумуш металига ўта таъсирчанлик мавжуд бўлса, тўғри келмаслиги мумкин.

Кумуш қорайса…

Бу металл таркибида рух моддаси бўлиб, ташқи муҳит, намлик, ҳаво ҳарорати таъсирида баъзан ранги қораяди. Шунингдек, организмда бирор касаллик аломатлари бошланаётганда ҳам кумуш ўз рангини ўзгартириши мумкин. Агар кумуш тақинчоқларингиздан фақат бирининг ранги қорайса, бу гормонал ўзгаришлар (ҳомиладорликда кўп кузатилади), жигар фаолияти, кучли ҳаяжон, стресс ёки кучли таъсирга эга антибиотиклар қабул қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигига аҳамият беринг.

Тилла ва кумушни бирга тақиш мумкинми?

Ҳар бир металлнинг фақат ўзигагина тегишли бўлган биоқуввати бўлиб, улар бирга тақилганда бир-бирига тўғри келмаслиги мумкин. Хусусан, кумуш организмни тинчлантириб, асаб қўзғалишларини меъёрлаштирса, тилла аксинча, фаолликни оширади. Шунга кўра, иккисини бирга тақиш тавсия этилмайди. Йўқса, организмингиз қай бирига мослашишни билмай, турли ҳолатлар келиб чиқиши мумкин.

Тиббиёт фанлари доктори Низом ЭРМАТОВ тавсиялари асосида Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!