Алижон Очилов: “Сайловчининг ҳуқуқий маданияти юксак бўлса, овоз беришда фаол қатнашади”

21:15, 23 октябрь

Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида, шу билан бирга, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш котиби Алижон Очилов билан суҳбатимиз сайловчилар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида бўлди.

– Табиийки, сайловнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, сайлов бўйича халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари асосида ўтиши кўп жиҳатдан фуқароларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятига, уларнинг фаоллиги ва фуқаролик бурчини чуқур англашига боғлиқ, – деди А. Очилов. – Демак, сайловчиларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксак бўлса, улар ушбу сиёсий жараёнда онгли равишда ёндашади, ўз овози давлатнинг ва жамиятимиз ҳаёти, мамлакатимиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга эканини тушуниб етади.

2016 йилнинг 7 октябрида Марказий сайлов комиссияси худди шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастурини тасдиқлаган эди. Мазкур дастурда аҳоли ўртасида миллий сайлов тизими, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун, ушбу қонунга кейинги йилларда киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов масалаларини тартибга солувчи қарорлари мазмун-моҳияти ҳамда сайловчиларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва эркинликларини кенг тушунтириш ишларини олиб боришга қаратилган чора-тадбирлар кўзда тутилгани билан аҳамиятлидир.

– Дастурни ҳаётга татбиқ этиш доирасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

– Шу кунларда ушбу дастурда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, сайловга оид 16 та оммабоп рисола тайёрланди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги қонунлари” тўплами чоп этилиб, жойларга етказилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирга қадар жойларда 5000дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди. Уларнинг аксарияти учрашув, давра суҳбати ва семинар шаклида амалга оширилгани учун ҳам сайловчилар билан юзма-юз гаплашиш имкониятини яратди. Масалан, шу йилнинг 21 октябрида Тошкент шаҳрида Марказий сайлов комиссияси ҳамда Адлия вазирлиги ҳамкорлигида сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик мавзусига бағишланган амалий семинар ўтказилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, хорижий мамлакатларда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнига бўлган қизиқиш кундан-кунга ортиб бормоқда. Буни чет эллардаги оммавий ахборот воситаларида 600 дан ортиқ мақола ва материал эълон қилингани ҳам тасдиқлаб турибди.

Маълумки, мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оиладек яшаб келишмоқда. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, “Ягона оилада – В семье единой” шиори остида Ўзбекистон фуқаролари миллати, динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканини, миллатлараро тотувлик жамиятдаги барқарорликнинг бош омили бўлаётгани тушунтиришга қаратилган учрашувлар, ОАВда чиқишлар ҳам ташкил этилмоқда.

Масалан, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида ҳар ҳафтанинг жума кунлари “Дидар”, “Рангинкамон, “Наўпир”, “Чинсен” (қозоқ, тожик, қорақалпоқ ва корейс тилларида), чоршанба кунлари (ойда икки маротаба) “Ягона оилада”, “Ўзбекистон – умумий уйимиз” кўрсатувлари, сешанба кунлари эса миллий-маданий марказлар фаолияти хақида радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда.

Дастур асосида хотин-қизлар, нуронийлар, имконияти чекланган шахслар, ёшлар, шу жумладан, биринчи маротаба овоз берувчи фуқаролар ўртасида ҳам самарали тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил этилмоқда.

– Маълумки, жорий йилги сайловда биринчи марта овоз берадиган йигит-қизларимиз ҳам кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг сайлов ҳақида билимларини ошириш бўйича қандай ишлар олиб бориляпти?

– Ҳақиқатан ҳам, сайлов кунига қадар 18 ёшга тўлиб, овоз беришда қатнашиш бахтига муяссар бўлган ёшларимиз сони кўпчиликни ташкил қилади. Шу маънода, сайловда биринчи марта қатнашаётган йигит-қизларнинг сайловга оид билимларини юксалтириш масаласига бу борадаги устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидаги ахборот ва мураббийлик соатларида, маънавият кунларида ўқувчи ва талабаларга сайловга оид қонун ҳужжатлари, сайловда овоз бериш қоидалари тушунтирилмоқда.

Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун Президент сайловининг ҳуқуқий асосларини ўрганиш юзасидан 4 соатга мўлжалланган махсус курс ўқув дастури тайёрланди. У асосида 1637 та таълим муассасасидаги ўқув дастурларига “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари” мавзусида машғулотлар олиб борилмоқда.

Юқоридаги дастур асосида яқин кунлар ичида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигида ёшлар учун “Менинг овозим – Ватаним келажаги”, аҳолининг сайлов жараёнидан хабардорлик даражасини янада ошириш учун “Мен шахсан ўзим овоз бераман”; “Бизнинг оиламизда ҳар биримиз ўз овозимизга эгамиз”, “Сайловчилар рўйхатида бормисиз?” каби акциялар ўтказиш режалаштирилган.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури доирасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, юқорида таъкидланганидек, Президент сайловининг Конституция ва қонунларимиз, сайлов бўйича халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари асосида ўтишига хизмат қилади.

Республика матбуот маркази ходими

Заурбек Асланов суҳбатлашди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!