“Ўзбекнефтгаз”: Ўзбекистонда ягона автомобиль бензин нархи белгиланди

00:36, 23 октябрь

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бензин нархи оширилганлиги юзасидан расмий маълумот берди. Унда шундай дейилади:

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси шуни маълум қиладики, сўнгги вақтда мамлакaтимиз аҳолисининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал почтаси орқали, шунингдек компаниямиз, Республикамизнинг раҳбар, назорат ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари номига келиб тушган мурожаатларида автобензин таъминотида бўлаётган узилишлар, шу жумладан баъзи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШларда) автобензиннинг устама нарх билан сотилаётганлиги, автобензин олиш учун узундан-узоқ навбатда туришга тўғри келаётганлиги, Тошкент шаҳридаги аксарият АЁҚШларда Аи-80 русумли автобензиннинг 2075 сўмлик нархда, вилоятларда эса асосан тижорат нархида, яъни 3000 сўмлик нархда сотилаётганлиги, автобензиннинг айрим нопок кимсалар томонидан Тошкент шаҳридаги АЁҚШлардан турли йўллар билан олиб бориб бошқа вилоятлар аҳолисига уч минг сўмдан беш минг сўмгача бўлган чайқов нархида сотилаётганлиги ҳақидаги ўринли эътирозларини инобатга олиб ҳамда бундан буён мазкур қонунга ҳилоф ҳолатларга узил-кесил барҳам бериш мақсадида 2016 йил 23 октябрдан барча турдаги автобензин чакана нархлари Республика бўйича бир хил этиб белгиланди.

Ҳурматли ҳамюртлар! Шу муносабат билан “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси Сизлардан ўзларингиз истиқомат қилаётган жойлардаги ёки юртимизнинг ҳар қандай ҳудудидаги АЁҚШларда бундан буён автобензин нархига устама қўйиб сотилаётганлиги ёхуд бошқа нохуш ҳолатлар ҳақида “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компаниясининг ишонч телефонига, “Ўздавнефтгазинспекция”нинг вилоят бошқармалари, жойлардаги тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва нефть базаларнинг ишонч телефонларига хабар қилишингизни ҳамда фаол фуқаролик позициясида туриб, биз билан яқиндан ҳамкорлик қилишингизни сўраймиз!”

Автобензиннинг янги чакана нархлари қуйидагича белгиланди:

  • Аи-80 русумли автобензиннинг 1 литри - 2 800 сўм;
  • Аи-91, Аи-92 ва Аи-93 русумли автобензинларнинг 1 литри – 3 000 сўм;
  • Аи-95 русумли автобензиннинг 1 литри – 3 300 сўм.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!